Амир Темур давлатида ички ва ташқи сиёсат
Соҳибқирон моҳир саркарда, дипломат ва етук давлат арбоби бўлганлиги боис, миллий юксалиш ва инсонпарварлик руҳи билан суғорилган улкан марказлашган давлат тузишга муваффақ бўлди. У турк-мўғул анъаналарига амал қилган ҳолда, ўз давлати ҳудудини суюрғол (улус) тариқасида инъом қилиш йўли билан бошқарди. Улуғ ҳукмдор Мовароуннаҳрдан ташқаридаги ерларини тўрт улусга бўлиб, фарзандларига инъом қилади. Бу масаланинг эътиборли томони шундаки, гарчи соҳибқирон томонидан инъом қилинган ерлар ички мустақилликка эга бўлса-да, лекин амалда батамом марказий ҳокимиятга бўйсунарди.
Амир Темур давлатининг энг ибратли томони шунда эдики, соҳибқирон кичик бир вилоят доирасида тарбия топган бўлса-да, давлат мафкурасининг бошқарув таянчи кучли ҳокимият эканлигини тўғри идрок этди ва давлат, салтанат ишларини юзага чиқаришда камчиликка йўл қўймайдиган вазирларни танлашга ҳаракат қилди. Амир Темур ҳукмронлик қилган даврда давлатнинг марказий маъмурияти бошида девонбеги, аркбеги ва тўртта вазир турган. Вазирлар солиқлар йиғиш, мерос ишлари, аскарлар маоши ва уларни озиқ-овқат билан таъминлаш, сарой харажатлари билан боғлиқ ишларни бажаришган.
Бу даврда ерга эгаликнинг баъзи турлари мавжуд бўлиб, улар суюрғол, вақф ва жамоа ерлари эди. Хусусий ер эгалари тархон унвонини олган, вақф ерлари масжид ва мадрасаларга қарашли ерлар бўлиб, солиқ тўлашдан озод қилинган. Асосий даромад солиғи – хирож бўлиб, у олинадиган фойданинг учдан бир қисмига тенг бўлган. «Темур тузуклари»да ёзилишича, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки ер ости сувларини тортиб оладиган иншоот қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон ташландиқ ерни обод қилса, ерни ўзлаштирганлигининг учинчи йили қонун доирасида хирож солиғи тўлаган. Бундан ташқари, ушр, мол, сувлоқ каби солиқ турлари ҳам мавжуд бўлиб, улар йиллар давомида амал қилинган тартиб-қоидаларга мувофиқ равишда йиғилган.
Моҳир саркарда чет эл давлатлари билан савдо алоқаларини кенг йўлга қўйди. Ушбу даврнинг шарт-шароитларига кўра, ташқи сиёсатда қатъий, фаол ҳаракат қилиб, ўз салтанати довруғини дунёга машҳур қилди. Соҳибқирон Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозонганидан сўнг Франсия, Англия, Генуя ва Византия билан алоқаларни йўлга қўйиб, савдогарларни ва мол алмашишни таклиф қилди. Шундай қилиб, у Европа давлатлари билан яқин қўшничилик алоқаларини ўрнатиш ҳамда савдо ва карвон йўлларини ривожлантириш нияти борлигини кўрсатиб, ўз давлати шуҳратини Европага ҳам тарқата олган.
Куч – адолатдадир
Амир Темур давлатида диний илмлар ва дунёвий фанлар барқарор ривожланган. Соҳибқирон фан ва маданият жонкуяри сифатида шуҳрат қозонган. Соҳибқирон доимо илм аҳли ва уламолар билан суҳбатда бўлиб, қалби тоза кишиларга талпинди. Бу даврда илм-фан, меъморчилик, санъат соҳалари ўта ривожланиб, юксак маънавий бойлик даражасига кўтарилган эди. Унинг «Куч – адолатдадир» деган сўзлари давлатни бошқаришдаги юксак қобилиятидан дарак берарди.
Соҳибқирон мамлакат ободончилигига ҳам жуда катта эътибор берган. Унинг ҳаракати билан Самарқандда дунёнинг йирик шаҳарларидан келтирилган бинокор ва меъморлар томонидан масжидлар, мадрасалар, мақбаралар барпо этилди. Ҳатто ғарибларга озиқ-овқат берадиган, йўловчилар қўниб ўтадиган махсус жойлар ҳам қурилди. Шаҳар атрофи мустаҳкам деворлар билан ўралиб, Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар билан дарвозалар барпо қилинган. Темурнинг қароргоҳи сифатида ноёб маъмурий бино Кўксарой ва Бўстонсаройлар ҳам айнан шу ерда бунёд этилган. Соҳибқирон Самарқанд атрофида гўзал боғлар ҳам яратади. Она юрти Кешга катта эътибор билан қарайди, Шаҳрисабзда Оқсарой меъморий обидаси, жомеъ масжид ва мадрасалар барпо эттиради.
