Ички ишлар органлари тизимида бошқарув пси­хологияси ўз предметидан келиб чиқиб, раҳбар фаолиятини таҳлил қилганда, асосий эътиборни унинг бошқарув фаолиятига қобилияти борми ёки йўқми, индивидуал хусусиятларига кўра жамоани бошқара оладими, ишни муваффақиятли амалга ошириш учун бошқарувнинг қай усулларидан фойдаланяпти, ходимларга психологик таъсир кўрсатиш мақсадида қандай таъсир усулларини қўллаяпти каби қатор масалаларга қаратади. Раҳбарнинг жамоадаги ижтимоий-психологик муҳитга таъсири, ходимлар ўртасида ижтимоий муносабатларни тартибга келтиришдаги роли бевосита психологик билимларни амалиётда қўллай олиш маҳоратига ҳам боғлиқдир. Ички ишлар органлари жамоасини бошқаришда раҳбардан реал шароитларда ходимларни аниқ мақсад асосида фаолиятга йўллаш, уларга бош бўлиш, турли тадбирларни амалга ошириш, ҳар бир қилинган иш учун жавобгарликни ўз бўйнига олиш каби кўплаб сифатлар талаб қилинади.

Раҳбар ходимларнинг бошқарув фаолиятида бундай сифатларни такомиллаштиришнинг асосий йўналишларидан бири психологик жиҳатдан тайёр­лаш­дир. Бундан кўзланган мақсад халқ билан тизимли мулоқотни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этишнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги тартибини ўрнатиш, аввало, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақ­тида бартараф этиш билан бир қаторда, уларда ҳиссий-иродавий барқарорликни, стресс ҳолатларини вужудга келтирувчи омиллар таъсирига қарши психо­ло­гик иммунитет ҳосил қилишдан иборат.

Бу мақсадга қуйидаги вазифаларни амалга ошириш орқали эришилади: бўлғуси ички ишлар органлари раҳбар ходимларида халқ билан мулоқотга киришишда, бошқарув фаолиятида зарур бўлган психологияга оид билимларни шакллантириш; янги ишга келган ходим билан устоз-шогирд муносабатини ташкиллаштириш жараё­нида бошқарув психологиясига оид билимларни такомиллаштириш; ички ишлар органлари жамоасида фуқаролар билан муносабатларга киришишда бошқарув механизмларини инобатга олган ҳолда, педагогик таъсир этиш; жамоада ходим­ларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, кадрларни жой-жойига қўйиш; ёш ходимларнинг касбий фаолиятга мослашувида устоз-шогирд анъанасини самарали ташкил этиш.

Сўнгги вақтларда психологик тайёргарликни ташкил этишда касбий пси­хологик тренин­гдан фойдаланиш кўпроқ аҳамият касб этмоқда. Касбий-психологик тренинг раҳбар ходим шахсининг касбий муҳим хислатларини самарали ривожлантиришга имкон берув­чи машқлар тизимидир.

Психологик тайёргарликни амалга ошириш учун қуйидаги касбий-пси­хологик тренинг усуллари қўлланилади:

билиш хислатлари тренинги; 

коммуникатив тренинг;

ролга кириш тренинги;

психологик бошқарув машқлари.

Касбий-пси­хологик тренинг усуллари раҳбар ходим учун зарур бўлган хислатлар, кўникмалар ва маҳоратни самарали шакллантириш ва ривожлантиришга имкон беради.

Билиш хислатлари тренингига касбий хотира, касбий кузатувчанликни ривож­лантириш ва касбий идрок тажриба­сини тўплаш бўйича тренинглар, касбий зий­ракликни ривожлантириш бўйича машқ­лар киритилади.

Коммуникатив тренинг пси­хологик алоқа ва ишончли муно­сабат ўрнатиш, қўл остидаги ходимлар ва турли тоифадаги фуқароларга психологик таъсир кўрсатиш кўникмаларини эгал­лашни ўз ичига олади.

Раҳбар ходимлар шахслараро муносабатга киришганда ролга кириш тренинги катта аҳамият касб этади. Ролга кириш кўникма­лари рол гимнастикалари, яъни нутққа ва нутқсиз воситаларга тегишли ролга мос ташқи ифодали белгилар бағиш­лаш, ушбу воситаларни қўллашда импровизация қилиш қобили­ятини ривожлантиришга қаратилган махсус машқларни бажариш орқали ривожлантирилади.

Ҳиссий-иродавий жараёнларни бошқара олиш кўникма­ларини эгаллаш учун психологик бошқарув машқларидан фойдаланилади. Бу машқлар шахснинг ҳиссий ҳолатларини бошқаришга, ортиқча асабийлик, зўриқишни бартараф этишга, раҳбар ходимнинг фаолиятида муайян ижобий кайфият яратишга имкон берувчи ўзини ўзи бошқаришнинг энг оддий усулларидан фойдаланиш кўникма­ларини эгаллашга қаратилган. Ушбу гуруҳга аутоген машқлар, иродавий ўзини ўзи бошқариш усулларини эгаллаш ҳам киритилган.

Бугунги кунда раҳбар ходимнинг касбий-психологик тайёргарлиги ички ишлар органлари фаолиятида муҳим рол ўйнайди. Ички ишлар органлари раҳбар ходимларининг инсон ва унинг руҳиятини узвий равишда қамраб оладиган касбий маҳорати нафақат махсус юридик билимлардан, балки касбий-психологик тайёргарликдан ҳам ташкил топади.

Тегишли машқлар учун қуйидаги усуллар тавсия этилиши мумкин.

