Глобал таҳдиднинг

миллий кўриниши

Узоқ йиллар давомида Афғонистон дунёдаги асосий наркотик воситалар ишлаб чиқариш марказларидан бири бўлиб келгани Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам муайян хавф-хатарларни юзага келтирмоқда. Мамлакатимизнинг қулай географик жойлашуви айрим жиноий тузилмалар томонидан уни наркотик воситаларни ташиш йўналиши ёки истиқболли истеъмол бозори сифатида кўришга уринишларига сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди ташкилотлар томонидан кенг қамровли профилактик, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Наркожиноятчиликка қарши курашиш, унинг манбалари ва тарқалиш каналларини бартараф этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш бўйича ҳар куни тизимли ва муросасиз ишлар олиб борилмоқда. Бу эса мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда келажак авлодни турли зарарли иллатлардан асрашга хизмат қилмоқда.


Наркожиноятчиликнинг янги қиёфаси

Сўнгги йилларда наркожиноятчилик шакл ва усул жиҳатидан сезиларли даражада ўзгариб, замонавий технологиялардан фаол фойдаланиш босқичига ўтди. Илгари гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси асосан жиноятчилар ва харидорлар ўртасидаги бевосита мулоқот орқали амалга оширилган бўлса, бугунги кунда рақамли технологиялар наркобизнеснинг асосий воситаларидан бирига айланмоқда.

Интернет тармоқлари, ижтимоий платформалар, аноним мессенжерлар ва электрон тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилаётган наркасавдо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига янги ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. Жиноятчилар замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиб, ўз фаолиятини яшириш ва жавобгарликдан қочишга уринмоқда.


Ёшлар – энг катта хавф остидаги қатлам

Сўнгги йилларда ёшлар ўртасида наркожиноятларга аралашиш ҳолатлари кузатилаётгани жиддий ташвиш уйғотмоқ­да. Бундай ҳолатларга ҳуқуқий билим ва кўникмаларнинг етарли эмаслиги, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган ёлғон ва чалғитувчи ахборотлар, енгил ҳаёт кечириш ва тез бойиш ҳақидаги асоссиз тасаввурлар, шунингдек, айрим ҳолларда оилавий назоратнинг сустлиги каби омиллар сабаб бўлмоқда.

Наркобизнес вакиллари ёшларни асосий нишон сифатида танлаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки ёшлар ахборот технологияларидан фаол фойдаланади, ижтимоий тармоқларда кўп вақт ўтказади ва баъзан ўз ҳаракатларининг ҳуқуқий ҳамда ижтимоий оқибатларини тўлиқ баҳо­лай олмайди. Жиноий гуруҳлар айнан шу ҳолатдан фойдаланиб, уларни турли ваъдалар ва молиявий манфаатлар билан ўз домига тортишга ҳаракат қилади.


янги аср вабоси

Бугунги кунда мутахассислар томонидан жиддий хавотир билан қайд этилаётган муаммолардан бири синтетик гиёҳвандлик воситаларининг тобора кенг тарқалаётганидир. Мазкур моддалар ўзининг юқори таъсирчанлиги ва инсон саломатлиги учун ўта хавфли оқибатлари билан ажралиб туради.

Синтетик гиёҳвандлик воситалари табиий наркотик моддаларга нисбатан бир қатор жиҳатлари билан хавфли ҳисобланади. Уларнинг инсон организмига таъсир кучи юқори бўлиб, қисқа вақт ичида кучли руҳий ва жисмоний қарамликни шакллантириши мумкин.

Тиббий кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим синтетик гиёҳвандлик воситаларини ҳатто қисқа муддат ёки бир неча марта истеъмол қилишнинг ўзи ҳам оғир руҳий бузилишлар, асаб тизими фаолиятининг издан чиқиши, хулқ-атвордаги салбий ўзгаришлар ҳамда ҳаёт учун хавфли ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Айрим ҳолатларда эса бу каби моддалар ногиронлик ёки ўлимга ҳам сабаб бўлади.

Муаммонинг яна бир хавфли жиҳати шундаки, кўплаб ёшлар синтетик ги­ёҳвандлик воситаларининг ҳақиқий моҳияти ва оқибатлари ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Турли номлар, ташқи кўринишлар ва жозибадор таърифлар остида тарқатиладиган бундай моддалар айрим ҳолларда гиёҳвандлик воситаси сифатида ҳам қабул қилинмайди. Натижада уларнинг инсон организми ва руҳиятига етказадиган оғир зарари кеч англанади.


Миллат генофонди ҳимояси – устувор вазифа

Мамлакатимизда аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан Президентимизнинг 2025-йил 3-ноябр­даги «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони тарихий аҳамиятга эга ҳужжат бўлди.

Фармонда гиёҳвандлик ва наркожиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий ва комплекс механизмлари белгиланиб, аҳоли, айниқса, ёшларни гиёҳвандлик таъсиридан муҳофаза қилиш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларнинг олдини олиш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда давлат органлари фаолиятининг ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар назарда тутилган.

Ҳужжатда интернет тармоқлари орқали ташкил этилаётган уюшган наркожиноятларга қарши самарали курашиш, яширин нарколабораторияларни аниқлаш ва бартараф этиш, трансмиллий наркоканаллар фаолиятига чек қўйиш ҳамда ёшларни жиноий гуруҳлар таъсиридан ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Бу эса мамлакатимизда гиёҳвандлик ва наркожиноятчиликка қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасида қатъий назоратга олинганини, аҳоли саломатлиги ва келажак авлод манфаатларини ҳимоя қилиш борасида изчил чоралар амалга оширилаётганини яққол намоён этади.


Рақамлар ортидаги 

ҳақиқат

Жорий йилнинг дасталабки 5 ойи давомида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 7 262 та жиноят аниқланди. Ноқонуний айланмадан 2 тонна 

328 килограмдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар мусодара қилинди. Шундан кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ўзи 2,5 миллион донадан ошди. 15 та нарколаборатория ва қўлда қадоқлаш сехларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Шунингдек, интернет тармоқлари орқали фаолият юритган бир қатор жиноий гуруҳлар фош этилди, минглаб фуқаролар­нинг гиёҳвандлик домига тушиб қо­лишининг олди олинди.

Ушбу рақамлар ортида қанчадан-қанча инсон тақдири, оилалар тинчлиги ва ёшлар келажаги турганини унутмаслигимиз керак.


Катта масъулият

Иллатга қарши курашишни фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан чамбарчас боғлаб бўлмайди. Бу борада, аввало, ота-она­лар, таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари зиммасига катта масъулият юкланади. Ёш авлодни соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялаш, уларда мустаҳкам ҳаётий позиция ва ҳуқуқий онгни шакллантириш гиёҳванд­ликнинг олдини олишнинг энг самарали воситаларидан ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир педагог, маҳалла фаоли ва фуқаро жамият келажагига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, гиёҳвандликка қарши курашнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим. Чунки мазкур иллатга қарши кураш фақат давлат органларининг эмас, балки ҳар биримиздан фаол фуқаролик позицияси ва юксак масъулиятни талаб этади.


Учқун ИСМАИЛОВ,

ИИВ ТҚД ЖҚХ бошқарма бошлиғи ўринбосари, подполковник.