Маънавият ва маърифат дарси

Бугун глобаллашаётган дунёда геосиёсат давлатлараро алоқаларга, ўз навбатида, халқаро муносабатларга сезиларли таъсир ўтказмоқда. Ҳар бир давлат халқаро муносабатларда ўз манфаатлари устуворлигига эришиш мақсадида барча имкониятларини ишга солишга, куч-қудратидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Геосиёсий манфаатлар тўқнашуви ва мафкуравий кураш кучайган ҳозирги пайтда келгусида миллатлар, халқлар, давлатлар, умуман, инсоният жамиятининг тақдири қандай бўлади, деган савол ғоят долзарб бўлиб турибди.

Тарихнинг далолат беришича, йирик давлатлар, улар томонидан барпо этилган империялар, стратегик мақсадлар йўлида бирлашган давлатлар иттифоқлари, турли кучлар халқаро муносабатлар ва дунё сиёсатининг асосий тамойилларини белгилаб берган ва белгилаб бермоқда. Айни шу давлатлар ҳозирда ҳам бевосита ёки билвосита ўз сўзини бошқа давлатларга ўтказмоқда, жаҳоннинг геосиёсий харитаси қандай кўриниш касб этишида уларнинг ўрни катта бўлмоқда. Мавжуд бойликларни, хомашё ресурсларини тақсимлаш, жаҳон миқёсида товарлар ва хизматлар нархини белгилашда асосий вазифани ҳал этмоқда. Бошқача айтганда, гегемонликни даъво қилаётган бу давлатлар шу тариқа яшаш ва юриш-туриш қоидаларини белгилаб бермоқда.

Сиёсацҳуносларнинг фикрича, давлатлар халқаро жараёнларга таъсир кучи ва халқаро муносабатлардаги ролига кўра, қуйидаги гуруҳларга ажратилади:

– улкан давлатлар. Ер куррасида геосиёсий манфаатлари йўлида етарли ҳарбий, иқтисодий ва маънавий қудратга эга бўлган, бошқалардан ўзи ва иттифоқчилари манфаатларини ҳисобга олишни талаб қиладиган ва бунга эриша­диган мамлакатга нисбатан «улкан давлат» тушунчаси қўлланилади. Бир вақтлар тарихда Рим, Византия, Британия империялари, собиқ Иттифоқ ва АҚШ шундай ролни ўйнаган;

– йирик давлатлар. Ўзининг ва жаҳоннинг бошқа муҳим минтақаларида (лекин бутун жаҳонда эмас) миллий манфаатларини таъминлашга қодир бўлган, бошқа мамлакатларни ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қила оладиган давлатлар шулар жумласидан;

– минтақавий давлатлар. Ўз мамлакати ва минтақасида, шунингдек, чегара ҳудудларида ўз манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя этишга қодир мамлакатлар шу гуруҳга киради;

– оддий давлатлар: бу мамлакатлар­нинг ҳар бири давлат ичида, минтақа ва жаҳонда ўз миллий манфаатларини кучлари етгани қадар таъминлай олади.

Тан олиш керакки, ҳозирги вақтда жаҳонда биронта давлат ёки давлатлар бирлашмаси АҚШ бошчилигидаги Ғарбникидек қудрат ва таъсир кучига эга эмас. Албатта, бу бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади, дегани эмас. Тадқиқотчилар гарчи Қўшма Штатлар жаҳоннинг ягона улкан давлати бўлиб қолишга уринаётган бўлса-да, геосиёсий вазият ўзгарувчан, беқарор ва мураккаблигича қолаётганини таъкидлашади. Чунки унинг жаҳон гегемонлигига интилиши борган сари Хитой, Россия, Япония ва бошқа шу каби давлатларнинг жиддий қаршилигига дуч келмоқда. Чунончи, Хитой ўз ҳарбий-иқтисодий қудрати ва ҳозирги вақтда жаҳонда кечаётган геосиёсий жараёнларга таъсир кучи нуқтаи назаридан яқин ўн-ўн беш йил ичида бир қутбли жаҳон сиёсатига қарши чиқиш имконига эга бўлади. Тахминларга қараганда, яқин йилларда Чин юртининг ҳарбий қудрати Ақшникига тенглашади ва ҳатто баъзи ўлчамларига кўра, ундан ўтиб ҳам кетади.

