Экологик маданият – онгли равишда шаклланиб борадиган туйғу бўлиб, уни ҳаётимиз давомида амалий ҳаракатларимиз билан ривожлантириб боришимиз ва унга амал қилишимиз лозим. Содда қилиб айтганда, экологик маданият атроф-муҳитга нисбатан ижобий муносабатимиз, яъни табиат ва атроф-муҳитни асраш оилада, мактабда, маҳаллада, ҳар бир жамоада шаклланиб борадиган қадриятдир.
Мамлакатимизда табиий ресурслардан фойдаланишнинг ҳуқуқий меъёри ва миқдорини белгилаш ҳамда ушбу талабларга риоя этилмаган ҳолатларда ҳуқуқий жавобгарлик чораларини қўллаш масалалари билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинган. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 62-моддасида «Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар», 68-моддасида эса «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир» деган конституциявий-ҳуқуқий нормаларнинг белгиланганлиги ҳам мамлакатимизда истиқомат қилаётган фуқароларнинг табиий ресурсларга нисбатан экологик маданиятга эга бўлишини талаб қилади.
Бундан ташқари, фойдаланишимиз назарда тутилган табиий ресурслар алоҳида миллий қонунлар билан ҳуқуқий тартибга солинганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, табиатни ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, сувдан фойдаланиш, экологик экспертиза, ер ости бойликлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, экологик назорат, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги ўнга яқин қонунлар ва кодексларда ҳуқуқий нормалар ўз аксини топган.
Қайд этиш керакки, миллий қонунчилигимизда экология соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг барча жиҳатлари тартибга солинган бўлса-да, экологик таълим йўналишида илғор миллий ва хорижий тажрибани ўрганиш, улар асосида таълим олувчиларда экологик маданиятни шакллантиришнинг аниқ параметрлари ишлаб чиқилмаганлиги атроф-муҳитга ва умуман табиатдаги тикланмайдиган табиий ресурсларга бўлган муносабатларнинг ижобий эмаслигини билдиради.
Аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш мақсадида Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлатимиз раҳбарининг 2019-йил 30-октабрдаги «2030-йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони имзоланди ва амалга татбиқ этилди. Мазкур фармон асосида 2030-йилга қадар кутилаётган натижалар сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: Орол денгизининг қуриган тубининг Ўзбекистондаги қисмида ўрмонзорлар майдонини унинг жами ҳудудига нисбатан
60 фоизгача етказиш, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини йўқотишни 10 фоизга камайтириш, қишлоқ хўжалигида сув истеъмолини (солиштирма гектарга нисбатан) 15 фоизга камайтириш, оқова сувларини тозалаш самарадорлигини
80 фоизгача ошириш, атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини 10 фоизга камайтириш, транспорт воситаларининг 80 фоизини газ-баллон ёқилғиси ва электр энергиясида ишлашга ўтказиш, ўрмонзорлар билан қопланган ўрмон фонди ҳудудини
4,5 млн гектаргача кенгайтириш, ИВ тоифадаги қўриқланадиган табиий ҳудудлар майдонини 12 фоизгача кенгайтириш, Қизил китобга киритилган ва питомникларда парвариш қилинган чиройли тувалоқларни табиатга қўйиб юборишни йилига 4000 гача кўпайтириш, аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари билан 100 фоиз қамраб олиш, ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 65 фоизгача кўпайтириш, алоҳида хусусиятга эга чиқиндилар (таркибида симоб бўлган чиқиндилар, автошиналар, аккумуляторлар, ишлатиб бўлинган мойлар, қадоқлар чиқиндилари ва бошқалар)нинг қайта ишлаш ҳажмини 30 фоизгача кўпайтириш кутилмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 27-майдаги «Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари, профессионал таълимда, олий таълимда, олий таълимдан кейинги таълимда, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда, мактабдан ташқари таълим тизимларида экологик таълимни узлуксиз йўлга қўшиш белгиланди. Шунингдек, Консепсиянинг 6-боби билан олий таълим тизимида экологик таълимни такомиллаштириш бўйича бир қатор устувор вазифаларни амалга ошириш режалаштирилди.
Президентимизнинг 2023-йил
23-ноябрдаги «Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, мамлакатимизда «Яшил макон» электрон платформаси яратилди ва амалда фаолияти йўлга қўйилди. 2024-йил 29-март куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳамда чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш масалалари тўғрисида»ги видеоселектор йиғилишида эса «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, унинг доирасида йилига
125 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланганлиги, хусусан, жойларда 444 та яшил боғ ва 160 та жамоат паркини ташкил қилиш ва «Менинг боғим» лойиҳасини ишга тушириш зарурияти мавжудлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, экологик маданиятни шакллантириш учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим:
биринчидан, инсоннинг яшаш муҳити бўлмиш биосфера ва экология тизимлари барқарорлигини сақлаб қолиш, одамларнинг экологик жиҳатдан хавфсизлиги, инсон ва унинг келгуси авлодлари генетик фонди ҳақида ғамхўрлик қилиш;
иккинчидан, фуқароларнинг ҳаёт учун қулай табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, барча турдаги таълим муассасаларида экология таълимини йўлга қўйиш мажбурийлиги;
учинчидан, жамиятнинг экологик, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини илмий асосланган ҳолда уйғунлаштириш;
тўртинчидан, табиатдан махсус фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш ва умумий асосларда фойдаланганлик учун ҳақ тўламаслик механизмларини ишлаб чиқиш;
бешинчидан, экология экспертизаси ўтказишнинг мажбурийлигини таъминлаш ва мониторингини олиб бориш;
олтинчидан, табиатдан оқилона фойдаланишни ва табиатни муҳофаза қилишни рағбатлантириш тизимини кенг йўлга қўйиш натижасида «Экотаълим», «Экомаҳалла», «Экошаҳар», «Экоҳудуд» ҳуқуқий мақомини оммавий жорий этиш;
еттинчидан, табиий ресурсларни тиклаш зарурлиги, атроф табиий муҳит ва инсон сиҳат-саломатлиги учун зарарли, тиклаб бўлмас оқибатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш;
саккизинчидан, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида миллий, регионал ва халқаро манфаатларни уйғунлаштириш;
тўққизинчидан, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларини бузганлик учун жавобгарликка тортиш масаласини соддалаштириш.
Ойбек ХОЛМЎМИНОВ,
ИИВ Академияси доценти,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, подполковник.
