Маънавият ва маърифат дарси Баҳром САИДОВ,
ИИВ Академияси Илмий кенгаши котиби, юридик фанлар доктори, доцент.
Давлатнинг асосий функсияларидан бири ҳуқуқ-тартиботни сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ички ишлар органлари муҳим ўрин тутади. Бугун ички ишлар органлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашнинг асосий кафилидир.
Мустақиллик йилларида ички ишлар органлари тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, ички ишлар органларининг маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш учун ташкил этилган қуйи бўғинини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича салмоқли натижаларга эришилди. Бу эса, ўз навбатида, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, юртимизда жиноятчиликнинг ўсишига йўл қўймаслик имконини берди.
Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниши муносабати билан ички ишлар органларининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ва шартларининг қонун даражасидаги ҳуқуқий асоси вужудга келди. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишнинг мустаҳкам ҳуқуқий замини яратилди.
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, диний экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чораларни кучайтириш, коррупсияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ташкил этиш билан боғлиқ аниқ вазифалар белгиланди.
Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳалари сингари, ички ишлар органлари тизимини ҳам ҳар томонлама, изчил ва жадал ривожлантиришнинг консептуал ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу муҳим ҳужжатга асосан, ўтган вақт мобайнида кенг кўламли ислоҳотлар, улкан тарихий аҳамиятга молик ишлар амалга оширилиб, ички ишлар органларини халқ манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилган янги профессионал тузилмага айлантиришга, мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни, осойишталикни ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини кафолатлашга қаратилган ислоҳотлар ўзининг кутилган натижаларини бермоқда.
Бир сўз билан айтганда, Ҳаракатлар стратегиясида таъкидланган «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» принсипи ички ишлар органларининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, ички ишлар органларининг фуқаролар билан доимий ва очиқликка асосланган мулоқотларининг йўлга қўйилгани, уларни ўйлантираётган, қийнаётган масалаларни ҳал этиш соҳавий хизматлар раҳбарлари ва ходимлари олдидаги биринчи даражали вазифага айлангани, халқимизнинг орзу-истаклари рўёбга чиқишига, эртанги кунига ишончи мустаҳкамланишига, бунинг натижасида ички ишлар органларининг халқ орасида обрўйи ошишига хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ички ишлар органлари жамият ҳаётида нақадар муҳим ўрин тутиши ҳақида алоҳида тўхталиб, «Халқимиз Яратгандан аввало тинчлик-хотиржамликни сўрайди. Шундан сўнг, ўз уйим, бошпанам бўлса, оилам, бола-чақам билан соғ-саломат яшасам, дейди. Биз халқимизнинг ана шундай орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун иккита масалага, яъни ички ишлар ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратаяпмиз», деб таъкидлаган.
Сўнгги тўрт йил вақт мобайнида барча соҳалар сингари ички ишлар тизимида ҳам кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар органларини эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз 25 октабр – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида, «Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим бу – ички ишлар соҳаси, десак, айни ҳақиқат бўлади», деб таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари, жамият ҳаёти учун катта таҳдид бўлган уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, коррупсия, одам савдоси ва наркотрафикка қарши кураш кучайтирилгани, бу борада илм-фан ютуқлари ва илғор технологиялардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилгани, ана шундай ислоҳотлар натижасида ички ишлар органлари замонавий техника билан таъминланган, халқчил ва очиқ, криминоген вазиятни мустаҳкам ва ишончли назорат қила оладиган, мобил ва ихчам тузилмаларга айланиб бораётганини, энг муҳими, соҳа ходимларининг маънавий қиёфаси, жамиятимиздаги обрў-эътибори юксалиб бораётганини қайд этди.
Ҳақиқатан ҳам, ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилаётгани, соҳада ўз бурчи ва қасамёдига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар ходимлар сони кўпайиб бораётгани, ички ишлар органи бошлиғидан тортиб профилактика инспекторигача халқ олдида ҳисобот берадиган амалиёт жорий этилгани аҳолининг ислоҳотларга бўлган ишончини янада оширмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг ички ишлар органларида, аввало, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар ва ходим фаолиятининг кундалик қоидаси бўлишига, бошлиқлар таркибининг якуний натижа учун шахсий жавобгарлигини оширишга, фуқаролар мурожаатларини қисқа муддатларда ҳал қилишга, шунингдек, ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бу ички ишлар органларининг барча бўғиндаги раҳбарлари ва ходимларидан юксак масъулият, ватанпарварлик, юклатилган вазифаларни бажаришга сидқидилдан ва виждонан ёндашиш, ташкилотчилик, меҳнацеварлик ҳамда ташаббускорлик каби фазилатларни талаб қилади.
Маълумки, тизимда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар энг аввало, етук малакали мутахассис кадрлар фаолиятига боғлиқ. Шу боис ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш мезонлари ва шартларини янада такомиллаштириш, интеллектуал ва профессионал билим даражаси, маънавий-ахлоқий савияси юқори бўлган кадрларни тайёрлаш, ходимлар малакасини ошириш, раҳбар кадрлар захирасини яратиш каби жараёнларни, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот масалаларида юқори самарадорликка эришган мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда ташкил этиш давр талабига айланди.
Тизимда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини аниқлаш ва комплекс баҳолаш бўйича шаффоф рақамли электрон дастурни жорий этиш, бунинг учун, унинг индикатор ва субиндикаторларини шакллантириб амалиётга татбиқ этиш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса ички ишлар органлари соҳавий хизматлари раҳбарларининг ҳудудларда ҳуқуқ устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш борасидаги масъулиятини кучайтиришга, бунинг натижасида тегишли халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг ўрни янада яхшиланишига хизмат қилади.
Шу боис хизматга янгича ёндашиш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш, фидойилик ва жонкуярлик кўрсатиш ички ишлар органларининг барча бўғиндаги раҳбар ва ходимлари хизмат фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур.
Зотан, ички ишлар органи давлатнинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим сифатида юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётнинг янги даври пойдеворига ҳам муносиб ҳисса қўшиши лозим.