Дунёга яккаҳокимлик қилиш даъвосида бўлган йирик давлатлар, турли кучларнинг таъсири, бошқача айтганда, геосиёсий манфаатлар тўқнашуви ўтган асрда бўлгани каби, сўнгги юз йиллик бошларида ҳам яққол сезилди. Дунёнинг қатор давлатларида, хусусан, Яқин Шарқ ва араб мамлакатларида рўй берган ўзгаришлар, давлат тўнтаришлари бунинг яққол тасдиғи сифатида юзага чиқди. Оқибатда Ироқ, Сурия, Ливия каби катта иқтисодий салоҳият ва хомашё манбаларига эга мамлакатлар айни вақтда чуқур таназзулни бошидан кечирмоқда. Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, турли тўқнашувлар натижасида араб мамлакатлари иқтисодиёти 2011–2014-йиллар оралиғида 800 миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган. Қонли фожиалар туфайли ушбу давлатлар ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари кескин пасайган, ишсизлик даражаси деярли оммавий тус олган, аҳоли оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолган.

Худди шунингдек, бугунги кунда бутун дунё ҳамжамиятининг хавотири ва эътирозига сабаб бўлган Украинадаги ҳолатни ҳам, аслида, йирик давлатлар­нинг геосиёсий манфаатлари тўқнашуви ҳосиласи, дейиш мумкин. Россия Федерацияси ва коллектив Ғарб келишмовчилиги ортидан келиб чиққан уруш оқибатларидан нафақат ушбу минтақа, балки жаҳондаги кўплаб мамлакатлар халқлари ҳам жабр кўриши эса ғоят афсусланарли, албатта.

Бугунги кунда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, мафкуравий-ахборот ва бошқа усуллар орқали ўзга ҳудудларни таъсир доирасига олиш амалиёти кенг қўлланилмоқда. Бунда, шубҳасиз, ахборот-коммуникация технологияларининг изчил тараққиёти, айниқса, мафкуравий кураш натижадорлигини оширмоқда. Айни чоғда турли геосиёсий мақсадларга бўйсундирилган курашларнинг янгидан-янги усул ва воситалари кўпайиб бормоқда. Бошқача айтганда, замонавий ахборот воситаларидан фойдаланадиган ҳар қандай киши қисқа вақт ичида жаҳоннинг исталган бир нуқтасида ўзини қизиқтираётган ҳодисаларга шоҳид бўлиши ва ҳатто унинг қатнашчисига айланиши мумкин.

Маълумотларга қараганда, дунёнинг энг йирик ахборот империялари ўз таркибига кирувчи ўнлаб телеканаллар, газеталар, журналлар, интернет медиа тармоқлари воситасида ахборотни жаҳоннинг исталган нуқтасига бир зумда етказиш ва шу йўл билан жамоатчилик фикрини керакли йўсинда шакллантириш ва ўзгартириш борасида ниҳоятда катта имкониятга эга.

Бундан бир аср муқаддам таниқли немис олими Карл Хаусхофер ғоялари энг кучли бўлган миллатлар ва давлатлар ўз мақсадлари, қадриятларини Ер куррасининг «келажак ҳаёт шакли» кўринишида бошқа маконларга ёяди, деб ёзган эди. Бу башорат ХХИ аср бошида ўзини тамомила оқлади, дейиш мумкин.

Хулоса шуки, кескин кураш ва манфаатлар тўқнашуви кучайиб, миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдидлар тобора ортиб бораётган бугунги давр ҳар биримиздан оқиллик, ҳушёрлик ва фаолликни талаб қилади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: «Ҳозирги замонда маънавий нуқтаи назардан «ухлаб ётиш»га, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Барча фожиа ва муаммолар, Ватанга, миллатга, келажакка хиёнат айнан лоқайдликдан бошланади. Яна бир бор айтаман, дунёдаги қалтис вазият, сиё­сий «ўйин»лар барчамизни сергакликка ундаши керак. Жаҳонда кечаётган геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни чуқур таҳлил қилиб, улардан хулоса чиқарган ҳолда, йўлимизни тўғри танлашимиз зарур».

 

Камол ОЛЛОЁРОВ,

«Постда» мухбири.