Аёл – меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик тимсоли. Юртимизда аёллар азалдан улуғлаб, ҳамиша ардоқлаб-асраб келинган. Зотан, ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қиз­ларга бўлган муносабати, ғамхўрлиги билан белгиланади.

Сўнгги йилларда хотин-қиз­ларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимо­ялаш, банд­лигини таъминлаш, опа-сингилларимиз ўртасида ишбилармонлик, тадбиркорлик муҳитини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қа­рийб ярмини ташкил этадиган аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бандлигини таъминлаш, истеъдоди ҳамда қобилиятини юзага чиқа­риш, гендер тенгликка эришиш борасида изчил ишлар амалга ошириб келинмоқда. Аввало, хотин-қизларни барча жабҳаларда қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий база яратилди. Жумладан, аёллар ҳуқуқлари ҳимоясини тубдан кучайти­риш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, таълим олиши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун кенг имконият яратишга қаратилган 4 та қонун, давлатимиз раҳбарининг 10 га яқин фармон ва қарор­лари, Вазирлар Маҳкамасининг 

14 та қарори қабул қилинди. Қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилиниб, миллий қонунчилигимиз асослари такомиллаштирилди. Янгиланган Конституциямизда эса хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, хотин-қизлар ҳамда эркакларга давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва бошқарув ҳаёти­нинг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиб берилиши белгилаб қўйилди. 

Худди шунингдек, хотин-қиз­ларнинг сиёсий ҳаётдаги фаоллигини оширишга эътибор қаратилиб, Сайлов кодексига депу­татликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сони­нинг 30 фоизидан 40 фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгарти­ришлар киритилгани ҳам эътиборга моликдир.

Сўнгги йилларда хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилди. Биргина «Аёллар дафтари» бўйича катта миқдордаги маблағлар ажратилиб, минглаб хотин-қизларни қийнаб келаётган муаммоларга барҳам бериляпти. Минглаб опа-сингилларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга, тадбиркорликка ўқитилмоқда, уларга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. 

Маърифатпарвар боболаримиз бежиз «Оналарни ўқицак, миллатни ўқитган бўламиз» деган фикр билан ўзбек аёлларининг билимли, илмли бўлиши йўлида жон куйдирмаган. Ҳозирги кунда қизларимизнинг олий таълим олиши, замонавий касб-ҳунар ва технологияларни, хорижий тилларни эгаллашига катта аҳамият берилмоқда. Бошқача айтганда, билим оламан, касб-ҳунар эгаллайман, илм-фан билан шуғулланаман, деган хотин-қизлар учун кенг имкониятлар бор. Уларга махсус квоталар ажратилган, шартнома тўловлари давлат бюджетидан қопланмоқда, имтиёзли кредитлар тақдим этил­япти.

Бундай ғамхўрлик қизла­римизда билим олишга бўлган рағбатни, келажакда жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишга бўлган саъй-ҳаракатни кучайтириб юборди. Агар бундан 6 йил олдин олий таълим муассасаларида 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги вақтда бу рақам қарийб 5 баробарга кўпайди. Бу мисли кўрилмаган натижа, албатта. Қолаверса, 

охирги етти йилда 5 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар фан доктори (Дсc) ва ўз соҳалари бўйича фалсафа доктори (Пҳд) илмий даражасини муваффақиятли ҳимоя қилгани ҳам қувонарлидир. 

Умуман олганда, ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки кенгайиб, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва роли тобора ошиб бормоқ­да. Хусусан, хотин-қизлар­нинг давлат бошқарувидаги улуши 2017-йилдаги 

27 фоиздан 35 фоизга етгани, айниқса, аҳамиятли. Парламент фаолиятида эса уларнинг улуши 

32 фоизга етди. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тавсияларига тўла мос келади. Шу билан бирга, сўнгги беш йил ичида юртимизда тадбиркор аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 

205 минг нафардан ошди. 

Бошқа кўплаб соҳалар­даги каби, мамлакатимиз ички ишлар органларида ҳам кўплаб фидойи хотин-қиз ходималар хиз­мат қилмоқда. Улар орасида юрт тинчлиги ва халқ осо­йишталигини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизматлари туфайли давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган, турли халқаро спорт мусобақаларида, нуфузли кўрик-танловларда ғолиб чиққан, умуман, хизматда ва ҳаётда улкан муваффақиятларга эришганлари бисёр. Эркаклар билан елкама-елка, бир сафда туриб хиз­мат қилаётган ана шундай опа-сингилларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Хуллас, бугун фермерлик ҳаракати дейсизми ёки бизнес, илм-фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳаларини оласизми, биронтасини аёлларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Мамлакатимизда хотин-қиз­ларни қўллаб-қувватлаш, улар­нинг жамиятдаги роли ва нуфузи­ни ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда. Масалан, Жаҳон банкининг ўтган йили эълон қилинган «Аёллар, бизнес ва қонун» номли йиллик ҳисоботида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди. 190 та давлатдаги ҳолат 10 та кўрсаткич бўйича баҳоланган мазкур индексда мамлакатимизда, айниқса, меҳнат муносабатлари ва оиладаги зўравонликка қарши кураш соҳасида амалга 

оширилган ислоҳотлар муваффақиятли деб топилган. 

Турли соҳа ва тармоқларда фидокорона хизмат қилаётган аёлларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш давлатимизнинг доимий эътиборида. Мустақиллик йилларида Ватанимиз ва халқимиз олдидаги муносиб хизматлари учун аёлларимиздан 17 нафари энг олий мукофот – «Ўзбекис­тон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди. Қолаверса, 

11 нафар аёл фан соҳасидаги энг юксак даражага, яъни академик унвонига сазовор бўлганини, минглаб хотин-қиз­ларимиз давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирлаб келинаётганини эл-юртимизнинг уларга нисбатан юксак эҳтироми ифодаси сифатида баҳолаш жоиз. 

Бинобарин, Президентимиз таъбири билан айтганда, «Қадр аёлдан бошланса, қадримиз янада баланд бўлади!». 

Камол ОЛЛОЁРОВ,

ўз мухбирмиз.