Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қобилиятларини юзага чиқаришлари учун зарур шарт-шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, сўнгги йилларда уларга эътибор янада кучаймоқда.
Ҳозирги пайтда жамият ҳаётининг ҳеч бир соҳасини хотин-қизларсиз тасаввур қилиш қийин. Улар давлат ва жамоат ташкилотларида, сиёсий партияларда фаолият кўрсатишяпти. Тадбиркорлик бобида анча-мунча эркакларни ортда қолдиришмоқда. Илм-фан, санъат, спорт соҳаларини-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Аёллар орасида «Ўзбекистон Қаҳрамони» деган юксак унвонга сазовор бўлганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Улар янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида эркаклар билан баб-баравар фидойилик билан меҳнат қилишмоқда.
Бир қарашда нозикниҳол кўринган аёлларимиз ўз елкаларига Ватан ҳимояси, ҳуқуқ-тартибот муҳофазасидек машаққатли масъулиятни олишдан ҳам чўчишмаяпти. Масалан, ички ишлар органларининг деярли барча соҳавий хизматларида уларни учратиш мумкин. Тизимда фаолияти давомида эришган ютуқлари учун давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган хотин-қизлар талайгина.
Лекин уларнинг жамият олдидаги энг буюк хизмати, энг улуғ мартабаси оналигидир. Аёллар фарзандни дунёга келтириш учун икки йўл: ҳаёт ва ўлим орасида туришади. Қолаверса, бир парча этни вояга етказгунча қанча машаққат чекишади. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам онага яхшилик қилишга кўп бора буюрганлар. Зотан, пайғамбарларни ҳам, не-не даҳоларни ҳам ОНА туғиб, тарбиялаган. Бахз ибн Ҳакимдан шундай ривоят қилинади:
«Ё Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Онангга», – дедилар.
«Сўнгра кимга?» – дедим.
«Онангга»,– дедилар.
«Сўнгра кимга?»– дедим.
«Онангга»,– дедилар.
«Сўнгра кимга?» – дедим.
«Отангга ва сўнг яқин бўлган қариндошларингга»,– дедилар».
Фарзанднинг келажакда қандай инсон бўлиб вояга етиши кўп жиҳатдан унга болалигида онаси берган таълим-у тарбияга боғлиқ. Шундай экан, давлат, жамият ўзининг келажаги ҳақида қайғурса, биринчи галда хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиши лозим. Зеро, келажак аёллардан бошланади.
Улуғ шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов бу улуғ, мўтабар зотни таъриф-у тавсифлаб, шундай пурмаъно сатрларни битган эди:
Мен шарқлик одамман,
Аёл деган сўз
Менга ҳаёт билан баробар калом.
Оҳ, аёл хўрлигин кўрсатма ҳаргиз,
Ҳаргиз бад бўлмагай аёл деган ном.
Инсон атаб бўлмас ҳеч бир, ҳеч маҳал
Аёлни танимас такаббур бошни.
Ундайин юлдузнинг сўнгани афзал,
Агар тан олмаса сендай қуёшни.
Аёл чеҳрасида кўрсанг табассум,
Билки, замона тинч, осойиш олам.
Аёлга тиласанг гар толе маъсум,
Дунёни оловдан асра, эй Одам!
Эътибор берган бўлсангиз, «аёл» сўзи «ҳаёт» сўзи билан уйқаш, оҳангдош. Бу бежиз эмас. Зеро, аёлларсиз инсоният ҳаёти бардавом бўлмасди.
Хулоса қилиб айтганда, уйимизнинг фариштаси бўлган дуогўй бувижонларимиз, биз учун жонини ҳам аямайдиган меҳрибон оналаримиз, хонадонимизнинг саришта бекаси бўлган суюкли ёрларимиз, атрофимизда парвона бўладиган мунис-у мушфиқ опа-сингилларимиз бахтимизга омон бўлишсин. Уларнинг бахти, хотиржамлиги учун масъул эканимизни биз – эркаклар ҳеч қачон унутмайлик.
Бобомурод ТОШЕВ,
«Постда» мухбири.
