Маънавият ва маърифат дарси
Дунё яралибдики, инсониятга турли хавфлар, жумладан, табиатнинг вайронкор инжиқликлари таҳдид солади. Оммавий ахборот воситаларига назар ташласак, деярли ҳар куни дунёнинг қай бир бурчагида қандайдир фавқулодда вазият юзага келаётганига гувоҳ бўламиз.
Юртимизда ҳам бир қанча фавқулодда вазиятлар юз бериб, халқимиз бошидан синовли кунлар ўтган. Мисол тариқасида, 1902-йилда Андижон шаҳрида, 1966-йилда Тошкент шаҳрида ва 1984-йилда Газлида юз берган зилзилалар, шунингдек, ўтган асрнинг 90-йиллари бошидаги Тошкент ва Самарқанд вилоятларида одамларнинг қурбон бўлиши билан боғлиқ йирик кўчки ҳодисаларини келтириб ўтиш мумкин.
Фавқулодда вазият деганда, одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти, шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат тушунилади.
Фавқулодда вазиятлар келиб чиқиш тусига кўра, табиий, техноген ва экологик турларга бўлинади.
Табиий тусдаги фавқулодда вазиятларнинг биринчиси геологик хавфли ҳодисалар – зилзила, кўчки, тоғ ўпирилиши. Иккинчиси гидрометеорологик хавфли ҳодисалар – сув тошқинлари, сел, қор кўчкилари, кучли шамоллар, ёмғирлар. Учинчиси – эпидемиологик, эпизоотик, эпифитотик хавфли вазиятлар – ўта хавфли инфексияларнинг тарқалиши.
Техноген тусдаги фавқулодда вазиятларга транспорт, кимёвий хавфли обектлардаги, ёнғин-портлаш хавфи мавжуд бўлган обектлардаги, энергетика ва коммунал тизимлардаги, ижтимоий йўналишдаги обектлардаги, гидротехник ва радиоактив ҳамда бошқа хавфли, экологик жиҳатдан зарарли бўлган моддаларнинг ишлатилиши ёки сақланиши билан боғлиқ бўлган ҳалокатлар киради.
Экологик тусдаги фавқулодда вазиятларга қуруқлик (тупроқ, ер ости) атмосфера ва гидросфера ҳолатининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган ҳолатлар киради.
Ер юзида бундай фавқулодда вазиятлар содир бўлиб тураркан, ундан инсон ҳаёти хавф остида қолаётган экан, тайёргарлик кўриш, айнан фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш энг долзарб масала сифатида олдимизда кўндаланг туради. Албатта, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш қоидаларига ўргатишни, энг аввало, оиладан бошлашимиз лозим. Бундай вазиятларнинг муваффақиятли тугашига одатда инсоннинг қийинчиликларни енгишга бўлган тайёргарлиги ҳисобига эришиш мумкин. Аҳолини фавқулодда вазиятда ҳаракат қилишга доимий ва сифатли тайёрлаш, албатта, жабрланганлар ва моддий зарарнинг камайишига олиб келади.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, фавқулодда вазиятлар шароитида қурбон бўлганларнинг 40 фоизи тайёргарликдан ўтмаганликлари, тўғри ҳаракат қилишни билмаганликлари оқибатида ҳаётдан кўз юмишар экан. Шундай экан, аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимларини топишга эътибор қаратмоқ керак.
Мамлакатимизда ҳам бу борада бир қатор меъёрий ҳужжатлар имзоланган бўлиб, шу асосда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги, «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги ҳамда «Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш тизимини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорларини келтириш мумкин.
Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашнинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Яъни, давлат бошқаруви ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари, ишчи-хизматчиларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, бартараф этиш ва фуқаро муҳофазаси бўйича билимларини изчил ошириб бориш назарда тутилган. Шунингдек, қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари, фуқаро муҳофазаси тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга тайёрлаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаганларни, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари талабаларини фавқулодда вазиятларда муҳофазаланиш, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш қоидалари ва усулларига ўргатиш ҳам шулар жумласига киради.
