Сиз кутган учрашув
Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, «Шуҳрат» медали соҳибаси Дилноза Кубаева 1986 йилда Тошкентда таваллуд топган. 2004 йилдан буён Ўзбек Миллий академик драма театрида «Ўткан кунлар», «Имон», «Қуёшни сен уйғотасан», «Ўжарлар» каби кўплаб спектаклларда, шунингдек, «Келгинди келин», «Телба», «Ҳижрон», «Кечиккан ҳаёт», «Фарзандим», «Барон» сингари 30 га яқин филмлардаги ўз иштироки билан томошабинлар олқишига сазовор бўлган.
– Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мунаввара Абдуллаева ва Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев курсида ўқиганман. Улар актёрликнинг нозик жиҳатларини ўргатиш билан бир қаторда, ҳаёт йўлида қимматли маслаҳатларини беришган, – дейди Дилноза Кубаева.
Театр ва кинода ранг-баранг ижролари билан нафақат устозларининг ишончини оқлаб, балки санъацевар халқимизнинг меҳрини ҳам қозониб келаётган истеъдодли актриса Дилноза Кубаева яқинда «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланди.
– Дилнозахон, аввало, унвон муборак бўлсин! Ушбу мукофотни қабул қилиб олаётганингизда кўнглингиздан нималар кечди?
– Ҳожиакбар Комилов, Раъно Ярашевадан кейин Дилноза Кубаева, дея чақиришганидан жуда суюндим. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театри актёрларининг уч нафари ҳам шу мукофот билан тақдирланди. Рўйхат узун эди. Агар битта ўзим бўлганимда бунчалик қувонмаган бўлардим. Одатда кўпчилик билан бўлган ишни, ҳаётимдаги хурсандчилигимни ҳам ҳамма билан бўлишишни яхши кўраман. Театрда бир бўлак нонни, ҳатто битта конфетни ҳам бўлаклаб улашадиган устозларимиз бор эди. Ҳаётимда кўрганларим, кузатганларим мен учун катта сабоқдир.
– Театр, умуман, санъат ҳаётнинг инъикоси эканлиги бор гап. Сиз ўз ижроингизни ҳаётийлик билан бойитишда кўпроқ қайси жиҳатларга эътибор қаратасиз?
– Аввало, асарда мантиқ бўлиши керак. Агарда мантиқ бузилган бўлса, адиб ва режиссёр билан маслаҳатлашиб, бир фикрга келишга ва ролимни табиий ижро этишга ҳаракат қиламан. Саҳнада ижроимга аввал ўзимни кейин томошабинни ишонтириш – бош мақсадим.
– «Барон» филмида оддий эпизодик ролда томошабинга ниҳоятда чуқур маънони етказиб бера олгансиз? Айниқса, Иззатнинг ўз боласи билан божхона постидаги суҳбати саҳнаси...
– Бу саҳна мен учун ниҳоятда қийин кечган. Мен айнан шу саҳнада ролим табиий ва ишонарли бўлиши учун кинокартина режиссёри Рустам акага кўп мурожаат қилганман. Чунки мен жуда ҳиссиётга бой аёлман. Бунақа оғир, вазмин аёл образи, қолаверса, атрофда айғоқчилар бор. Турмуш ўртоғимнинг махсус хизмат одами эканлигини сездирмасликка ҳаракат қилишим керак. Бу образнинг муҳим нуқтасини топиб олишим ва ижро этишимда Рустам ака ўзлари ёрдам берган ва ҳар бир ҳаракатимни бошқариб турган. Шундай вазиятларда сценарий муаллифи ва режиссёрларнинг ёрдамига суянаман, таянаман. Улардан сўрашдан уялмайман.
– Қатағон қурбонлари қатори, мислсиз азият чеккан адабиёт аҳлининг аччиқ қисматидан сўзловчи «Саид билан Саида» филмида сизни яна бир янги қиёфада кўрдик...
– Бу ролимда қаттиққўл, эркаклар билан бир сафда ишласа-да, нафис туйғуларини қалбининг бир чеккасида асраб яшайдиган ҳарбий аёл қиёфасини гавдалантирганман. Ҳаётда кўп кузатганман, шундай қийин, мураккаб соҳаларда хизмат қилса-да, тўрт қатор шеърдан таъсирланиб, тўкилиб-тўкилиб йиғлайдиган инсонлар бор. Улар санъатни, адабиётни тушунади ва қадрлайди. Шундай ички ишлар органлари ходимларини биламан, уларнинг қўлидан қалам тебратиш, шеър ёзиш, ажойиб тарзда қўшиқ куйлаш келади.
