ХВ – ХВИ асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистон ҳудудида юз берган ижтимоий-сиёсий, маданий, тарихий воқеаларни ўрганишда бу асарнинг қиймати беқиёсдир. Шунинг баробарида, асар Бобурнинг буюк замондошлари Алишер Навоий, Камолиддин Биноий, Камолиддин Беҳзод каби маданият арбоблари, Ҳусайн Бойқаро, Муҳаммад Шайбоний каби тахт эгалари, умуман, ўша давр ўзбек халқи тарихининг катта-кичик шахсиятлари ва уларнинг ўзаро мулоқотлари ҳақидаги муҳим манбадир. Шу жиҳатдан «Бобурнома» адабиёцҳуносликдаги тазкира асарларга хос жиҳатларга эга эканлигини таъкидлаш жоиз.
Бобур Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон ҳақида ёзар экан, уларнинг бадиий маҳорати, ижодкорлик санъатлари борасида муҳим маълумотларни қайд этади. Ҳазрат Алишер Навоийнинг маънавият, ижод аҳлига мураббийлик ва муқаввийлик қилгани, саккиз девон тузгани, феъли-саъжияси борасида фикр-мулоҳазаларини баён этади. Бундай чизгиларда Бобур мунаққид сифатида бўй кўрсатади.
Жаҳон адабиётида эсдаликлар тарзида ёзилган бир қатор асарлар бор. Лекин «Бобурнома» мемуар жанрининг дунё тафаккур аҳли томонидан эътироф этилган энг нодир намуналаридан биридир. Кенг кўламдаги тарихий воқелик ёритилган асарлар ҳам кўп, аммо «Бобурнома» тарихий воқелик муаллифнинг теран мушоҳадалари билан йўғрилган бетакрор манба ҳисобланади. Тарихий шахслар, нарса-ҳодисалар тавсифига бағишланган асарлар ҳам йўқ эмас, лекин «Бобурнома»да шахс сурати ва сийрати ёрқин чизгиларда тасвирланган, нарса-ҳодисалар тавсифи нозиктаъб қалб соҳиби бўлган даҳо мутафаккир талқини орқали намоён бўлган.
Бобур сийрати, тафаккури, қизиқишлари, орзу-армонлари, зафар ва мағлубияти, куч-қудрати ҳамда ожизлигининг ҳаққоний ифодаси асар тилининг ўзига хослигини таъминлаган. Инглиз тарихчиси Элфинстон таъкидлаганидек, «муаллифнинг ёрқин характери асарга энг кўп жозиба бағишлайди».
Асар воқеликнинг ўта синчков, теран ақл-идрок, чуқур билим, тенгсиз хотира соҳиби бўлган муаллиф шуури орқали баён этилиши асар матнига бетакрорлик бахш этган. Бобур воқеликни борича тасвирлайди, шахслар қиёфаси, феъл-атворини рўй-рост акс эттиради, ожизлиги, нотавонлиги-ю бемисл руҳиятини ҳам баён этади. Ўзи таъкидлаганидек, ҳар яхшиликни ва ҳар ёмонликни – ҳаққоний тарзда баён этади: «Ложарам ота-оғадин ҳар яхшилик ва ёмонлиғким шоеъ эди, таҳрир қилдим ва қариндош ва бегонадин ҳар айб ҳунарким баёни воқеъ эди, таҳрир айладим».
«Бобурнома»да тарихий воқелик ўз аксини топган. Тож-у тахт талашлари, жанг тасвири мазкур жараён иштирокчисининг бевосита кузатишлари асосида ёзилган. Шу боис асарда бошқа манбаларда кузатилмайдиган чизгилар, изоҳлар учрайди. «Бобурнома»да акс этган тарих мол-мулк, салтанат учун беҳуда кураш олиб борилгани, ҳаёт зийнати, қадр-қиммати англанмагани, жанг-у жадаллар инсон учун берилган қисқа умрнинг беҳуда совурилишидан бошқа нарса эмаслигини кўрсатиб берди. Уруш ҳар қандай замонда ҳам инсоният бошига бало келтириши, ёш умрларнинг хазон бўлиши, юртнинг хонавайрон, элнинг шикаста бўлишини намоён этади.
Шоир ўзгаларга меҳр-муҳаббат кўрсатади, ўзи ҳам меҳр кўришни истайди, ўзгаларга яхшилик тилайди, кези келганда унга ҳам яхшилик қилишларидан умидвор бўлади. Бошқа бир ўринда бу оламда яхшиликнинг камёб эканлигига, ҳар ким ҳам яхшилик қилавермаслигига, ҳар кимдан ҳам яхшилик кутиш лозим эмаслигига амин бўлади.
