Маънавият ва маърифат дарси

Соҳибқирон Амир Темур буюк саркарда, закий давлат арбоби бўлиш билан бирга, замонасининг беназир даҳоси, улкан қобилият ва истеъдод эгаси ҳамда илм-фан ва маданиятнинг ҳомийси эди.

У ёшлик чоғлариданоқ, шарқ тарихи, фалсафа, адабиёт ва санъат, ислом дини ва унинг одоб-ахлоққа оид муқаддас таълимотига мустаҳкам эътиқод билан қараган. Шу билан бирга, ҳандаса, фалакиёт, мантиқ, фиқҳ, илоҳиёт, тарих, жуғрофия ва тиббиёт илмларини пухта ўзлаштирган. Шунингдек, ўз замонасининг расмий уч тили, яъни, турк, форс ва арабчани мукаммал билган. Соҳибқироннинг шижоатли руҳида илм ва унинг аҳлига ҳурмат-у эъзоз кучли бўлган.

Буюк бобокалонимизнинг нақшбандия тариқатининг асосчиси Хожа Баҳоуддин ва у яратган таълимотга ихлоси баланд эди. Шу боис у Хожа Шамсуддин Кулол, Мавлоно Зайнуддин Абу Бакр Тойбодий, Саййид Амир Кулол ва Мир Саййид Барака сингари улуғ диний алломаларни ўзига пир деб билган, уларнинг маънавий-руҳий мададларидан, таълимотларидан доимо мислсиз куч-қувват олиб келган.

Амир Темур уламо ва фозилларга иззат-икром кўрсатиб, бошқалардан устун ва улуғ, деб санаган. Диний арбоблар, уламо ва шайхлар билан мазмунли баҳслар юритган, мартабаларини ҳар доим ошириб, совға-саломлар ҳадя этиб келган.

Ислом динини, шариат қонун-қоидаларини хурофот, бидъат, мутаассиблик, жоҳиллик, разолат, шаккоклик, диёнацизлик каби иллатлардан астойдил ҳимоя қилган. Улуғ аждодимиз диний илмлар билан бирга, дунёвий илмларни ҳам пухта ўзлаштирди. Илм-фан ва маданиятнинг у хабардор бўлмаган бирон-бир соҳаси бўлмаганлигига унинг кенг қамровли, мазмунан ниҳоятда чуқур «Темур тузуклари» ҳам мисол бўла олади.

Энг муҳими, Амир Темур буюклигининг замирида унинг маънавий сифатлари ётади. Соҳиб­қирон бобомизнинг маънавий, диний-ахлоқий, ижтимоий-фалсафий қарашлари марказида ислом таълимоти, Қуръони карим, Ҳадиси шариф, тавҳид, тафсир, фиқҳ, тасаввуф илми ва фалсафаси турганлиги айни ҳақиқатдир.

Шунингдек, у ўз миллати маданияти, тарихи, урф-одатлари, анъаналари, миллий қадриятларини чуқур билганлиги ва астойдил ҳурмат қилганлиги ҳақида аниқ маълумотлар келтирилган. Айниқса, қадимий Турон ва Туркистон халқлари давлатчилиги масаласида кенг билим ва маълумотларга эга саналган. Шу сабабли ҳам буюк ватандо­шимиз мислсиз ёрқин тарихий шахс сифатида ўзини тарбиялаган, ўзига маънавий озиқ берган, улкан ишларга чорлаган эл-юртининг илмий-фалсафий таълимотларига катта қизиқиш билан қараган. Шарқ донишмандлари ҳисобланмиш Ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби улуғ мутафаккирларнинг табиий-илмий, ижтимоий-сиёсий, фалсафий таълимотларидан тўлиқ хабардорлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.

Соҳибқирон Шарқона анъ­аналарга содиқ қолиб, доимо олимлар, файласуфлар, табиблар, мунажжимлар, муҳаддислар, ҳокимлар, амирлар, вазирлар, машҳур ва таниқли санъат усталари, турфа касб эгалари билан кенгашиб, уларнинг маслаҳатларини олиб, иш юритган.