– «Кўргим келади» кинокартинасида Зиёда Алиева бўлиб, жазони ижро этиш муассасасидаги саҳналарда кўнглингиздан нималар кечган?
– Шу кинокартинада суратга тушиш жараёнида мен кулиш нималигини анча вақтгача унутганман. Қибрай туманидаги жазони ижро этиш муассасасида олинган бу саҳналар. У ерга киришнинг ўзидаёқ тўқ-тўқ ранглар билан чизилган бошқача бир олам сизни ўраб олади ва қандайдир сокинлик руҳиятингизга кўчади. Аввалига қамоқхона деворларига қараб, камераларга киришга қўрққанман. Лекин хаёлимни бир ерга жамладим. Қўрқишга, чўчишга ҳаққим йўқ, менга ишониб топширилган вазифани адо этишим керак, дедим. Ўша вазиятда онанинг мақсади нима бўлади? Бу оғир кунларни енгиб, фарзандини бағрига босишини ич-ичимдан ҳис этганимдан сўнг суратга олиш жараёнлари яхши ўтган. У ердаги режиссёр Жавоҳир Қосимов бошчилигидаги актёрлар ансамбли тўғри танланган ва жудаям яхши жамоавий иш бўлган. Ҳамма астойдил меҳнат қилган. Бизга муассасада хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларининг катта ёрдами теккан. Ҳар гал шу филмни кўрганимда улардан миннатдор бўламан. Яна бир фикр: улар ниҳоятда масъулияти оғир ва жиддий хизматни олиб боришса-да, санъатни ва санъаткорларни ҳурмат қилишига гувоҳ бўлганман.
– Бугун барча соҳаларда ўсиш-ўзгаришлар, ислоҳотлар жараёни кечмоқда. Кино ва театр соҳасида-чи? Умуман олганда, бугун экран юзини кўраётган кинолар ва театр томошаларидан кўнглингиз тўляптими?
– Давлат буюртмаси асосида олинаётган кинолар анча чиғириқлардан ўтади. Улардан кўнглим тўлади. Ҳозир хусусий кино ижодкорларимиз бироз тўхтаб қолишди. Эсингизда бўлса,
2005 йилдан хусусий филмлар жуда фаоллашиб кетган эди. Бундай киноларга «хонтахта» деган ном ҳам қўйишганди. Тўғриси, менга бу таъриф ёқмайди. Хусусий филм ҳам ижод. Ижодга нисбатан бунақа камситиш керакмас. Ўша «хонтахта»ларда ҳам яхши мавзулар кўтарилган шундай филмлар орқали танилганлар бор. Шундай филмларни соғинадиган мухлислар ҳам бор.
– Миллий театр саҳнасида қўйилаётган янги асарлар, ижодингиздаги янгиликлар ҳақида нималар дейсиз?
– Театримизда намойиш этилаётган «Адолат фасли» асари ижодимдаги янги спектакл ҳисобланади. Усмон Азим қаламига мансуб асарда Амир Темур бобомиз босиб ўтган улкан ҳаёт йўлининг бир парчаси саҳналаштирилган. Менга Амир Темурнинг келини Хонзодабегим ролини ишониб топширишган, юки бор образ. Мен ўзимни мана шундай драматик ролларда кўришни хоҳлайман.
– Муштарийларимизга тилакларингиз...
– Ички ишлар органлари либосини кийиш орзуим эди. Ҳаётда насиб қилмаган бўлса ҳам, ролларимда, масалан, «Адвокатлар»да ички ишлар органлари ходимаси ролини ижро этганман. Уларнинг либосини кийиш ёқади. Аммо унинг орқасидаги машаққатли меҳнат, фидойилик, вақтида ўзингдан, оромингдан кечиш кераклигини ҳам яхши биламан. Уларнинг шарафли хизматларида мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, кўнгил осойишталигини тилаб қоламан.
«Постда» мухбири
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА
суҳбатлашди.
