Фарзандларини еру кўкка ишонмай юрган Фотимани Аллоҳнинг яна бир имтиҳони кутарди. Бир куни гўдак ўғли Муҳаммад атак-чечак қилаётиб, йиқилди. Шунда ерда ётган бир шохча унинг кўзига зарар етказди. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, она фарзандининг кўрмаётганини билди. Фотима дунёни унутди, Аллоҳга нола қилди. Шу топда ўғлининг кўра олиши эвазига ҳамма нарсасини беришга тайёр эди. Катта ўғли билан бирга бухоролик машҳур табибникига жўнашди.
Қартайган, кўзлари қисиқ, титроқ қўлли табиб болани обдон синчиклаб кўриб, даволашга ожиз эканини айтди. “Шифо ёлғиз Аллоҳдан!” деб таскин ҳам берди. Фотима табиб ҳузуридан бўшашиб, оёқ-қўли ҳолсиз қайтди. Шу соатдан бошлаб она саросимага тушди. Неча кундир, тунлари бедор, кундузлари рўзадор. Аллоҳга илтижо билан ёлворади, фарзандининг касалига шифо сўрайди. Ана шундай кунларнинг бирида жуда толиқиб, озроқ ухлаган эди, туш кўрди. Ҳасса тутган баланд бўйли, юзи нурли, кўркам соқолли бир қария тушига кирди. Кейин билса, бу зот Иброҳим Халилуллоҳ (алайҳиссалом) эканлар. У киши Фотима қаршисига келиб, унга хурсанд ҳолда: “Эй аёл, Аллоҳга кўп ёлбориб йиғлаганинг, тинмай дуолар қилганинг самарасиз кетмади, меҳрибон Аллоҳ ўғлингга кўзларини қайтариб берди”, деди. Она уйқудан юраги ҳаприқиб уйғонди. Шошилинч ўғли ётган хонага чопди. Кириб қараса, кўзи яна ҳаммаёқни кўра бошлаган ўғли ўринда жилмайиб ётарди. Фотима умид-илтижоси мукофотига берилган бу яхшиликдан чексиз севинди. Аллоҳга ҳисобсиз шукрлар айтди, ҳамду сано йўллади.
Алалқисса, онаси суюб-ардоқлаб ўстирган бу бола кейинчалик ҳадис илмининг султони, улуғ муҳаддис Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (Имом Бухорий) бўлиб етишди.
