Унинг кўнглига чироқ ёқса ёришмасди. Ўғлининг ширин гапиришлари, аёлининг меҳрибончилиги, ҳатто касбдошларининг муомаласи ҳам ёқмайди. Аслида кайфияцизлигининг арзирли сабаби ҳам йўқ. Лекин, негадир анчадан бери дунё кўзига қоронғи кўрина бошлади.
Яқин дўстига маслаҳат солди, у ўзидан мисол келтириб, яшаши ҳаминқадарлиги, топгани рўзғоридан ортмаслиги, шунда ҳам сиқилмаслиги ҳақида узундан-узоқ ваъз ўқиди. Унинг сергаплиги баттар асабини бузди, холос. Ўзидан ёши каттароқ ҳамкасбидан маслаҳат олмоқчи эди, ундан ҳам жўяли фикр чиқмади. Қайтанга «Нима етишмайди сенга, машина, уй, иш жойинг, гулдек оиланг бор, тўқликка шўхлик қилма», деб койиб берди.
Нима қилса экан? Охири ўйлаб-ўйлаб, обрўли бир уламонинг ҳузурига борди. Уламо унинг сўзларини охиригача тинглаб, шундай савол берди:
– Ота-онанг ҳаётми?
– Ҳа.
– Улардан хабар оласанми?
– Ҳа, ҳар ойда икки марта бораман, тансиқ таомлар олиб бораман. Ота-онам мендан рози.
– Яхши. Унда бориб, отанг ва ўғлингни ҳузуримга олиб кел.
Йигит уловига минди-да, икки ёшли ўғлини олиб, отасининг ёнига борди. Отасини айлантириб келаман деб, машинага ўтқизиб, яна ўша донишманд уламо ҳузурига ошиқди.
Уламо эшикдан ҳорғингина кириб келган отанинг кўзларига тикилди, ота эса нигоҳларини олиб қочди. Билдики, унинг кўзларига мунг чўккан. Сўнгра уламо йигитнинг фарзандига қараб, унинг кийимларини кўздан кечирди, қимматбаҳо, озода. Йигит гап нимадалигини сезгандек ерга қаради...
– Ўғлим, сенинг ўттиз кунда икки марта хабар олишинг билан отангнинг дарди енгиллашиб қолмайди. У сенинг нарсангга эмас, меҳрингга муҳтож. Дунёга келишингга сабабчи бўлган зотлар, кичиклигингда куну тун атрофингда парвона бўлган падари бузрукворинг, волидангни бу аҳволга солиб қўйганинг, айниқса, кексаликда ўз ҳолига ташлаб қўйганинг туфайли ғамга ботиб қолгансан. Аллоҳ билгувчи, ҳар бир муаммога ечим топиб бергувчи зот. Менинг ҳузуримга ёрдам сўраб келишинг хатоингни ўз вақтида англаб етишинг ҳикматидир. Англа, ота-онанг тириклигида уларга сенга кичиклигингда меҳрибончилик қилганлари каби меҳр кўрсата олсанггина, икки дунё саодатига эриша оласан.
Кейин нима бўлди, дерсиз. Йигитнинг ишлари юришиб кетди. Эшитишимизча, у ота-онасини Ҳажга жўнатишга тайёргарлик кўраётган экан...
Гулчеҳра
БУВАМИРЗАЕВА.
