Байроқ атамаси эски туркий атама бўлиб, у бундан минг йиллар аввал ҳам айнан шу маънода қўлланган. Тилшуносларнинг айтишича, бу ном қадимги туркчада базирақ, бадироқ, батироқ тарзида ҳам қўлланган. Яъни, байроқ бирор эл-улус, қавмнинг эркинлик белгиси бўлиб,
у баланд жойларга, ҳукмдорлар чодирига ўрнатиб қўйилган. Уни туғ, ялов, санчоқ (санжоқ) номлари билан ҳам атаганлар.
Соҳибқирон Амир Темур салтанатида байроқ давлат ва миллатнинг ғурури саналган. Уч ҳалқа тасвири туширилган туғ Соҳибқирон қўшинидаги энг ишончли баҳодирлар, саркардалар томонидан қўриқланган. Уруш пайтида қўшин олдида баланд кўтарилган байроқ жангчиларга жанговар руҳ бағишлаган, уларнинг кайфиятини кўтариб, зафар сари олға чорлаган. Амир Темур «Жанг майдонида бир сипоҳий омон қолса ҳам байроқни баланд туцин!», деб фармон берган ва байроқнинг эгилишини мағлубият деб қабул қилган. Шунингдек, «Темур тузуклари»да айтилишича, жангларда шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғаним устидан ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари – туғ ва ноғора инъом этилган.
Мана 32 йилдирки, байроғимиз ғурур ва фахримиз тимсолига айланди. У Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқларида, расмий делегацияларимизнинг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро конференсияларда, жаҳон кўргазмаларида ҳилпирамоқда. Нуфузли спорт мусобақаларида музаффар спортчиларимиз шарафига юксак кўтарилмоқда. Қуролли Кучларимиз сафига чақирилган, ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз Давлатимиз байроғи пойида Ватанни кўз қорачиғидай асраш, уни ўз шаъни ва номусидай муносиб ҳимоя қилишга қасамёд қиладилар.
Жорий йил 7-июлда юртимиз байроғидан кенг фойдаланилишини, Ватанга нисбатан фахр-ифтихор ва меҳр-муҳаббат туйғулари янада кучайтирилишини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, давлат байроғидан фойдаланилиши мумкин бўлган ҳолатлар кенгайтирилди. Жумладан, эндиликда:
байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, биноларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт салонида;
байроқдан спорт мусобақалари, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарни нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчилар дафн маросимларида;
халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлаш учун байроқнинг тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, байроққа нисбатан ҳурмацизлик қилиш ҳолатлари аниқ белгиланди. Хусусан, байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ва бошқа номақбул тарзда фойдаланиш; бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланиш; столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки тасвирлаш, ундан қоплама сифатида фойдаланиш, ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш; кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш; байроқ тасвири туширилган белгиларни поябзал, дастрўмол, кўрпа-тўшак, ички кийим-кечакка, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқариш ёки унинг тасвирини бошқача тарзда тушириш; байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш мумкин эмас.
Ватан байроғи – муқаддас. Аждодлар орзу-армони акс этган, халқимизнинг бугуни, келажакка бўлган комил ишончи жилоланган бу қутлуғ рамзни кўзга суртмоқ, тўтиё қилмоқ керак. Зеро, чинакам ватанпарварлик шундан бошланади.
Камол ОЛЛОЁРОВ
тайёрлади.
