Маънавият ва маърифат дарси
Маърифатпарвар, ўзбек жадид адабиётининг ёрқин вакили Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1898-йилда Андижоннинг Қатортерак маҳалласида савдогар оиласида дунёга келди. Чўлпоннинг отаси Сулаймонқул Мулла Муҳаммад Юнус ўғли ўз даврининг етук зиёлиси, маърифатпарвар кишиси бўлган.
Чўлпон аввал эски мактабда, сўнгра мадрасалар ва рус-тузем мактабида таҳсил олади. Араб, форс ва рус тилларини мукаммал ўзлаштиради. Мутолаа йўли билан турк, немис ва инглиз тилларини ўрганади. Шарқ ва Ғарб ижтимоий-сиёсий қарашларидан озиқланади. Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз, Умар Хайём, Алишер Навоий ижодини меҳр билан ўрганади. Чўлпон дунёқараши ва ижодининг шаклланишига ХХ аср бошларидаги жадидчилик ҳаракати катта таъсир кўрсатган. У ўн етти ёшидан жадид нашрлари билан алоқа боғлайди, уларда аввалига кичкина хабарлари, сўнг назмий ва насрий машқлари, публицистик мақолалари билан қатнаша бошлайди. Эътиборлиси, у нафақат Туркистон, балки Қрим, Татаристон, Бошқирдистонда чоп этилган газета-журналларда ҳам қатнашишга ҳаракат қилган.
Чўлпоннинг ижоди 1913–1914-йиллардан бошланган. Лекин босма нашрда илк бор 1914-йил «Садойи Туркистон» газетасининг 3-сонида «Туркистонли қардошларимизга» мақоласи билан кўриниш беради. У аввал «Қаландар», «Мирзақаландар», «Андижонлик» ва ниҳоят «Чўлпон» тахаллуси билан ижод қилди. Шоирга «Чўлпон» тахаллусини буюк маърифатпарвар Мунаввар қори Абдурашидхонов берган эди. Шундан сўнг «Садойи Туркистон» ва «Садойи Фарғона» газеталарида бирин-кетин «Қурбони жаҳолат», «Доктор Муҳаммадиёр» номли ҳикоялари, «Баҳор авваллари» этюди, «Адабиёт надир?» ва «Муҳтарам ёзғучиларимизга» номли адабий-танқидий, «Ватанимиз Туркистонда зироат ва деҳқончилик» ҳамда «Ватанимиз Туркистонда темир йўллар» номли публицистик мақолалари эълон қилинди.
Унинг адабиётга қўйган жиддий қадами 1922–1935-йилларда нашр эттирган китобларида ўз аксини топган. Бу даврда у ўзининг «Уйғониш» (1922), «Булоқлар қучоғида» (1923), «Тонг сирлари» (1926), «Соз» (1935) шеърий тўпламларини нашр эттирди. 30-йилларга келиб «Жўр» шеърий тўпламини тайёрлади. Аммо тўплам қатағонлик тузоғига илиниб, қолиб кетади. Шоирнинг тўпламлари орасида «Булоқлар қучоғида» (1923) алоҳида ажралиб туради. Тўплам беш бўлимдан иборат бўлиб, улар «Шарқ учун», «Сезгилар», «Севги», «Қора йўллар» ва «Қор қўйнида» деб номланади. Шоирнинг ўзи қайд этишича, мазкур шеърий гулдаста «жаҳон фотиҳлари чангалида эзилиб ётқон Шарқ ўлкаларига» бағишланган. Жумладан, «Амалнинг ўлими» шеърида шундай мисраларни ўқиймиз:
Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар,
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда инграган бу жонлар кимлар,
Қуллар ўлкасининг инсонларими?
Халқимиз қалбидан жой олган «Қаландар ишқи», «Кўнгил», «Бинафша» каби шеърлари айнан шу тўпламда чоп этилган. Умуман, матбуотда эълон қилинган илк асарларидаёқ, миллатнинг маънавий қашшоқланиши ва юртининг тутқунлигидан юраги пора Чўлпон ўз армонларини оммага юқтириб, уни мавжуд ҳолатдан чиқишга даъват қилаётган безовта қалб эгаси сифатида бўй кўрсатади.
