Маънавият ва маърифат дарси
Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбобининг бетакрор ижодий мероси абадиятга дахлдордир. Унинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ўрни ва аҳамияти инобатга олиниб, 2020 йил 2 декабрда Ўзбекистон Қаҳрамони ва Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.
Ўқувчи бўлиб эсини таниган борки, шоирнинг она Ватан, юрт ҳақидаги бир-биридан жўшқин шеърларини ёд олган, уларни завқу шавқ билан, айрича ҳаяжон билан баралла айтган. Абдулла Орипов шеърларини ўқир экансиз, юрт сарҳадлари, саҳролари, боғларию адирлари, унда яшовчи содда, самимий, камсуқум одамлари кўз олдингизда гавдаланади. Шоир ўз фалсафаси билан қалбингизга меҳнаткаш халққа, азиз Ватанга бўлган чексиз меҳрни жойлаб қўйганини сезмай қоласиз.
Истеъдод тасодифий жараён эмас. Истеъдод тинимсиз меҳнат, изланиш, интилиш, уқмоқ ва ўқимоқдир. Қашқадарёнинг кўз илғамас кенгликларида таваллуд топган шоирнинг қўлига лолақизғалдоқларга тўла адирлар гўзаллиги қалам тутқазгани рост. Эсини таниб, қўлига китоб олиб, фикри тиниқлаша бошлагач, билдики, Ватан жуда улкан сарҳад, бироқ унинг ҳоли забун экан. Шундан шоир «Ўзбекистон» шеърида шундай аламнок сатрларни битади:
Кеч куз эди,
мен сени кўрдим,
Деразамдан боқарди
биров.
У сен эдинг,
о, деҳқон юртим,
Турар эдинг ялангтўш,
яёв.
Билдики, ўқиса, юртига нафи тегар экан. Интилса, Ватан саодатига ҳисса қўшар экан. Шу сабаб Абдулла Орипов Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом сингари буюк сўз усталарини устоз деб билди. Талабалик йилларида ёзган «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман, Ўзбекистонни» каби шеърлари уни ижод аҳлига танитди. Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғуломларнинг эътиборига тушди.
1963 йилда ҳозирги Миллий университетнинг филология факултети журналистика бўлимини тугатган шоир «Ёш гвардия», Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир, «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, масъул котиб бўлиб ишлайди. Сўнгра анча йиллар Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида фаолият юритди. Абдулла Орипов қаерда, қайси лавозимда ишламасин, ижод қилишдан, Ватани ва халқини, юртининг гўзаллигини мадҳ этишдан толмади. «Жаннатга йўл», «Соҳибқирон», «Ранжком», «Табиб ва ўлим» сингари бадиий салмоқдор достонлар яратди.
Айниқса, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, янгича шиддат ва бахтиёрлик билан куйлай бошлади. Шоирнинг «Изҳор» шеърида шундай сатрларни ўқиймиз:
Юртим, фақат сенинг
қўлингдан тутиб,
Болангдай эргашиб
кета олсам, бас.
Сен пири комилсан,
мен сенга муҳиб,
Сени танимаган
мени ҳам билмас.
Бу вақтга келиб, Абдулла Ориповни нафақат ўз юртида, балки хорижда ҳам таний бошлашган, Қайсин Қулиев, Расул Ҳамзатов каби ўз даврининг энг етук ижодкорлари эътирофига ҳам сазовор бўлган эди. Италиялик шоир Данте Алигери қаламига мансуб «Илоҳий комедия»нинг «Дўзах» қисмини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган шоир 2015 йилда Италия Президенти Сержо Матарелланинг таклифига биноан, «Италия юлдузи» ордени билан тақдирланади.
Абдулла Орипов сермаҳсул ижодкор эди. У шеъриятнинг деярли барча турларида муваффақият билан ижод қилиш баробарида, таржима билан ҳам шуғулланди. Бугунги кунда А. Пушкин,
Н. Некрасов, Т. Шевченко, Л. Украинка, Қ. Қулиев, М. Байжиев,
Р. Ҳамзатовларнинг шеърларини ўзбек тилида ўқишимизда улуғ шоиримизнинг ҳиссаси катта. Ўз навбатида қардош халқлар ижодкорлари ҳам унинг шеърларини рус, инглиз, болгар, турк, украин, туркман, озарбайжон каби кўплаб хорижий тилларга таржима қилишди. 2007 йил Абдулла Орипов жаҳон маданиятининг хазинасига ижодий ҳисса қўшганлиги учун юқори даражадаги «WИПО Cреативитй Аwард» олтин медалига сазовор бўлди.
«Ўзбекистон», «Юртим шамоли», «Юзма-юз», «Йиллар армони» каби китобларида юртимизнинг мустақилликкача бўлган даврини куйлаган шоир юртдошларининг муаммоларга тўла ҳаётини, қийин аҳволини, замона зулмини, истиқлол ҳақидаги орзуларини шеърга солади. Бу шеърларда нафақат дард, балки орзу-истаклар қатига жойланган етук фалсафа ҳам жамулжам эди.
Шоирнинг «Ҳаж дафтари» китобидаги шеърлар орифона йўлда ёзилган бўлса, «Шоир юраги», «Эзгулик» каби китобларида лирик шеърият уфқлари кенгайганига гувоҳ бўласиз. 1990 йилларда ёзилган шеърларидаги олға сурилган маънавий муаммолар мустақиллик даврида долзарб аҳамият касб этди. Бу шеърлар ва достонлар шоирнинг ўз давридан анча илгарилаб кетганини кўрсатди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид таъкидлаганидек, «устоз Абдулла Орипов ижодини она юрт, Ватан тушунчаларидан айро ҳолда тасаввур қилиш асло мумкин эмас. Таъбир жоиз бўлса, меҳр-муҳаббат ва ҳикматга тўла бу ижодни шеъриятдаги Ватан, Ватандаги шеърият деб таърифламоқ ўринлидир».
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни муаллифи, ХХ асрнинг иккинчи ярми ўзбек адабиётининг энг ёрқин намуналарини яратган, ҳар сатридан она Ватан ифорлари уфуриб турган, ҳар сўзи ҳақиқат билан йўғрилган, халқона шеърлари ва фалсафий фикрлари билан чин маънода миллат шоирига айланган Абдулла Орипов ҳар қанча эъзозга лойиқ буюк зотдир.
Гули Нигор АВАЗОВА,
«Постда» мухбири.
