Суюнчи ёки улуғ шоир билан қисқа ва унутилмас учрашув
Ҳозиргидек эсимда. 2000-йилнинг ёз ойлари эди. ИИВ Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати ходимларни тарбиялаш, ижтимоий ҳимоя қилиш бўлимида инспектор лавозимида лейтенант унвонида хизмат қилардим.
Бир куни устозим, полковник Ўткир Жўраев мени хоналарига чақирдилар. Кирсам, биз севган таниқли шоир Муҳаммад Юсуф билан гаплашиб ўтирган эканлар. Марҳум Ўткир ака шеъриятни жуда яхши кўрардилар, ўзлари ҳам доим бўш вақтларида ижод қилганлари учун атрофларида шоирлар, хонандалар бўларди. Ўшанда Ўткир Пармонович менга Муҳаммад Юсуфнинг бир шеърини компъютерда теришда ёрдам беришим кераклигини айтдилар. Бирпасда шеър тайёр бўлди.
Қисқа фурсат ичида шундай бир ажойиб ижод маҳсули яралдики, мен шунда ижодкорнинг буюклигига яна бир бор қойил қолгандим. Кейинчалик шеърга оҳанг ва жило берган қўшиқ Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Хайдаров ижросида республика кўрик-танловида янгради.
...Ўша куни Муҳаммад Юсуф шошилиб турган эканлар, сабабини сўраганимда ички бир ҳаяжон билан:
– Бугун набиралик бўлдим! Биринчи суюнчини эса, мана, сиз бердингиз! – дея ҳазиллашиб, шеър битилган қоғозга ишора қилдилар...
Бернора САДИКОВА,
полковник.
