Бухоро амири Шоҳмурод 1785 йилда тахтга чиқди. Унинг халқ орасида обрўси катта бўлганлиги учун отаси Дониёлбий ўзига валиаҳд этиб тайинлашга мажбур бўлган. Ўн нафар укаларидан бирортаси ҳам Шоҳмуродни ёқтирмас эди. У дарвишона ҳаёт кечирар, бозорда ҳаммоллик қиларди. Кейин эса пичоққа қин ясаб сотиб, шу орқали рўзғор тебратган. Шунинг учун халқ уни ҳурмат билан “Амири маъсум” Бегуноҳ Амир унвонини берган. Манғит намоёндалари орасида Шоҳмурод ҳам шахс, ҳам арбоб сифатида алоҳида ўрин тутган. Ҳокимият бошқариш тартибларини ислоҳ қилиб, сиёсий тарқоқликка барҳам беради. Адолат тамойилларига қаттиқ амал қилди.
Амир ниҳоятда камтарин ҳаёт кечирган. Жумладан, бир йилда бир олача чопон, бир бўз кўйлак кийган. Бошига олти газли бўз салла, оёғига эчки терисидан тикилган сахтиён маҳси ҳамда ковуш кийган.
Амир Шоҳмурод баъзи ислоҳатлар ўтказиб давлатни мустаҳкамлашга эришди: отаси Дониёлбий даврида жорий этилган турли солиқларни бекор қилган. Раис мансабини ва қўшин таркибида қози аскарлавозимини жорий қилди. Отаси даврида қисқартирилган вақф ерлари миқдорини оширди. Бу билан ислом руҳонийлари эътиборини қозонди. Мамлакат иқтисодини йўлга қўйишда Шоҳмурод ўтказган пул ислоҳати муҳим аҳамият касб этди: Шоҳмурод соф кумушдан танга зарб қилишни буюрди. Кимнинг кумуши (нуқраси) бўлса, зарбхонага топшириб, эвазига янги тангалар – пул олиши мумкин эди. Илгари зарб қилинган тангалар бекор қилиниб, янги пул тижорат ишлари ривожига йўл очиб берди. Барча вилоятларга янги ҳокимлар тайин қилди, ҳар шаҳар ва қишлоққа қози тайинлади. Бу билан ҳокимлар ўз бошимчалигига барҳам берди. Шоҳмуроднинг ўзи қозиларга дастур бўладиган фиқҳ ҳақида “Айн ул-ҳикмат” номли рисола ёзди ва илгари сурулган қоидаларни барча вилоятларга жорий қилди. Шоҳмурод жорий қилган қонун бўйича ким мол-мулкка хиёнат қилса жамиятдаги мартабасидан қатъи назар қаттиқ жазога тортилиши лозим эди. Бу тадбир халқ манфаатларига тажовузнинг олдини олди. Шариат қонунларини амалга тадбиқ этиш мақсадида раислик (муҳтасиб) мансабини жорий қилди.
Марказий ҳокимиятнинг мустаҳкамланишини карвон йўлларининг хатарсизлигини таъминлади. Пул ислоҳоти эса тижорат равнақига сабаб бўлди. Зарафшон водийси, Амударё ҳавзаси ва Қашқадарё воҳаси қадимгидек обод бўлди. Давлат маблағи ҳисобидан анҳорлар чиқарилиб, ташландиқ ерлар обод этилди.
Мадина ҚАҲҲОРОВА тайёрлади.