«Қурбони жаҳолат» ҳикоясида икки хил воқеани қаршилантириш орқали ўқувчига таъсир ўтказишга ҳаракат қилади. Бунда Эшмурод ҳамда Мўминжон образларини ўзаро солиштиради. Мўминжонга ўхшаш жаҳолат ботқоғига ботган инсонларни маърифатлантириш жамиятнинг асосий муаммоси эканлигини тасвирлайди. Мадраса талабаси Мўминжоннинг гап-сўзлари ҳам муаллифни ўйлантириб келаётган муаммоларни тақдим этиш учун «айттирилади». Фикримизча, Чўлпоннинг муҳим ижтимоий муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳам публицистик, ҳам насрий, ҳам шеърий асарларида кўтараётгани миллатни уйғотиш ғоялари билан изоҳланади. Миллат болаларининг адабиётга ошно тутинишини истаган Чўлпон «Адабиёт надир?» мақоласида адабиёт ҳақида шундай дейди: «Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар. Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур. Муни инкор қилиб бўлмас. Инкор қилғон миллат ўзини инқирозда эканун билдирур».
Унинг назаридан иқтисодиёт, деҳқончилик масалалари ҳам қолиб кетмайди. Бир мақоласида темир йўлларнинг ўтказилиши юртни обод қилиши, чекка жойлардаги ҳаётни жонлантириши,«қишлоқларга ҳам маданият» олиб киришини ўйлаб қувонгани ҳолда, Чўлпон қишлоқликлардан «Оврупо мўдаси»га учмасликни ўтинади: «Оврупонинг мўдаси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан, асир-қул қиладур. Бундан сақланингиз!»
Иқтисодиётни ривожлантириш масалаларига айрича эътибор бера бошлаган Чўлпон ўзлаштирилиши лозим бўлган маданиятлар сирасига «ҳунар»ни киритаркан, бу сўзга кўп маъно юклаётгандек, уни кенг маънода тушунаётгандек кўринади. Фикримизча, адиб бу ўринда Европанинг тараққиётда илгарилаб кетишига имкон берган қатор омиллар: ишлаб чиқариш-у иш юритиш маданияти, хўжаликни бошқариш усуллари, қишлоқ хўжалиги-ю саноат техникаси ва технологияси кабиларни назарда тутади. Унинг «Оврўпо мўдаси»га учмаслик кераклиги ҳақидаги фикрлари бугун учун ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.
Чўлпон «Новвой қиз», «Ойдин кечаларда», «Қор қўйнида лола» каби ўнлаб ҳикоялар, «Кеча ва кундуз» (1936) каби ажойиб роман ҳам яратган истеъдодли адибдир. У драматург сифатида ҳам салмоқли ижод қилган. Унинг «Халил фаранг», «Чўрининг исёни» каби кичик песалари, «Ўртоқ Қаршибоев», «Муштумзўр» каби драмалари ҳамда кўп вақт саҳнадан тушмаган «Ёрқиной» песаси машҳур бўлган.
Чўлпон моҳир таржимон сифатида Шекспирнинг «Ҳамлет» фожиасини, Пушкиннинг «Дубровский» қиссаси ва «Борис Годунов» песасини, Горкийнинг «Она» романини ва бошқа кўплаб асарларни ўзбек тилига ўгиради.
Чўлпон миллий истиқлол йўлидаги курашидан бир он бўлсин тўхтаб қолмайди. Жумладан, «Тилак йўлида» шеърида:
Кетган йўлим тўғри йўлдир, кетамен,
Қандай тўсиқ моне бўлса, ўтамен,
Мен кетамен, тилак, дея кетамен,
Ҳеч тилаксиз қуруқ жонни нетамен?
Бир жон экан, майли қурбон этамен!.. –
дея эл-юрт, она Ватан йўлида қурбон бўлди.
У Абдулла Қодирий, Фитратлар каби 1937-йилнинг 14-июлида қамоққа олиниб, 1938-йилнинг 4-октабрида отиб ташланган. Энг ачинарлиси, уларни ўлдириш ҳақидаги қарорга 5-октабрда имзо чекилган эди.
Чўлпоннинг асарлари узоқ вақт давом этган танаффусдан кейин 1991-йил «Яна олдим созимни» номи билан нашр этилди.
1991-йил 25-сентабрда Чўлпонга Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти берилди. 1997-йили адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан унинг кўплаб асарлари янгидан нашр этилди ва у ҳақда илмий тадқиқотлар яратилди.
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон миллий озодлик учун кураш йўлида кўрсатган матонати ва буюк хизматлари, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун 1999-йилда «Мустақиллик» ордени билан мукофотланди.
Шоира БОБОМУРОДОВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти,
Шоҳсанам ШАРОФИДДИНОВА,
2-босқич талабаси.
