Маънавият ва маърифат дарси

(14-феврал – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун)

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётнинг оғир синовларини бошидан кечирганида эндигина 12 ёшда эди. Шу ёшида тахтга чиқиш, давлатни бошқариш, халқни адолат билан идора қилиб, мамлакат сарҳадларини ғанимлардан ҳимоя қилиш…

Ўшанда Мовароуннаҳр ижтимоий ҳаёти ва сиёсий ички низолар гирдобига тушиб қолган, Соҳибқирон Амир Темур барпо этган давлат таназзулга юз тутган, темурий ворислар мамлакатни пароканда ҳолатга келтириб қўйган эди. Бобур шундай бир пайтда Андижонда туриб, Самарқандга кўп бора интилади. Унинг нияти бобоси Амир Темур салтанати соҳиби бўлиш эди. Ва икки бора Самарқандни эгаллайди, бу воқеалар 1498- ва 1500-йилларга тўғри келади. Бу орада Мовароуннаҳр ҳудудига Шайбонийхон хуружлари авж олади, бирин-кетин темурийзодалар қўл остидаги ҳудудлар маҳв этила бошлайди. Бобур иложсиз аҳволда она юртини тарк айлашга мажбур бўлади. 1504-йилда аввал Ҳисор, кейин Кобулга йўл олади. У келажак тақдирини айни шу минтақалардан излайди, бу эса осон кечмайди.

Ҳиндистон мўжизавий ўлка, у қадим-қадимдан кишиларни ўзига ром этган. Бу мафтункор ўлка Бобурни ҳам кўпдан буён қизиқтириб келар эди. Бобур 1525-йили Ҳиндистонга 1200 кишилик қўшини билан лашкар тортиб, Иброҳим Лодийнинг 100000 нафар аскар ва 1000 та филдан иборат қўшинига қарши жангларда ғолиб келади ва бу афсонавий ўлканинг шимолий қисмларига эгалик қилади. Унинг ҳукмронлиги даврида инсонийликка асосланган адолатли қонунлар шарофати билан Ҳиндистонда сиёсий муҳит барқарорлашиб, ўлка ерлари бирлашади. Шаҳарлар ободонлаштирилиб, савдо-сотиқ тўғри йўлга қўйилади. Бобур боғ-роғлар яратишга ҳомийлик қилган адолатли шоҳ сифатида танилади. Шу ўринда 332 йил давом этган бобурийлар сулоласи даврида ҳам Ҳиндистонни ободонлаштириш, унда ҳозиргача машҳур бўлган меъморий ёдгорликлар, боғлар, кутубхоналар, карвонсаройлар қурдириш кенг миқёсда ёйилганини, ўша даврнинг илғор ва зеҳни ўткир олимлари, шоирлари, мусиқашунослари ва давлат арбобларини мужассам этган мукаммал бир маънавий-руҳий муҳит вужудга келганлигини таъкидлаш жоиз.

Улуғ шоҳ Бобур Ҳиндистонда давлат ишлари билан бир қаторда, ўзининг адабий-бадиий фаолиятини ҳам давом эттиради. Унинг ҳассос қалбидаги соҳир туйғулари бетакрор шеърияти, мағзи тўқ насрий асарларига кўчади. Бугун бизгача Бобурдан ўзбек тилида яратилган бир шеърий девон, «Бобурнома» (асли номи «Вақое» – «Воқеалар»), Хожа Аҳрор Валий (1404–1490)дан қилинган «Волидия» шеърий таржимаси, аруз назариясига доир «Муфассал», ислом рукнлари ҳақида «Мубаййин», «Мусиқий илми», «Ҳарб иши», «Хатти Бобурий» асарлари етиб келган.

Нозик таъб шоир шеърларининг аксарида эса унинг ўз ҳаёти лавҳаларига ва лаҳзаларига ишоралар сезиларли даражада баён этилган. Хусусан,

 

Чархнинг мен кўрмаган

жабр-у жафоси қолдиму?

Хаста кўнглим чекмаган

дард-у балоси қолдиму?

