Унинг учта орзуси бор эди: юқори маошли яхши ишга кириш, гўзал ва оқила қизга уйланиш ҳамда дунёга машҳур бўлиш.
Қишнинг аёзли ва изғиринли кунлари. У донғи кетган бир компанияга ишга кириш илинжида суҳбатдан ўтиш учун кетарди. Бирдан қаршисидан келаётган бир қария яхмалакда сирпаниб, йиқилиб тушди. Бизнинг қаҳрамонимиз унга бир боқди-ю, лекин ёрдам қўлини узатмай, шошганча йўлида давом этди. У суҳбатга ўз вақтида улгурди, аммо ишга олинмади.
Кунлардан бирида у тунги шаҳар бўйлаб сайр қиларди. Кўчада томошалар қўювчи бир гуруҳ артистлар ўз истеъдодини намойиш этаётган эди. Шунда бирдан кимдир унинг елкасидан туртди. Йигит ўгирилиб қаради-ю, ёнида масхарабоз кампир турганини кўрди. У билан суҳбат қургиси келмади, жирканиб ортига ўгирилди ва уйи томон кетди.
Ёмғирли оқшомлардан бирида йигит дўстининг туғилган кунидан қайтарди. Кун жуда оғир ўтган бўлиб, у тезроқ ванна қабул қилиб, юмшоқ ўринга ётишга ошиқаётганди. Бирдан кимнингдир йиғлаётган бўғиқ овозини эшитиб қолди. Ўрта ёшли бир аёл ўриндиқда ўтирганча дардли кўзёш тўкарди. Совуқ кунда эгнига енгил камзул кийган хотиннинг қўлида соябони ҳам йўқ эди. У ўзига ҳайрон бўлиб боққан кишига фирибгарларнинг найранги қурбони бўлгани ва уйидан айрилганини алам билан сўзлаб берди. Лекин тезроқ ҳордиқ олишни истаётган йигит вақти йўқлигини, ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини айтиб, ичкарига кириб кетди.
Орадан йиллар ўтиб, бахт нима эканини билмай қариб қолган қаҳрамонимиз бир куни туш кўрибди. Тушида фариштага шундай дебди:
– Биласанми, ҳаётим жуда бахциз ва маънисиз ўтди. Учта орзуйим бор эди. Лекин, афсуски, ҳеч бири рўёбга чиқмади.
Шунда фаришта ҳам тилга кирибди:
– Эҳ, дўстим. Аслида тақдир орзуларинг амалга ошиши учун сенга бир неча имконият тақдим этган эди. Сен шунчаки кўзингни каттароқ очиб, ёрдам қўлини узатишинг ва меҳр улашишинг керак эди, холос. Қишнинг сирпанчиқ йўлларида қаршингда йиқилган одам эсингдами? У ўша сен шошаётган машҳур фирманинг бош директори эди. Унинг машинаси бузилиб қолиб, бир бекат пиёда юришига тўғри келганди. Агар унга ёрдам берганингда, сени омадли иш фаолияти кутаётганди.
Қари масхарабоз аёл ҳам ёдингдадир? Аслида у гримдаги гўзал бир қиз эди. Иккингизни бахтли оилавий ҳаёт кутаётганди. Лекин сен ўз бахтингдан юз ўгирдинг.
Шаррос ёмғир ёғаётган куни уйинг ёнида йиғлаб ўтирган ночор аёл эса машҳур ёзувчи эди. Агар унинг дардига қулоқ тутиб, қўлингдан келганча ёрдам қилганингда, у китобларидан бирини сенга бағишлаб, қилган яхшилигингни тилга оларди. Бу воқеа ҳикоя қилинган китоб, унга қўшилиб сен ҳам дунёга танилган бўлардинг. Ҳаёт йўлингда сендан фақатгина меҳрли, эътиборли ва марҳаматли бўлиш талаб қилинганди. Аммо сен беэътибор бўлдинг, дўстим...
Қария чўчиб уйғониб кетди ва ғамгин кўзларини шифтга тикканча, оғир хўрсинди...
Саҳифа материалларини
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
