Маънавият ва маърифат дарси
Бола ҳуқуқлари деганда ирқи, жинси, тили, дини, туғилган жойи, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқейидан қатъи назар, ҳар бир бола эга бўлиши керак бўлган ҳуқуқ ва эркинликлар тушунилади. Халқаро ҳуқуқ нормаларида 18 ёшга тўлмаганларнинг барчаси бола деб тан олинган.
Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, бугунги кунда унинг тўлақонли қонунчилик асослари яратилган дейишимиз мумкин. Юртимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Хусусан, бола ҳуқуқлари ва унинг кафолатларининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунлар ҳамда бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган.
Жумладан, Бош қомусимизнинг 44-моддасига асосан, болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланди. Шунингдек, илк бор Конституциямизнинг 50-моддасида таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши алоҳида мустаҳкамланди. Энг муҳими, Конституцияга «Оила, болалар, ёшлар» деб номланган янги боб киритилиб, унда болаларнинг мақоми янада кучайтирилди.
Хусусан, 78-моддасида эса боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги алоҳида кўрсатилган.
Мамлакатимизда болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни доимо қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки юртимизда болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз ворислари сифатида қадрланиб, мамлакатнинг бебаҳо хазинаси ҳисобланади.
Агар болаларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва орзу- интилишларини рўёбга чиқаришга зарур шароитлар яратилса, уларда олдинга интилиш, ҳаракат бўлади. Конституциямизда ўз ифодасини топган ушбу янгиликлар шубҳасиз, фарзандларимизнинг ҳар жиҳатдан соғлом, ҳур фикрли авлод сифатида камолга етишишига хизмат қилади.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи халқаро ҳамжамият учун ҳамиша долзарб ва муҳим бўлиб келган. БМТ Бош ассамблеяси бу борада 1959-йил 20-ноябрда Бола ҳуқуқлари декларациясини, 1989-йил айнан шу кунда эса Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсияни қабул қилгани ҳам буни яққол тасдиқлаб турибди.
Ўзбекистон аҳолисининг 40 фоизини болалар ташкил этганлиги учун бола ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш, айниқса, устувор аҳамиятга эга. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг, 1992-йил 9-декабрда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро конвенсиялар ичида биринчи навбатда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсияга қўшилгани бежиз эмас.
Давлатимиз ўзининг халқаро мажбуриятларига, жумладан, Бмтнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсиясига мувофиқ қабул қилган мажбуриятларига содиқдир. Мазкур сиёсатни такомиллаштиришда БМТ шартномавий органлари, ЮНИСЕФ ва халқаро экспертларнинг тавсияларига катта эътибор қаратилмоқда.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсия қоидаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Бмтнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мазкур конвенсиянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб бормоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон томонидан шу мазмундаги 5 та даврий маъруза тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан 2024-йил 21-февралда «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсия қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузаси юзасидан Бмтнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалиётга татбиқ этиш тўғрисида»ги қўшма қарор қабул қилинди. Мазкур қўшма қарор ижрога қаратилиб, Бмтнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсиялари амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.
Давлат боланинг шахси, уй-жойи дахлсизлигини, хат-хабарлари сир тутилишини таъминлайди ҳамда болани эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқациз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан, шаҳвоний шилқимликлардан, ҳуқуқбузарликлар ва ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этишга жалб этилишидан ҳимоя қилинишини амалга оширади.
Шунингдек, давлат болаларни тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлашни кафолатлайди, қонунчиликда белгиланган тартибда уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилишини таъминлайди. Боланинг бепул мажбурий умумий ўрта таълим ва ўрта махсус таълим олиши кафолатланади.
Бундан ташқари, 2024-йил 29-февралда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Қонунга кўра, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
Хулоса қилиб айтганда, болалар ҳуқуқларини кафолатлаш ва уларни халқаро стандартлар ва миллий механизмлар орқали амалга ошириш ҳар бир боланинг адолатли ва манфаатли ривожланишини таъминлашнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шунинг учун бола ҳуқуқлари том маънода ҳимоя этиладиган ва ҳурмат қилинадиган мақбул муҳитни яратиш учун фақат давлат ташкилотларининг бу борадаги фаолияти билан чекланиб қолмасдан, жамиятимизнинг барча қатламларида доимий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш тақозо этилади.
Зафар ПРИМҚУЛОВ,
капитан.
