ИККИ ҚАТОР Шеърнинг БАҲОСИ


Алишер Навоийнинг кўпгина асарлари ўз тарихига эга. Айримларининг яратилиши тарихи ёзма манбаларда аниқ далиллар келтирилган бўлса, бошқалари ҳақида ҳатто турли ривоят ва ҳикоятлар ҳам тарқалган.

Айрим ғазалларнинг яратилиш даври хусусида Навоийнинг тадқиқотчилар, адабиёт ихлосмандлари ўртасида анчадан бери баҳслар давом этиб келади. Ана шундай ғазаллардан бири Алишер Навоийнинг:

  Кўкрагимдур субҳнинг пероҳанидин чокроқ,

  Кипригим шабнам тўкулган сабзадин намнокроқ.

— матлаи билан бошланади. Алишер Навоий ҳақида халқ афсоналарини ўзида жамлаган “Эл деса Навоийни…” тўпламида худди шу ҳақдаги ривоят ҳам келтириб ўтилган.

Кўпгина адабиёцҳунослар ушбу байт билан бошланувчи ғазалнинг матлаини Самарқандда, бир тиланчидан эшитиб қолгани, кейинчалик орадан ўн йиллар ўтиб, уни сотиб олгани ҳақида маълумот беришади.

Маълумотларга кўра, 1465-1469-йилларда Алишер Навоий Самарқандда яшаган, шу ерда ўқиб ижод қилган. Худди шу даврларда Алишер Навоий Самарқандда бир дарвешнинг тилидан юқоридаги байтни эшитиб қолгани ҳақидаги бир ривоят юзага келган.

    РИВОЯТ Қилишларича…


Алишер Навоий Самарқандда таҳсил олаётган йилларда Самарқанд бозорида бир дарвеш ана шу байтни куйлаб, тиланчилик қилиб юрганини кўради. Бу байт Навоийга жуда ҳам маъқул бўлади. Дарвешни холироқ жойда учратиб, ушбу байтни сотишни сўрайди.

Бироқ бу пайтда Навоийнинг шоирга берадиган бир нечта ақчаси ва эгнидаги тўнидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди. Дарвеш унга бу байтни куйлаб қирқ йилдан бери оила тебратишини айтади. Навоий бу ғазалнинг муаллифи билан қизиқади. Маълум бўлишича, дарвеш бу ғазални отасидан ёд олган бўлиб, муаллифи ким эканлигини билмас экан. Навоий ноумид бўлиб, ҳужрасига қайтади.

Бу орада Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтини эгаллаб, дўстини Ҳиротга таклиф этади. Навоий Султон Ҳусайннинг салтанатида юқори лавозимни эгаллайди. Орадан ўн йилдан кўпроқ ўтгандан сўнг Навоий давлат ишлари билан Самарқандга йўли тушиб, қадрдонлариникида меҳмон бўлади. Бир суҳбатда Навоий ўша байт ва унинг соҳибини эслайди. Ҳамсуҳбатлар Навоийга дарвешнинг ниҳоятда кексайиб, энди бозорма-бозор, растама-раста кезиб юролмай қолганлиги, бир ерда мункайиб ўтирганича пичирлаб, тиланаётганидан дарак беришади. Навоий ўша дарвешни излаб топади ва аввалги тилагини эслатади.

Шунда дарвеш байтни битта яхши ҳовли-жой, битта тегирмон ва бир эшакка алмашишини айтади. Навоий чолнинг шартига кўнади. Унга айтганларини олиб беради. Байт эса унинг шахсий мулки бўлиб қолади. Шундан кейингина унга дадил қўл уриб, байтни мукаммал ғазал ҳолига келтиради.

Навоийнинг бошқа ғазаллари қатори бу ҳам ўз вақтида мухлисларига етиб боради, ҳофизлар уни куйга солиб куйладилар, бу куй Навоийнинг ғазали билан асрлар оша бизнинг давримизга етиб келди.


  “МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ”НИНГ МУМТОЗ Кўриниши


Бу бир қарашда муболағага ўхшаб кўриниши ҳам мумкин. Умри давомида 100 минг байтдан кўра кўпроқ бадиий мерос қолдирган буюк шоир, наҳотки, бировнинг бир байти учун шу қадар жон куйдирган, унинг учун жуда катта харажат қилган бўлса?

Албатта, бу ўринда муболаға ҳам бўлиши мумкин. Лекин ҳақиқат шуки, Навоий чиндан ҳам Самарқандда анча пайт яшаган, шу ердаги шоирлар, олимлар суҳбатидан баҳраманд бўлган, бу ерда дилбар шеърлар битган. Бундан ташқари, Навоий ўзидан аввал яшаб ўтган ва замондош шоирларнинг гўзал мисраларига юқори баҳо берган. Истеъдод эгаларини топиб, уларни ҳар тарафлама рағбатлантирган.

Юқоридаги ғазал ҳам ошиқнинг руҳий аҳволи гўзал ташбеҳлар билан ифодаланган нафис ижод намуналаридан биридир. Юқоридаги ҳолатда эҳтимол, Навоий фақат байтнинг гўзаллиги, нафислиги туфайли эмас, умрини шу байтни айтиб, оила боқиб ўтказган бир тиланчига яхшилик қилиш, умрининг қолган қисмини ўз уйида, фароғатда ўтказишини истагани учун ҳам байтни шу қиммат нархга сотиб олгандир?

Қолаверса, бу ривоят замонавий тилда “муаллифлик ҳуқуқи”, “плагиатликка қарши кураш” сингари тушунчалар Навоий даврида ҳам мавжуд бўлгани, хусусан Навоийнинг ўзи ҳам бошқаларнинг ижодига катта ҳурмат билан қараганини кўрсатади.


    ҲАҚИҚАТГА Қанчалар Яқин?


Афсуски, юқоридаги ривоятнинг бирор тарихий манбадаги талқинини учратмадик. Ривоят илк бор, ўтган асрнинг 60-йилларида фолъклор тўпламларида чоп этилган.

Ривоятдаги фактларни таҳлил қиладиган бўлсак, Навоий Ҳиротга қайтганидан сўнг орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтганидан кейин, яъни “тиланчи билан ҳисоб-китоб қилинганидан сўнг” битилган. Демак, ушбу ғазал 1489-йилда тўлиқ, бугун биз билган ҳолда келган бўлиши керак эди.

Лекин Алишер Навоийнинг 1471-йилда темурийларга қўшни оққўюнлилар давлатида кўчирилган девонида ушбу ғазал тўлиқ кўринишда учрайди. Қолаверса, тарихий манбаларда Навоий Ҳиротдан қайтганидан сўнг яна Самарқандга келгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Яна бир қизиқ маълумот шундаки, тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асарида эса, ушбу байт Навоийнинг яқин мулозимларидан Мавлоно Соҳибдородан сотиб олинганига ишора қилинади.


Нима бўлган тақдирда бу ғазал Навоий ижодига мансуб энг гўзал шеърлардан бири саналади.


Рустам Жабборов тайёрлади.