Халқимизнинг севимли фарзанди, истеъдодли шоир ва публицист Хуршид Даврон 1952 йил 20 январ куни Самарқанд вилояти, Самарқанд туманидаги Чордара қишлоғида туғилган.

Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган. Турли нашриёт ва ижодий ташкилотларда, жумладан, Маънавият ва маърифат марказида раҳбар ўринбосари, Ўзбекистон телевидениеси «Ёшлар» телеканалининг бош директори лавозимларида ишлаган.

Катта адабиётга кириб келиши 1976 йили «Гулистон» журналида устоз шоир Эркин Воҳидовнинг оқ йўли билан бошланган.

Дастлабки шеърлар тўплами – «Қадрдон қуёш» (1979). «Шаҳардаги олма дарахти» (1979), «Тунги боғлар» (1981), «Учиб бораман қушлар билан» (1983), «Тўмариснинг кўзлари» (1984), «Болаликнинг овози» (1986), «Қақнус» (1987), «Полёт одинокой птици» (1989), «Самарқанд хаёли» (1991), «Баҳордан бир кун олдин» (1997) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

Хуршид Даврон 90-йилларда шеъриятдан кўра насрий жанрларда самарали ижод қилди. У олис ўтмишда яшаган унутилмас тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб, улар ҳақидаги мўътабар қўлёзма манбалар билан танишди ва Бибихоним ҳақида «Самарқанд хаёли» (1991), Улуғбек ҳақида «Соҳибқирон набираси» (1995), Шайх Кубро ҳақида «Шаҳидлар шоҳи» (1998) каби тарихий-маърифий киссаларни яратди. Хуршид Даврон бу асарлари билан 90-йилларда Ўзбекистонда тарихий ўтмишга бўлган муносабатнинг яна ҳам қизғин тус олишига муносиб ҳисса қўшди.

Хуршид Даврон бундай тарихий сиймолар ҳаётини пухта ўрганиб, улар ҳақида саҳна асарлари ҳам ёзди («Мирзо Улуғбек» – «Алғул», 1995; «Бобуршоҳ», 1996). Хуршид Даврон тарихий мавзудаги бу асарлари билан ҳозирги ўзбек драматургиясига ўтмишда яшаган ажойиб ватандошларимизнинг ёрқин образларини олиб кирди.

Хуршид Даврон Самарқандда Амир Темурнинг 660, Улуғбекнинг 600 йиллигига, Парижда «Одеон» театрида Бухоро ва Хиванинг 2500 йиллигига бағишлаб ўтказилган театрлаштирилган томошалар ва 21 қисмдан иборат «Темурнома» видеофилми ва «Бухорои шариф» (2 қисмли) телефилми сценарийлари муаллифи ҳамдир.

Шарқ ва Ғарб шоирларининг асарларидан иборат «Қирқ бир ишқ дафтари» (1989) ва япон шоирларининг шеърларидан таркиб топган «Денгиз япроқлари» (1988) тўпламларини ўзбек тилига таржима қилган.

«Дўстлик» ордени билан мукофотланган.