 

– дея битилган мисралар қанча дардчил бўлса, шунча жозибали. Қанча қайғули бўлса, шунча ёруғдир. Қалбларга чуқур ботиб кетгувчи бу қайғули сатрларда эртанинг, келажакнинг ёп-ёруғ умидлари мужассам. Худди шу жиҳати билан ҳам Бобур байтлари қадрли ва инсон руҳиятига яқиндир.

Шоҳ ва шоир ижодининг яна бир муҳим мавзуси Ватанга муҳаббат туйғуси, юрт соғинчи, унга қайтиш умиди бўлганини ушбу мисралардан англаш қийин эмас.

Толеъ йўқки жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишниким айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

 

«Бобурнома» — Бобурнинг шоҳ асари. Бу асарда Бобурнинг бошидан кечирганлари, йўл қўйган хатолари, алам-у изтироб, ғалаба ва мағлубиятлари ҳамда шажараси очиқ ёзилган. Жой номлари, у ердаги жонзотлар ҳамда ўсимликлар атрофлича ёритилган. Асарда ўша даврнинг машҳур кишиларига адолатли тарзда таъриф берилганки, китобни ўқиган одам Бобур тафаккурига, билимига, унинг саркардалик қобилиятига, одил ва оқиллигига қойил қолади. Асарда келтирилган байтлар, ғазал, рубоийлар эса китобнинг шоҳ безаги сифатида ўқувчи қалбида ўчмас из қолдиради. Бу ҳақда Бобурнинг ўзи бундай ёзади:

 

Бу олам аро ажаб аламлар кўрдим,

Олам элидин турфа ситамлар кўрдим,

Ҳар ким бу «Вақоеъ»ни ўқур билгайким,

Не ранж-у… не меҳнат-у… не ғамлар кўрдим.

 

 Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ҳозирга қадар мазкур мемуар асар дунёнинг 30 дан ортиқ, хусусан – инглиз, франсуз, немис, италян, голланд, форс, урду, рус, япон, турк, тожик тилларига таржима қилинган. Бу асардаги жуда кўп долзарб иқтисодий, ижтимоий масалалар, юқорида номлари келтирилган вилоятларнинг ўзаро сиёсий-иқтисодий ва савдо муносабатлари, жуғрофий мавқейи, иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, тоғлари, дарёлари, халқлари, қабила ва элатлари ҳамда уларнинг яшаш шароитлари, урф-одатлари, муҳим тарихий иншоотлари — ҳиндлар ибодатхоналари ва мусулмонларнинг масжидлари, тўй ва дафн маросимлари ҳақида ниҳоятда нодир маълумотлар тарихий ва адабий мерос сифатида дунё олимларини ҳозирга қадар ҳайратда қолдириб келмоқда.

Айтиш жоизки, Ҳиндистон фарзанди Жавоҳарлал Неру «Бобур – дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир… Унинг Ҳиндистонга келиши туфайли Ҳиндистонда буюк ўзгаришлар содир бўлди, санъатда, ҳаётда, меъморчиликда ва маданиятнинг бошқа соҳаларида янгича тараққиёт юз берди», деганида тамомила ҳақ эди.

 

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмагай ёмонлиғ ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур.

 

Шу сингари шеърларида ҳар доим одамларни яхшиликка, адолат, инсонпарварликка, юксак инсоний туйғуларни қадрлашга чорлаган буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур умри давомида яхшиликни истаб яшади. Қўлидан келганча одамларга яхшилик қилди. Эндигина 47 ёшни қаршилаган, айни кучга тўлган чоғида ўз умрини фарзанди Ҳумоюнга «садқа» қилиб юборди. Аммо кўҳна тарих саҳнида адолатли шоҳ ва буюк шоир ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ҳамда ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида ўчмас из қолдирган сиймолардан бири бўлиб қолди. Кўнглига ёруғ мақсад тугган инсонларга, айниқса, ёшларга улуғ бобокалонимизнинг жасурлик, фидойилик, юртпарварлик ва оиласига, авлодларига оқибатлилик, жонфидолиги ҳамиша ўрнакдир.

 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

ўз мухбиримиз.