Соҳибқирондаги улуғ саховатнинг яна бир томони шунда эдики, у бепоён даштлар билан қамраб олинган Туркистон шаҳрининг ободончилигига катта аҳамият беради. Жумладан, Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини қуриш билан бу ерда нафақат ободончилик, балки кўчманчи ва ўтроқ аҳоли ўртасидаги муносабатни ҳам яхши йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратади.
Амир Темур даврида янги шаҳарлар бунёд этилганини, савдо ва ҳунармандчилик ҳам кенг ривожланганлигини айтиб ўтиш лозим. Бухоро, Шаҳрисабз, Тошкент каби шаҳарлар савдо ва ҳунармандчилик марказлари сифатида ривожланиб боради. Айниқса, бу даврда ҳунармандчиликнинг кенг ривожланиши шаҳарларда ҳунармандчилик маҳаллалари, савдо расталари сони ортиб боришида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, савдо йўлларининг тинчлигини ҳам шахсан унинг ўзи назорат қилиб, карвонларнинг хавфсизлигини таъминлагани айни ҳақиқатдир.
«Темур тузуклари»нинг аҳамияти
«Темур тузуклари» алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унда соҳибқироннинг давлат тузилиши ва мамлакатларни бошқариши ҳақидаги қимматли маълумотлар ўрин олган. Ундан кўплаб шарқ ҳукмдорлари фаолиятлари давомида фойдаланиб, юқори баҳо беришган.
Тузукларнинг биринчи қисмида Амир Темурнинг етти ёшидан то вафотига қадар кечган ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳамда унинг Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга киритиши, ижтимоий тарқоқликка барҳам бериши ҳамда марказлашган давлат тузиши баён қилинган. Бундан ташқари, қўшни мамлакатлар Эрон ва Афғонистонни ўз тасарруфига киритиши, Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон устидан ғалаба қозониши, Озарбайжон, Туркия ва Ҳиндистонга қилган ҳарбий юришлари ёритиб ўтилган.
Асарнинг иккинчи қисми эса соҳибқироннинг номидан айтилган ва унинг тож-у тахт ворисларига аталган ўзига хос васият ва панд-у насиҳатларидан иборат. Унда давлатни идора қилишда кимларга таяниш, тож-у тахт эгалари ҳамда вазир ва қўшин бошлиқларининг бурч ва вазифалари, амирлар ва бошқа мансабдорларнинг тож-у тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш тартиби тўғрисида фикр юритилган.
Амир Темур улуғ салтанат барпо этган, давлатнинг ички сиёсати – ҳарбий санъатни замон талаби асосида тобора такомиллаштириб борган. Мўғул истилоси асоратларини бартараф этишга эришган. Хўжаликни оёққа турғазишга муваффақ бўлган. Шунингдек, савдо-сотиқ, ҳунармандчиликни ривожлантирган. Аҳоли манфаатларини ҳимоя қилган, илм-фан, маданият, меъморчиликни тубдан тараққий эттирган. Ободонлаштириш ишларини кенг кўламда олиб борган.
Истиқлол ҳақиқати
Собиқ иттифоқ мафкураси соҳибқирон фаолиятига салбий муносабатда бўлиб, ўша давр адабиётларида қоралаб келинди. Лекин тақиқларга қарамасдан, айрим илмий асарларда Темур ҳақида тўғри фикрлар ҳам билдирилди. Бу жиҳатдан 1968-йили академик Иброҳим Мўминовнинг «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» рисоласининг нашр этилиши муҳим воқеа бўлди. Мазкур рисола соҳибқирон шахсига бир ёқлама қарашларга чек қўйиш мақсадида ёзилган илмий асар эди. Аммо бу асар қаттиқ танқидга учради.
Ўзбекистоннинг истиқлолни қўлга киритиши тарихимизга тўғри муносабатда бўлиш имконини яратди. Шу боис сўнгги йилларда Амир Темур ва унинг даврини ўрганишга бағишланган қатор манбалар ва китоблар нашр қилинди. Айниқса, Бўрибой Аҳмедовнинг Амир Темур ҳақидаги катта роман-хроникаси юқоридаги фикримизнинг тасдиғидир. 1996-йил юртимизда «Амир Темур йили» деб эълон қилиниши ва бу сананинг дунё миқёсида кенг нишонланиши соҳибқирон номи оқланиб, унинг буюк хизматлари эътироф этилганлигининг ёрқин далилидир. Улуғ ватандошимизга атаб Ўзбекистоннинг 3 та шаҳрида соҳибқироннинг ҳайкали ўрнатилди. Ҳатто Европанинг кўплаб давлатлари қатори, Франсияда ҳам Амир Темурни ўз халоскори сифатида қадрлаб, унга олтин суви юритилган ҳайкалча ўрнатилгани унинг шахсига билдирилган ҳурмат-эътиборнинг намунасидир.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
