Абдулла Қаҳҳорнинг машҳур дачаси ҳозир Саид Аҳмадники. Бу биринчидан, иккинчидан, дача Ёзувчилар боғининг шундоқ кираверишида жойлашган. Учинчидан, Саид Аҳмад ака паловни «сайратиб» юборади. Чўнғара гуручи-ю зайтун ёғидан қилинган ошни кўп адиблар еган. Нега деганда устоз пиширган ошини барибир битта ўзи емайди. Боққа дам олишга борган ёзувчилардан кўнгил яқинларини албатта чақириб чиқади. Ошхўрлар ҳам жудаям ноинсоф эмас. Ошга ҳар ким баҳоли қудрат «ҳисса» қўшади. Биров тўрттагина сабзи, биров Ёзувчилар боғининг ошхонасидан олиб чиқилган бир кафтгина туз, биров бир қути гугурт дегандек... 

Қолган «арзимас» харажатлар – гўшт, ёғ, девзира гуруч ва бошқалар Саид Аҳмад акадан.

Кунларнинг бирида Эркин Воҳидов қўнғироқ қилиб қолди.

– Юринг, оқсоқолнинг дачасига бориб, пиёздан хабар олиб келамиз.

– Қанақа пиёз? – деган эдим, тушунтирди. Эркин ака устознинг дачасига бир эмас, нақд олтита пиёз олиб борган экан. Пиёз бўлгандаям зўридан. Олтиариқнинг пиёзи! Эркин Воҳидов, Раҳматулла Иноғомов, мен – узун-қисқа бўлиб кириб бордик. Пиёздан хабар олгани келганимизни айтдик. Устоз пешанаси тиришиброқ ош дамлади. Маълум бўлишича, бу Эркин ака билан Раҳматулла аканинг тўртинчими-бешинчими марта «пиёздан хабар олиши» экан. Мен ҳам мазахўрак бўлиб қолдим. Текин ош кимга ёқмайди! Келаси шанба Эркин Воҳидовга қўнғироқ қилдим.

– Пиёздан хабар олиб келмаймизми?

– Иложи йўқ, – деди Эркин ака, – «пиёз операцияси» барбод бўлди. Кейин воқеани тушунтирди. Эрталаб кўчага чиқса, дарвоза олдида чиройли лента билан ўралган қоғоз қути турган эмиш. Эркин ака ҳайрон бўлиб қутини очса, қат-қат қоғоз орасидан сарғайиб кетган битта пиёз, ёнида конвертга солинган хат чиқибди. Хатда шундай сўзлар ёзилган экан: «Эркин, болам, пиёзинг уйимга кетаман, деб хархаша қилавериб юрагимни сиқиб юборди. Шунча ялинсам ҳам кўнмади. Сени қаттиқ соғинибди. Ичикиб, касал бўлиб қолди. Хафа бўлма, уч-тўрт кун табибга қарацанг, ўзига келиб қолади. Сен пиёзингни яхшилаб даволатиб тур. Келаси ҳафта ўттиз-қирқ киши кўргани борамиз».

– Энди нима қиласиз? – десам, Эркин Воҳидов топган чорасини айтди.

– Ҳозир оқсоқолга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб турувдим. «Пиёзнинг дарди оғир экан, шўрлик ўлиб қолди», – деб қўя қоламан.

– Эсингиз жойидами? – дедим капалагим учиб. – Оқсоқол пиёзингнинг таъзиясига келдик деб, юз кишини бошлаб келса нима қиласиз? 

– Бу ёғиям бор, – деди Эркин ака ўйланиб. – Майли, бир йўлини қиларман.

Уч кундан кейин Саид Аҳмад акага Эркин Воҳидовдан хат борибди. Хатда шундай сўзлар битилган экан. «Устоз! Пиёзимни шунча боққанингиз учун раҳмат. Икки кунда оёққа туриб кетди, келиб овора бўлиб юрманглар. «Ёшлик – бебошлик» деб шуни айтади-да! Ҳайронман, тенгини топибдими, битта пиёз билан Олтиариққа қочиб кетди!»


Ўткир Ҳошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобидан.