Маънавият ва маърифат дарси

(1-июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни)

Биз азал-азалдан болажон халқмиз. Ҳаётимиз давомчилари, эртамиз эгалари бўлмиш болаларни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш, жисмонан соғлом, ақлан етук қилиб тарбиялаш давлат ва жамият, қолаверса, барчамизнинг инсоний бурчимизга айланган.

Ёши улуғларимиз ҳам ҳар сафар дуога қўл очаркан, энг аввал Яратгандан эртамизнинг таянчи – фарзандларимизнинг бахт-у камоли, саодатини сўрайди. «Боланинг бегонаси бўлмайди», «Бол ширин, болдан бола ширин», «Фарзанд – белнинг қуввати», «Фарзандинг – давлатинг» каби ўнлаб ҳикматли сўз ва мақоллар халқимизнинг дилидан тилга кўчиб, ҳаётий ҳақиқатга айланиб улгургани ҳам бор гап.

Юртимизда болалар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, манфаатлари муҳофаза қилинган. Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид бешта халқаро конвенсияга қўшилган. Хусусан, айни пайтда Бмтнинг «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенсияси»да назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этил­япти. Конституциямиз ва бошқа қатор қонунлар асосида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари таъминланмоқда. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Болалар омбудсмани институтининг фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Болаларни улар­нинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлари юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, турли таҳдид ва маънавий хуружлардан асраш, мажбурий меҳнатга жалб этмасликка хизмат қиляпти.

Маълумки, боланинг ҳуқуқи унинг туғилишидан аввал пайдо бўлади. Шу боис мамлакатимизда гўдакнинг, аввало, соғлом туғилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чақалоқлар дунёга келган кундан бошлаб тиббий назоратга олинаётир. Уларни турли касалликлардан, соғлом камол топишига хавф соладиган таъсирлардан асраш чора-тадбирлари кўриляпти. Пойтахтимизда замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган Болалар миллий тиббиёт маркази қурилиб, ўз фаолиятини бошлагани бу борадаги муҳим қадам бўлди, десак, асло муболаға эмас. Қиймати 130 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган мазкур тиббиёт маркази Корея Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (ЭДCФ) иштирокида барпо этилган бўлиб, унинг таркибидаги поликлиника кунига 250 нафаргача беморни қабул қилиш имкониятига эга. Марказ магнит резонансли томография, мултиспирал компютер томографияси, замонавий лаборатория ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган.

Шунингдек, айни пайтда нафақат пойтахтимизда, балки вилоятлар миқёсида ҳам неонатал хирургия, болалар кардиожарроҳлик, қизлар гинекологияси ҳамда каминвазив (лапароскопик) гинекология ва Болалар миллий тиббиёт маркази бўлимлари ташкил этилди. Болалар гематология ва онкологияси хизматини тубдан яхшилаш йўналишида ҳам катта ўзгаришлар бошланган Ўзбекистон болаларини соғ-саломат, ҳам жисмонан, ҳам ақлан етук бўлиб вояга етиши йўлидаги амалий саъй-ҳаракатлардандир. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълимнинг бирламчи ва асосий бўғини ҳисобланган мактабгача таълим тизими қайта ислоҳ этилиб, мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилди. Хусусан, замон талабларига мос, янги боғчалар қурилмоқда, мавжудларини таъмирлашга катта эътибор қаратиляпти. Соҳада хусусий секторни ривожлантиришга, малакали кадрлар тайёрлашга, боғчаларда ўғил-қизларни соғлом овқатлантириш ҳамда уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини яхшилашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Буларнинг барчаси болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамровини ошириб, уларнинг соғлом бўлиб улғайишига замин яратмоқда.

Тизимдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, сўнгги йилларда мамлакатимизда боғчалар сони 6 баробарга кўпайди. Боғчаларда таълим ва тарбия оладиган болалар сони 2 миллионга етказилиб, қамрови 70 фоизга чиқди. 

Юртимизда ҳар бир бола­нинг умумий ўрта таълим олиши мажбурий ва бепул. Давлатимиз раҳбари «2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекис­тоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармонига кўра, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади.

Айни пайтда нафақат йирик шаҳарларда, балки мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ўғил-қизлари­миз сифатли таълим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Айниқса, таълим тизими моддий-техник базасининг янгиланиши, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланганлиги, спорт иншоотларининг замонавий инвентарлар билан жиҳозланиши эртамиз эгаларининг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом авлод бўлиб вояга етишида имконият эшикларини очмоқда. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, етим, ота-она қарамоғидан маҳрум ва ногиронлиги бўлган болаларга таълим бериш ҳамда уларни таъминлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга ошириляпти. 

Сирасини айтганда, илм-фан, спорт, санъатда замонавий билим ва тафаккурга, соғлом дунёқарашга эга, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашишга қодир ёш авлоднинг юксак салоҳияти, дунёни лол қолдираётган ютуқларини кўрганда, беихтиёр қалбимиз фахр-ифтихорга тўлиши рост. Ишонинг, айни дамларда покиза туйғулари-ю саволнамо нигоҳлари билан шу заминга илк қадамларини қўяётган ҳар бир болажонга қаратилган эътибор ана шу қувончнинг бардавомлигини таъминлайди. Зеро, унинг эртаси, ёруғ истиқболи Ўзбекис­тон келажагига туташдир. 

 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

«Постда» мухбири.