«Бобурнома»даги ҳар бир тасвирда Бобурнинг нозик табиати, таъсирчанлиги ўз ифодасини топган. Бир гал Бобур қўшинидан кетган 26 нафар бегининг номини қайд этади ва изтиробини яширмайди: Манга бисёр душвор келди, беихтиёр ғалаба йиғладим.
Қаллошлик (шуҳрацизлик, эътиборсизлик)дан озорланган ва хорлик тортган, саргардон кезишдан чарчаган Бобур бош олиб итмак (йўқолмоқ)ни истайди: Дедимким, мундоқ душворлиқ била тирилгунча, бош олиб ицам яхши. Мазкур иборада руҳий толиқиш, бевафолик ва хиёнатдан азобланиш, барча нохушликлардан кўз юмиш туйғулари акс этган.
Асар матнидаги бир қатор жумлаларда ҳам ижодкорларга хос руҳият ўз ифодасини топган. Масалан, «Бир олма ниҳоли яхши хазон бўлиб эди» жумласида олма ниҳолининг яхши хазон бўлганини ифодалаш негизида Бобурнинг хазон (куз) фаслини ёқтириши ва кузатиши намоён бўлган. Дунё маданиятида, шоирларнинг, ижод аҳлининг аксарияти куз фаслини ёқтиргани ҳаммага маълум. Негаки, куз – сокинлик рамзи, кузда сукунат жимгина сўзлайди. Кузда ҳаловат бор, куз – осойишталик, руҳий хотиржамлик ва ҳаёт ҳақидаги иқрордир.
Бобурда ижод аҳлига хос қизиқувчанлик хислати бор. У тасвир жараёнида ўсимликларни маълум хусусиятлари билан акс эттирган. Турлари борасида тўхталган. Масалан, лола турларини шундай ёритган: «...турлуқ-турлуқ лолалар очилур, бир қатла лола анвоини буюрдумким, санадилар, ўттуз тўрт навъ лола чиқти». Ўсимликларни изоҳлаш жараёнида турли лингвистик тасвир воситаларидан фойдаланган. Жумладан, хурмо дарахтининг ривожланиш тарзини ҳайвонот (жонзот) ҳаётига қиёслайди: «Дерларким, наботот орасида хурмо дарахтининг икки иши ҳайвонотқа ўхшар: бир улким, нечукким, ҳайвонот бошини кесарлар – ҳаёти мунқатиъ бўлур. Хурмо дарахтининг ҳам боши кесилса, дарахти қурур».
«Бобурнома» асарининг эсдаликлар, хотиралар тарзида ёзилиши унинг имкониятларини кенгайтирган. Воқелик Бобур тилидан бевосита баён этилгани боис унда, аввало, муаллиф руҳияти акс этган.
«Бобурнома»да бир қатор соҳаларга оид тушунчалар, атамалар учрайди. Асарда қўлланган байт, девон, маснавий, қасида (қасойид), тарих, маросий, тарокиб, ғазал, масал, қитъа, муаммо, вазн, тахаллус, аруз, қофия, шеър илми каби сўзлар Бобурни адабиёцҳунос олим сифатида гавдалантиради.
«Бобурнома» – жаҳон адабиётининг дурдона асари. Шунинг баробарида, бадииятга йўғрилган тарих ҳамдир. Инсон ҳаётда кўп нарсанинг қадрига етмайди. Шунинг учун ҳам ёнимиздаги бахтни сезмаслиги мумкин. Баъзан бахт ичида яшаб ҳам бахтни орзу қилганлар бўлади. Бу дунёнинг ўзи мўжиза. Яратган ва яратилган неъматларнинг барчаси мўжиза ҳисобланади. Кўз кўриши, қулоқ эшитиши, юрак уриши, англаш, идрок қилиш – барчаси сир-у синоат. Аммо инсон барибир мўжизалар қидираверади.
Бобур бутун борлиқни, гўзалликни ҳис қилган, яратганнинг мўжизаларини кўра билган ва уни шоир туйғуси, ёзувчи маҳорати, тарихчи ҳақиқати билан баён эта олган. Шунинг учун ҳам «Бобурнома» – бетакрор асар!
Зулхумор ХОЛМАНОВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори,
филология фанлари доктори.