Мантиқ усулларидан фойдаланиш. Жуда кўп ҳолларда қа­рор топган шароит раҳбар ходимдан вазиятни қизишмасдан таҳлил қилишни талаб этади. Бунда у, аввало, ўзини айни дамдаги руҳий ҳолати, ноадекват асабий зўри­қиши оқилона эмаслигига, сўнгра эса – бошқача йўл тутиш мақсадга мувофиқлигига ишонтириши керак.

«Мен энг тажрибалиман», «Мен ҳамма нарсани қила оламан», «Мен ҳар қандай жиноятни оча оламан» каби индивидуал жиҳатдан муҳим бўлган ўзини ўзи ишонтириш усули жуда самаралидир. Ушбу ўзини ўзи ишонтириш қобилиятини улардан кундалик амалиётда юзага келадиган қийин вазиятларни барта­раф этиш учун рағбат сифатида доимий фойдаланиб, албатта машқ қилдириш керак.

Ўзига ўзи буйруқ бериш усули­дан фойдаланиш. Интизомли раҳбар ходим «Керак!», «Бардам бўл!», «Чида!», «Ишла!», «Бошқар!» каби ички буйруқлар ёрдамида ўзини яхши бошқариши мумкин. Қўшимча буйруқлар ёрдамида ўзини мажбурлаш қобилиятини мунтазам равишда машқ қилдириш муҳим.

Образлардан фойдаланиш. Ижодий тафаккурга мойил шахс­ларга тақлид қи­лишга асосланган усул ёрдам беради. Тақлид қилиш учун образни тасаввур қила олиш, керакли ролга кира олиш ўз хатти-ҳаракати услубига эга бў­лишга ва нафақат ўз ҳолатини бошқаришга, балки турли тоифадаги фуқароларга руҳий таъсир кўрсатишга ҳам ёрдам беради.

Вазиятни мақсадга йўналган тарзда тасаввур қилиш. Бирон-бир бошқарув қарорини қабул қилиш ёки асабий зўриқишни йўқотишда мақ­садга йўналган ижобий тасаввур қи­лишдан фойдаланиш ёрдам беради. Бунда устозларнинг ўгитлари, тажрибалари, идеал ҳисоблаган раҳбарларнинг ушбу вазиятдаги ҳаракатларини эслаш тавсия этилади.

Ўзни чалғитиш усуллари. Ўзини ўзи бошқаришнинг фаол усулларидан фойдаланиш қийин бўладиган ҳолатлар бўлиши мумкин. Кўпинча бу сезиларли чарчаш, тушкунлик кайфиятлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда руҳий зўри­қишни турли хил чалғитиш воситалари ёрдамида йўқ қилиш мумкин. Бу воситалар вазифасини кўп марта қизиқиб ўқиладиган китоб, мусиқа, ёқиб қолган филм ва бошқалар бажариши мум­кин.

Мускуллар тонусини онгли равишда бошқариш. Мускуллар тонуси – ҳиссий ҳолатнинг кўрсаткичларидан бири. Одатда норационал асабий-руҳий зўриқиш мускулларнинг кераксиз зўриқиши билан бирга кечади, бу эса, ўз навбатида, асабий зўриқишни янада оширади. Бунда мускуллар тонусини, масалан, инсон юзидаги мускуллар тонусини ихтиёрий бошқариш маҳо­рати катта аҳамиятга эга бўлади. Қовоғингизни солишингиз, хафа бўлгандек қиёфага киришингиз билан ҳақиқатан ҳам қайғу босади. Ва, аксинча, жилмайиш мўжиза яратишга қодир. Оғир вазиятда ҳам жилмая олиш, ўринсиз тортинчоқликни ташлаш, руҳий зўриқишни йўқотиш инсоннинг ўз имкониятларини ях­широқ рўёбга чиқариш қобилиятини оширади.

Нафас олишнинг ўзини ўзи бошқариш воситаси сифатидаги аҳамияти. Юқорида таъкидлаганимиздек, нафас олиш ҳиссий-иродавий ўзини ўзи бошқариш тизимида муҳим ўрин тутади. Тўғри нафас ола билиш ўзини ўзи бошқариш усулларини эгаллашдаги муваффақият учун асос бўлади.

Бир қатор ҳолларда кескин асабий зўриқишни бартараф этиш учун чуқур нафас олиб, 20–30 сонияга нафасни ушлаб туриш мумкин. Шундан кейинги нафас чиқариш ва кетидан келадиган такрорий чуқур компенсатор нафас олиш аҳволнинг барқарорлашишига ёрдам беради.

Ўзини ўзи бошқаришнинг юқорида таклиф этилган оддий усулларининг ҳар бири, табиийки, чуқурлаштирилиши ва кенгай­тирилиши мумкин. Шу боис аввал характерингиз ва темпе­раментингизга кўпроқ мос келадиганларини, мунтазам равишда қўллаш учун энг қулай кўринганларини танлаш зарур. Ўзин­гизнинг индивидуал хусусиятларингиз танлов мезони бўлиши керак. Бундан ташқари, ўзини ўзи бошқариш усуллари йўналиши бўйича фарқланиши мумкинлигини инобатга олиш зарур. Бир вазиятда улар асабий зўриқишни бартараф этиш, тинчланиш, меҳнат қобилиятини тиклашга ёрдам берса, бошқасида – са­фарбарликка, хизмат шароитларига энг мос келадиган руҳий ҳолатга киришга ёрдам беради.

Бахтиёр Сирлиев, 

подполковник.