Маънавият ва маърифат дарси
Боғбон умид билан ерга ниҳол қадаркан, кун келиб, унинг улкан дарахтга айланиши, тотли меваси, ҳатто сояси бир муддат нафас ростлаган одамга наф келтиришини ўйлаб кўнгли ёришади, меҳнатининг самарасини кўрганда эса мамнунлик туяди. Ҳар бир оила ошёнида дунёга келган фарзандни навниҳолга қиёсласак, унинг тарбияси ва таълимини энг муҳим вазифа деб билувчи ота-она айнан боғбондир.
Файласуф Имом Ғаззолий таъкидлаганидек, «Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади».
Оила тарбия ўчоғи ўлароқ, ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақловчи, миллий қадриятларнинг ривожини таъминловчи, маънан ва жисмонан баркамол авлодни вояга етказувчи муқаддас макондир.
Олимларнинг жамиятда тарбия ва таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш борасидаги қарашлари бу йўналишдаги ишларнинг моҳиятини очиб бериш баробарида, уни янада такомиллаштиришга чорлайди. Хусусан, юнон олими Аристотелнинг «Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади» деган сўзлари фикримиз тасдиғидир. Имом Бухорий эса бу хусусда янада ёрқинроқ сўз айтган: «Боланинг табиати ривожланишга мойил бўлади, уни қандай ғоялар билан тўлдириш ота-она ва устозга боғлиқ».
Маърифат маскани бўлган мактабга қадам қўйиб, Алифбонинг ҳар бир ҳарфини танигани сайин саводи чиққан бола борки, унда китобга меҳр, билим олишга иштиёқ уйғонади. Унинг ёруғ олам ҳақидаги фикри, қарашлари ва онгу тафаккури шакллана боради. Шу ўринда юртимизда инсон камолотида беминнат маёқ саналган китоб, китобхонликка қаратилаётган эътибор, аввало, жамиятда шахс тарбияси ва таълимининг уйғунлигини таъминлашдек муҳим вазифага хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этишини ҳам таъкидлаш ўринлидир.
Сўнгги йилларда юртимизда 11 йиллик мактаб таълим тизимининг тикланиши, шунингдек, улуғ аждодларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, «Темурбеклар мактаби», Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳларининг ташкил этилгани бугунги кун ёшлари учун таълим-тарбия олиш борасида янги имкониятлар эшигини очди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан Наманганда – Исъҳоқхон Ибрат, Жиззахда – Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним, Қаршида – Абдулла Орипов, Марғилонда – Эркин Воҳидов, Нукусда – Ибройим Юсупов, Андижонда – Муҳаммад Юсуф, Гулистонда – Ҳалима Худойбердиева ижод мактабларига асос солиниши иқтидорли ўқувчи ёшлар танлаган йўналишидаги билим ва кўникмаларни чуқур ўзлаштириши учун айни муддао бўлди. Зеро, сифатли таълим, чуқур билим тараққиёт тизгинини яққол намоён этувчи кўзгудир.
Мактабларда маънавий-тарбиявий ишлар янгича асосда ташкил этилиб, «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» каби фанлари бирлаштирилган ҳолда, ягона «Тарбия» фани жорий этилди. Янги фан бевосита ўқувчи ёшларда ўз она тилини билиш, уларнинг қалбида ватанпарварлик, адолат, миллатпарварлик, инсонпарварлик, эл-юртни ҳимоя қилиш, Ватанга садоқат ва муҳаббат сингари миллий дунёқарашнинг асосий унсурларини шакллантиришга хизмат қилади.
Бугун инсон ўзининг онгу тафаккури маҳсули бўлган ахборот технологиялари ва улар тақдим этган имконлар билан тараққиёт йўлидан дадил илдамламоқда. Бунда керакли билим ва кўникмаларни ўзлаштириш асосий талаблардан биридир. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида шаҳар ва туманлар марказларида Рақамли технологиялар ўқув марказларининг ташкил этилгани бу борада ўзига хос ечим бўлди. Айниқса, ушбу марказларда ахборот технологиялари соҳасида бугун ниҳоятда талаб юқори бўлган лойиҳаларнинг амалга оширилиши нафақат ёшлар, балки турли соҳа вакилларини ахборот технологиялари билимдонига айлантирди.
Сўнгги йилларда юртимизда қатор халқаро олий ўқув юртларининг филиаллари очилди. Бу бевосита ёшларни танлаган касби бўйича халқаро миқёсдаги билимларни тўлақонли ўзлаштириш имконини бераётир. Шу ўринда мамлакатимизни инновацион ривожлантириш, 2030-йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 мамлакат қаторидан жой эгаллаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Халқ таълими тизимини 2030-йилгача ривожлантириш консепсиясида эса худди шу даврга бориб, ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича ПИСА халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган.
Бугун таълим жараёнларидаги ўзига хос ёндашув давлат ҳамда жамият равнақи йўлида ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти, интилиши, шижоатини юзага чиқаришдек мақсад учун хизмат қилади. Бу борада таълим-тарбияни замон талаблари асосида такомиллаштириб бориш юртимиз эртасига ишонч, барқарор ривожланишнинг муҳим омилидир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистон таълим-тарбия, илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Постда» мухбири.
