Халқимизнинг буюк фарзанди, атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов эл-юртимиз учун фидойи раҳбар, бетакрор ва беназир шахс эди. 

Таниқли адиб 1917-йилнинг 6-ноябрида Жиззах шаҳрида таваллуд топган. У 1947 йилдан бошлаб “Қизил Ўзбекистон” (“Ўзбекистон овози”) газетасида муҳаррир, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Олий кенгаши раёсатининг раиси, Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби сифатида фаолият олиб борган.

Рашидовнинг ижоди 30-йилларнинг иккинчи ярмида бошланган бўлиб, “Самарқанд куйлари”, “Қаҳрим” каби тўпламлари чоп этилган. Ш. Рашидов айни чоғда адабиёцҳунос ва мунаққид сифатида ҳам қалам тебратган.

Адибнинг ижодида мақоланавислик муҳим ўринни эгаллайди. Унинг “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” каби романларида ўзбек халқнинг урушдан кейинги тикланиш йилларидаги меҳнат жасорати ўз бадиий ифодасини топган.

Ижодкорнинг “Кашмир қўшиғи” (1957), “Комде ва Мудан” (1959) каби лирик қиссалари ва “Коинот” (1960) каби киноқиссаси анъанавий Шарқ достончилиги услубида битилган бўлиб, ёшлик, баҳор, гўзаллик, ҳаёт нашидаси мадҳига бағишланган.

Шароф Рашидов турмуш ўртоғи Хурсанд Ғофуровна билан тўрт қиз ва бир ўғилни тарбиялаб вояга етказишди. Уларнинг барчаси жамиятда ўз ўрнини топган, машҳур отасига муносиб фарзандлар бўлиб етишди.

Шароф Рашидов узоқ йиллар давомида катта мавқега эга бўлган шахсдир. У тўққиз йил Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумига, салкам йигирма беш йил Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига раҳбарлик қилди ва 66-йиллик умрининг ярмидан кўпини бевосита республикани бошқаришга сарфлади. Ёзувчи сифатида ҳам ўз даври муаммолари, қувонч ва ташвишларини ёритишга харакат қилди.

Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам эл-юртимиз манфаатини ўйлаб яшаган Шароф Рашидовнинг буюк хизматлари халқимиз хотирасида абадий сақланиб қолади.

Бугун Жиззах шаҳрида фаолият олиб бораётган Шароф Рашидов мемориал музейи ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.