Олим-у фузалолар, диний уламо ва алломалар бошини доимо силаб турганлиги боис, фирдавсмонанд пойтахт Самарқанд жаҳон илм-фани ва маданиятининг гултожи ҳисобланган файласуфлар, фиқҳшунослар, тарихчилар, мусиқашунослар, мунажжимлар, муҳаддислар, мутасаввуфлар маскани ҳисобланган. Мавлоно Абдумалик, Саййид Шариф Журжоний, Ҳожи Муҳаммад Зоҳид Бухорий, Мавлоно Аҳмад, Низомиддин Шомий, Ҳофизи Абру, Ибн Арабшоҳ, Саъдиддин бин Умар Тафтазоний ва бошқа алломалар Амир Темур раҳнамолигида унумли ижод қилиб, илм-фан ва маданият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган. Мазкур далиллар Амир Темурнинг дунё­қараши, дин, одоб-ахлоқ, маданият, маънавият, маърифат ҳақидаги фикр ва мулоҳазалари асоссиз пайдо бўлмаганлигидан дарак беради.

Шахсан Амир Темурнинг ўзи одоб-ахлоқ, иймон-эътиқод, таълим-тарбия, маданият, маънавият ва маърифат бобида юксакликка, мукаммалликка эришган сиймолардан бири саналади. Унинг салтанати юксак маънавият ва олий даражадаги маданиятга йўғрилган салтанат эди. Маънавият ва маърифат, дин, одоб-ахлоқ ҳақидаги Амир Темур таълимотининг моҳиятини чуқур ва мукаммал билиб олиш учун унинг ўзи томонидан яратилган одоб-ахлоққа оид дастурлар, панд-насиҳатларни ҳамда бошқа олимларнинг у ҳақда ёзган асарларини кўздан кечириш кифоядир. «Темур тузуклари», «Амир Темур ўгитлари», «Амир Темур васияти», Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Ибн Арабшоҳнинг «Амир Темур тарихи», Салоҳиддин Тошкандийнинг «Темурнома»,

Б. Аҳмедовнинг «Тарихдан сабоқлар» ва «Амир Темур», Евгений Березиковнинг «Буюк Темур», Ашраф Аҳмедовнинг соҳибқирон таржимайи ҳолига оид асарлари ва бошқалар шулар жумласидандир.

Соҳибқироннинг маънавият ва маърифат ҳақидаги таълимоти асослари, мураккаб ва серқирра ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти унинг «Таржимайи ҳоли»да ва «Тузуклари»да чуқур баён этилган. Амир Темурнинг инсонпарварлиги, миллацеварлиги, маънавият ва маърифатнинг жонкуяр ҳомийси сифатидаги инсоний фазилатлари унинг фарзандларига қолдирган васият сўзларида янада яққолроқ намоён бўлган.

Маърифат ва маънавият ҳомийси – Амир Темур софдил кишилар, олим ва фозилларга даргоҳи очиқ бўлган, нафси ёмон, кўнгли бузуқ кимсаларни эса ўзига яқинлаштирмаган. Ҳар кимнинг қадр-қимматини амалий фаолияти, одоб-ахлоқи, иймон эътиқодига қараб ўлчаган. Шу тариқа, соҳибқирон бобомиз адолат, қадр-қиммат, ор-номус, бурч, масъулият, виждон, иймон-эътиқод, ҳалоллик, фидойилик сингари маънавий-ахлоқий қадриятлар ҳақида неча-неча авлод-у аждодларга дастур ва йўл-йўриқ бўлиб хизмат қиладиган таълимотлар яратган ва ҳаётга шахсан ўзи жорий этган.

Шундай қилиб, Амир Темурнинг ибратли, ҳаётий панд-насиҳатлари ва пурмаъно ўгитларининг ҳар бири мазмун ва маъно кенглиги, мантиқнинг кучлилиги, теранлиги, таъсири, умуминсоний қадриятлар асосига қурилганлиги билан алоҳида ўрин тутади. Уларни улкан хазина, одоб-ахлоққа оид дастурлар дея оламиз. 

Шу боис улар халқларни бир мақсад сари бирлаштирган, жипслаштирган, муваффақиятларга эриштирган, сеҳрли тарбиявий кучга эга бўлган дурдона хазинадир. Бу улкан маънавият ва маърифат бўстони буюк Темурнинг мамлакатда тинч­лик-осойишталик ўрнатиш, фан ва маданиятни ривож­лантириш, халқлар ўртасида бузилмас дўстлик, меҳр-шафқат, одамийлик ва ахлоқ-одобни тарбиялашда мустаҳкам пойдевор сифатида яратилган.