Талаба-ёшларнинг мадҳиясига айланиб кетган бир қўшиқ бор, эсладингиз-а? Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов бундан бир неча йил аввал ижро этган «Талабалик даврим менинг» қўшиғи ҳали- ҳамон ўз мухлисларига эга. Қўшиқ сўзлари тингловчининг қалбини жунбишга солади, ширин хаёлларини ёрқин хотиралари томон элтади. Ҳофиз мазкур қўшиқнинг яратилиш тарихи ҳақида интервюларининг бирида эслаб, шундай дейди:
– 1973-йиллар, ҳали талаба бўлмаган кезларим. Ўшанда «Студентлигим» деган қўшиқ бўларди. Менга жуда ёқарди. Шу мавзуда бошқачароқ йўналишда қўшиқ қилиш ниятим бор эди. Кунларнинг бирида бу ҳақида Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимга айтиб, маслаҳат солдим. «Устоз, талабалик ҳам бир давр бўларкан. «Талабалик даврим менинг, давронларнинг зўрисан», деб бир қўшиқбоп шеър ёзиб берсангиз десам, жуда ҳам ажойиб фикр», деб қўллаб-қувватладилар. Анча гаплашдик, яна бошқа фикрларимни айтдим, мана бундай сўзларни қўшсак яхши бўларди, деб ғоя бердим. Қисқа кунларда Охунжон ака шеър тайёр бўлганини айтди. Уни куйга солгандим, худди кўнглимдагидек қўшиқ яралди.
Дарҳақиқат, яшовчан қўшиқларнинг сири, авваламбор, сўзларнинг қудратига боғлиқдир. Балки, ижодкорнинг сўзларга нисбатан талабчанлиги боис ҳам, яратилган қўшиқлар бири бирига ўхшамас, бири бирини такрорламас, бири биридан севимли ва умрбоқийдир.
Талабалик даврим менинг,
Давронларнинг зўрисан.
Сен умрлар баҳорисан,
Сен умрлар ёзисан.
Қалбимизга илм-у урфон
Уруғларин эккан сен,
Бошимизни кеча-кундуз
Китобларга эгган сен.
Талабалик давроним сен,
Давронларнинг асли сен.
Юзларимга ёр нафаси
Илк бор теккан фаслисан.
Аллақачон юлдузларга,
Тўғри келиб юлдузлар.
Бир-бирига термулишар,
Бахтли қоши қундузлар.
Диллар завқ-у шавққа тўла,
Бўш бўлса-да ҳамёнлар.
Худди палов каби татир,
Қаттиқ нон-у ёвғонлар.
Йиллар ўтар, эй давроним,
Сен ҳам ўтиб кетарсан.
Бизнинг ёруғ тақдирларни,
Балки, ўзинг битарсан.
Талабалик даврим менинг,
Давронларнинг зўрисан.
Сен умрлар баҳорисан,
Сен умрлар ёзисан.
Адолат ФАЙЗИЕВА,
тайёрлади.
