Маънавият ва маърифат дарси

 Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,

Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.

У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор,

Жонингга юз роҳат беради такрор.

Абдураҳмон ЖОМИЙ.


Китоб билимлар манбаи эканлиги барчамизга аён. Айни пайтда унинг инсон маънавиятини ўстиришдаги ўрни ҳам беқиёс. Чинакам бадиий адабиёт намуналари китобхонга оқ-қорани, яхши-ёмонни танитади, унинг қалбига эзгулик уруғларини экади, кишини ҳаёт гўзалликларидан завқланишга ўргатади. Зеро, таниқли рус адибларидан бири бежизга «Ўзимдаги барча яхши хислатларим учун китобдан миннатдорман», демаган.

Ҳозирги кунда барча ҳудудларда китоб ярмаркалари ташкил этиляпти. Аҳоли ўртасида миллий ва жаҳон мумтоз адабиётининг юксак намуналари тарғиб қилиняпти. Энг фаол китобхонларни рағбатлантиришга қаратилган танловлар ўтказиляпти. Буни ички ишлар органлари тизими мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Лекин киши аслида танловларда ғолиб чиқиб, мукофотларни қўлга киритиш учун эмас, руҳий оламини бойитиш учун китоб ўқиши керак. Бадиий асар мутолааси инсоннинг маънавий эҳтиёжига айланиши лозим.

Нафсиламрини айтганда, ҳали ҳам китоб ўқиш ўрнига қимматли вақтини интернет тармоғида беҳуда совураётган ёшлар талайгина. Ҳатто катталар орасида ҳам «ўргимчак тўри»да росту ёлғон хабар ортидан қувадиганлар оз эмас. Ахир, ўша хабарларнинг аксарияти киши маънавиятига ҳеч нарса бермайди. Қайтанга асабингизни чарчатгани, саводингизни пасайтиргани қолади, холос.

 

Кези келганда, бадиий савияси паст асарларни китоб ҳолида чоп этиш ҳоллари учраб турганини ҳам қайд қилиш керак. Бундай китоблар китобхонлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади, уларнинг эстетик дидини ўтмаслаштиради. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 13-сентабрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорида мазмунан саёз, миллий маънавиятимизга ва қадриятларимизга, ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган адаби­ётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва тарқатишнинг олдини олиш чораларини кўриш зарурлиги кўрсатиб ўтилган эди.

Яхши китобларни ўқиган инсонлар гап-сўзидан, хатти-ҳаракатидан ҳам дарҳол билинади. Улар атрофидагиларда хушмуомалалиги, фикрининг теранлиги, мулоҳазакорлиги билан ёқимли таассурот қолдиради. Бошқалар улар ҳақида «Ўқимишли эканлиги, китоб ўқиганлиги шундоқ кўриниб турибди», дейишади.

Китоб ўқишнинг ажиб бир завқи бор. Бу ҳақда академик Акмал Саидов шундай деган эди: «Китоб — қалб чироғи, тафаккур қаноти. Айниқса, босма китобдан таралаётган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўжизавий саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда, китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақида тенгдошлар билан фикрлашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачадир».

 

Таниқли мунаққид, адабиёцҳунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов эса бир мақоласида китобни инсоният кашф этган, яратган биринчи мўжиза дея таърифлаган эди. Дарҳақиқат, китоб ҳамиша илм-маърифат манбаи бўлиб келган, аждодлар закосининг билимларини авлодларга етказган. Бизнинг тезкор давримизда ҳам ёш авлодни инсонпарварлик, адолатпарварлик, миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда китобдан кўра таъсирчанроқ восита йўқ.

Шундай экан, бу ёруғ оламда китобдан яхшироқ совға йўқ. У бамисоли офтоб, билимлар булоғи. Фақат китобнинг сарасини танлай билиш керак. Чунки ҳамма ялтирайдиган нарса олмос бўлмаганидек, мазмунан саёз, бадият жиҳатдан оқсайдиган асарлар ҳам кўп. Кимгадир яхши китоб совға қилсангиз, демак унга беминнат, доно маслаҳатгўй, содиқ дўст ҳадя этибсиз.

 

Хўш, эслаб кўринг-чи, бу орада яқинларингиздан кимга китоб туҳфа қилдингиз? Ўтган йиллар ичида ёки умуман умрингизда бир пайтлар бағрида ўзингиз таълим-тарбия олган қадрдон мактабингизга ҳеч бўлмаса тўрт-бешта китоб кўтариб бордингизми? Агар йўқ десангиз, унда эзгуликнинг кечи бўлмайди. Хуллас, авваламбор, ўзингиз яхши китобга ошно бўлинг. Қолаверса, уни бошқаларга ҳам илинишга шошилинг.

Бобомурод ТОШЕВ.