Маънавият ва маърифат дарси

ХИХ аср бошида бошланган тўртинчи саноат инқилоби ютуқлари асосида шаклланган постиндустриал моделнинг ўз тараққиёт йўлида жадал ривожланиши кутилмаган оқибатларга олиб келди. Айниқса, ХХИ асрга келиб, унинг глобал моделга ўтиши дунёдаги мавжуд геосиёсий вазиятни ўзгартириб юборди. Бугунга келиб эса жаҳон архитектурасининг инсониятни бирлаштиришга қаратилган ягона геосиёсий моделини хавф остида қолдирди.

Турли қарама-қарши кучлар ва марказлар ўз манфаатлари йўлида халқаро ҳуқуқ нормаларига очиқ­дан-очиқ зид равишда ҳаракат қилишлари эски ва янги ихтилофлар, можароларни қўзғаб юборди. Натижада ҳозирги кунда дунёнинг 22 та мамлакатида нотинчлик ҳукм суриб, урушлар аланга олганлигини кузатиш мумкин. Фикримизча, бу аянчли ҳолатлардан тўртта жаҳон геосиёсати йўналишларини белгилаб бермоқда.

Биринчиси, ҳарбий қудрат ва салоҳиятга эга бўлган давлатлар ўз ҳудуд ва таъсир доираларини кенгайтириш мақсадларидан воз кечмасдан, қуролланиш пойгасига зўр беришмоқда. Натижада 2022-йилдан эътиборан, Украинада, Исроил–Фаластин, Арманистон–Озарбайжон, Покистон–Ҳиндистон, Жанубий ва Шимолий Ко­рея, Сербия–Косово, Туркия–Греция, Исроил–Эрон каби мамлакатларда азалдан мавжуд бўлган можаролар янги тус олмоқда.

Иккинчиси, 2024-йилда дунёнинг 70 та мамлакатида президентлик ёки парламент сайловлари бўлиб ўтади ва уларда жаҳон аҳолисининг ярмидан кўпи иштирок этиб, ўз етакчиларини сайлаб олишади. Ушбу электорал сайловлар натижалари нафақат мазкур давлатларга, балки жаҳон сиёсати ва хавфсизлигига ҳам муайян таъсир ўтказиши ва янги ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Учинчиси, Америка–Хитой муносабатларининг ривожланиш динамикаси халқаро хавфсизлик тизими келажагини белгилаши мумкин. Зеро, Пекин ва Вашингтон муносабатларида ҳали ҳануз кескинлик ва зиддиятлар мавжуд.

Тўртинчиси, минтақалашув тенденсияси тобора кучайиб ва кенгайиб бормоқда. БРИКС, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа минтақавий ташкилотларга аъзо давлатлар «Катта еттилик» мамлакатларига муқобил бўла оладиган, ўзининг глобал бошқарув тизимига эга бўлган, иқтисоди барқарор ўсишни узлуксиз таъминлаётган ва барқарор ривожланаётган давлатлардир. Уларнинг сони муттасил ўсиб бораётганлиги, ҳамкорликда турли соҳаларда эришаётган ютуқ ва муваффақиятлари кўплаб давлатларда қизиқиш уйғотмоқда. Ўз навбатида бу давлатлар ҳам улар сафига кириш хоҳиш-истакларини билдиришмоқда.

Мазкур минтақавий ташкилот ва бирлашмалар фаолиятига чуқурроқ эътибор қаратилса, бугунги геосиёсий манзара янада ойдинлашади. Масалан, БРИКС минтақавий иқтисодий бирлашмасига 2009-йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой аъзо бўлган, 2011-йилда эса Жанубий Африка Республикаси қўшилган. 2023-йилда Брикснинг Ёханесбург шаҳрида бўлиб ўтган саммитида янги 5 та давлат – Эрон, Саудия Арабистони, Миср, Эфиопия ва БАА қўшилди. Бирлашмага аъзо бўлиш учун яна 23 та давлат ариза топширган.

БРИКС нафақат иқтисодий бирлаш­ма, балки ўзига хос сиёсий бренд сифатида ҳам танилди. Масалан, унинг Тараққиёт банки томонидан аъзо мамлакатлар учун ўз рақамли валютасига ўтишга ҳозирлик эълон қилиниши халқаро майдонда Ақшни асосий молиявий-иқтисодий манбайи бўлган долларнинг миллий иқтисодларидан мосуво қилиши мумкинлиги ҳақида башорат қилинмоқда. Бирлашманинг бундай қадамлари жаҳон геосиёсати ва иқтисодий муносабатларига ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

Жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида тобора нуфузи ортиб бораётган ШҲТ 2001-йилда тузилган минтақавий халқаро ташкилот бўлиб, Хитой, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон унинг асосчилари ҳисобланади. Бугунги кунда ташкилот­га 10 та давлат аъзо, учта давлат кузатувчи мақомига, 14 та давлат ташкилот билан мулоқот қилиш бўйича ҳамкор мақомига эга. Бу эса ташкилотнинг халқаро сиёсатдаги ўрни ва нуфузининг ортиб бораёт­ганлиги ҳамда ҳозирги мураккаб геосиёсий вазиятда минтақа мамлакатлари бирлашуви мустаҳкамланаётганлигидан далолатдир.

 

Шҳтнинг яқинда Остона шаҳрида бўлиб ўтган «ШҲТ плюс»форматидаги учрашувда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Глобал сиёсий ва иқтисодий «парчаланишлар», урушлар ва можаролар халқаро муносабатлар тизими асоси ва ҳал қилувчи тамойилларининг емирилишига олиб келмоқда», деб таъкидлади.

Янги жаҳон тартиботи шаклланаёт­ган ҳозирги даврда Туркий давлатлар ташкилоти бутун минтақамиз хавфсизлиги гарови бўлиши лозимлиги ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Ушбу ташкилотга аъзо давлатларнинг иқтисодий ва инсон ресурслари унинг глобал тинчлик ва хавфсизлик масалаларида жаҳоннинг асосий геосиёсий кучларидан бирига айланишига имконият яратади. Зеро, сиёсий ўзгаришларнинг янги босқичида узоқ муддатли хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун ижтимоий ва табиий омилларни инобатга олиш зарурлиги, ҳамкорлар билан рақобат эмас, фақат биргаликда ҳаракат қилиш ва келажак авлод олдидаги масъулиятни ҳис этган ҳолда, барқарор тинчлик ва хавфсизликка эришиш мумкинлиги исботланмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлашимиз лозимки, жаҳонда кечаётган мураккаб ҳамда хавфли таҳдид ва тажовузлар жараёнида фақатгина эзгулик, тинчлик, барқарорлик, ҳамкорлик ва дўстлик йўлини танлаган мамлакатларгина биргаликда ушбу муаммоларни ҳал этишлари мумкин. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги ташаббус ва таклифлари жаҳон ҳамжамияти, БМТ, шунингдек, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда давлатлар раҳбарлари, сиёсатчилар томонидан илиқ кутиб олинмоқда, маъқулланмоқда, бу эса кўп векторли Ўзбекистон ташқи сиёсатининг нақадар прагматик ва очиқ эканлигининг далолатидир.

 

Шуҳрат ҒОЙИБНАЗАРОВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор,

истеъфодаги полковник.