Энг вайронкор табиий офатлардан бири зилзиладир. Ер қимирлаши рўй берганида, ернинг юза қисми унча узоқ бўлмаган вақт давомида тебраниб туради. Ер силкиниш даври – силкиниш ер қатламининг юзасида ва яқин масофада бўлса, бир неча сония, чуқурроқ ва олисда бўлса, 2–3 дақиқагача давом этиши мумкин. Бу тебранишлар инсонга ноқулайлик туғдириб, қўрқувга туширади. Лекин ер силкинишининг тўхташини кутишдан бошқа чора йўқ. Бундай пайтда саросимага тушмаслик, осойишталик ва хотиржамликни сақлаш жуда муҳим.
Табиий офатларнинг яна бир даҳшатлиси сув тошқинларидир. Дарёларда иқлим омиллари таъсири, хусусан, қорларнинг эриши ва жала билан боғлиқ мавсумий сув кўпайишлари рўй бериб туради. Айрим ҳолларда бундай тошқинлар табиий офатларга айланиб кетади. Бундай сув тошқинлари кўплаб одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади, муҳим хўжалик обектларини муҳофаза қилиш учун махсус тадбирларни ўтказиш лозим бўлади.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак. 2020-йилда Сардобадаги сув омбори тўғонининг 6-пикет деворидан сув сизиб чиқиб, сув оқими тобора кучайиб тошқин юзага келган.
Тоғларнинг тик ёнбағирларидан қор массасининг пастлик томон ағдарилиб ёки сирпаниб тушишига тоғ кўчкиси дейилади. Баланд тоғларнинг устига кўп қор ёғиб, унинг қалинлиги ортади ва ўз оғирлик кучи таъсирида зичлашиб, қайта кристалланиб, ёнбағирликка, пастликка қараб осилиб туради ва натижада унинг қалинлиги ошган сари турғунлиги сусайиб боради.
Кучли шамол ва тўфон инсонлар ҳаётига ва иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказадиган офатдир. Бу офат узоқ давом этувчи ва бузиш кучига эга. Кучли шамолнинг пайдо бўлиши, яъни атмосферада мувозанатнинг бузилиши натижасида ҳаво оқими жуда катта тезликда ҳаракатланиб, баъзи жойларда у айланма ҳаракатга келиб қолади. Бундай офат оқибатида одамларнинг ҳалок бўлиши, иншоотларнинг бузилиши, экинзорларнинг пайҳон этилиши кузатилади. Шунингдек, кучли шамол эсганда симёғочлар, дарахтлар ағанайди, уйларнинг томлари бузилиши натижасида одамлар турли даражада жароҳат олади.
Ер кўчкиси ҳам аҳолига жиддий зарар келтиради. Хусусан, 1991-йилда Тошкент вилояти Ангрен шаҳри яқинидаги Жигаристон қишлоғида табиий-техноген офат натижасида аҳолининг бир қисмини кўчки босиб қолади. Бутун бошли оилалар ер остида қолади.
Иқлим кўрсаткичларининг тобора ёмонлашиб бораётганини инсоният ердаги ресурслардан шафқацизларча фойдаланишни давом эттираётгани билан боғлаш мумкин. Кўпчилик давлатлар томонидан бу жараён хавфсизликка қарши энг катта таҳдид сифатида кўрилмоқда. Дунё бўйлаб содир бўлган аянчли ҳодисалар экологик хавфсизликни таъминлашнинг қўшимча механизмларини ишлаб чиқишга етарли даражада кучли туртки бериши керак. Йўқса, кейинчалик жуда кеч бўлиши мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга тайёрлашда интернет, хусусан, ижтимоий тармоқ ва блоглардан фойдаланиш аҳолини бу борада ўз вақтида хабардор қилишнинг кенг тарқалган ва энг самарали чора-тадбирларидан бири ҳисобланади. Бундан самарали фойдаланиш умумеътироф этилган афзалликларга эгадир.
Сарвар СОБИРОВ тайёрлади.
