Оддий сўзлар билан битилган, аммо кўнгилга яқин ушбу таронани кўпчилик тинглаган бўлса керак. Аммо унинг асл ижрочиси кўплаб мухлислар учун номаълум эди.

Радиорежиссёр, қўшиқчи Акбар­али Очиловнинг «Келасанми, дердим» қўшиғи санъаткор ижро этган энг ёрқин ижод намуналаридан бири, десак, муболаға бўлмайди. Қўшиқ матнини Тўлаган Тўхтаев ёзган. 

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида туғилган Акбарали Очилов мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ қўшиқлар ёза бошлаган. Санъатга бўлган қизиқиш уни Тошкент санъат институтига етаклади. 1979-йилда «Тошкент радио уйи»да Қурбонали Усмонов раҳбарлигида фаолият юритган Акбарали Очи­лов Ўзбекистон радиосининг «Болалар ва ўсмирлар муҳарририяти» бўлимида кўплаб шогирдларга соҳа сир-асрорларидан сабоқ беради. 

Унинг қўшиқлари 1980-йилларда ра­диода янграй бошлаган ва тингловчилар қалбини забт этган. «Юлдузингни бер, осмон» филми учун унинг «Келасанми, дердим» қўшиғи саундтрек сифатида танлаб олинади. Филмда бу ашулани Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Карим Мирҳодиев ижро этади. Ижодкор бу воқеани шундай эслайди:

– Бир куни кинорежиссёр Фарид Давлетов филмга бир қўшиқ керак, деб қолди. Шунда янги тайёр бўлган ана шу ашулани тақдим этдим. Кейин филм премерасига таклиф қилишди. У ерда ярим соат гитарада ашула куйладим. Кино ҳақиқатдан ҳам яхши чиққан эди. Мен хурсанд бўлиб, Карим Мирҳодиевни чин дилдан табрикладим. 

Акбарали Очиловнинг Ўзбекистон радиоси фонотекасидан ўрин эгаллаган қўшиқлари инсон кўнглидан кечадиган инжа туйғулар ҳақида. Уларни тинглаб тўймайди киши. 

У машҳурлик учун куйламади. Ҳаётда нимадандир таъсирланса, қўлига гитара олиб, қўшиқ ёзишга киришарди. 

Қўшиқнинг қаноти бор. Қушдек парвоз қилади, эзгулик ва дўстлик улашади. Вақт, масофа билмайди, халқ бисотига айланиб бораверади. Бу қўшиқни Музаффар Мирзараҳимов, «Элдидо» гуруҳи, Милена Мадмусаева каби ёш хонандалар ҳам севиб ижро этишган.


Мадина ҚАҲҲОРОВА,

ўз мухбиримиз.


Келасанми, дердим

Бугунгидай кўкдан ёғиларкан нур,

Нурафшон боғларда учрашар эдик.

Кўнгилда бир ажиб ҳаловат, ҳузур,

Ҳузурбахш оқшомлар ажрашар эдик.


Келасанми, дердим хайрлашар чоғ,

Келаман, деярдинг секин ийманиб.

Тилимнинг учида ҳануз шу сўроқ,

Ҳануз юрагимни айлайди майиб.


Биз юрган йўлларни бирга жамласак,

Бориб келиш мумкин ойга пиёда.

Лекин бағримизда кўнгил жонсарак,

Энди бу гаплардан кимга не фойда?


Ўша боғда яна учрашиб ногоҳ,

Эрта келасанми, келақол, десам,

Соғинчлар бағрингни ўртаса-да, моҳ,

Келаман, демайсан, келгинг келса ҳам.