Маънавият ва маърифат дарси

Бугун башарият тараққиётнинг янгидан-янги чўққиларини забт этаётир. Афсуски, порлоқ истиқболга хизмат қиладиган улкан ютуқларга эришилиши қаторида, инсоният келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Шулардан бири, аллақачон глобал муаммога айланган гиёҳвандлик иллатидир.

Таҳлилллар кўрсатадики, гиёҳвандликка мубтало бўлганлар сони йилдан-йилга ошиб боряпти. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига қараганда, ҳозирги пайтда дунёда 200 миллиондан ортиқ (бошқа халқаро ташкилотларнинг берган маълумотларига кўра эса, 500 миллиондан зиёд) киши гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни истеъмол қилади. Энг ёмони, уларнинг аксарият қисми 30 ёшгача бўлган ёшлардир.

Гиёҳвандликнинг аянчли ва оғир оқибатларини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Ушбу иллат оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан бевақт кўз юмиши, дунёда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи ги­ёҳвандлар ҳиссасига тўғри келаётгани бунинг тасдиғидир.

Дарҳақиқат, гиёҳвандлик жиноятчилик билан бевосита боғлиқ ҳолда кечади. Негаки, наркотикларни қўлга киритиш учун пул топиш мақсадида оғир оқибатли жиноятлар содир этилади. Қолаверса, гиёҳвандлик таъсирида, сархуш ҳолда тез-тез жиноятларга қўл урилади.

Бундан ташқари, гиёҳвандлик иқтисодий (катта пул сарфланиши, даромадларнинг йўқолиши, ишни йўқотиш, қарзга ботиш, талончилик, тиланчилик ва бошқ.) ҳамда маънавий (оилаларнинг бузилиши, бефарқлик, тушкунлик, норозилик, худбинлик ва бошқ.) асоратларни келтириб чиқаради.

Янада ачинарлиси, ҳомиладорлик даврида наркотик моддани истеъмол қилган аёллардан дунёга келган болалар фалаж бўлиб туғилади ёки одатда ҳаётининг 2–3 кунида нобуд бўлади.

Хуллас, гиёҳвандлик одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф туғдиради, жиноятларнинг ўсишига имкон яратади, жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солади, жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий асосларини емиради. Бу иллатга берилганларнинг аксарияти 30 ёшгача ҳам яшамайди. Бир сўз билан айтганда, гиёҳвандлик аксарият ҳолларда ўлим билан якун топади.

Ҳозирги кунда бутун дунёда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам «аср вабоси»га қарши жиддий кураш олиб борилмоқда. Ўзбекистон Бмтнинг 1961-йилдаги «Наркотик моддалар тўғрисида»ги Ягона Конвенсиясига,

1971-йилдаги «Психотроп моддалар тўғрисида»ги ҳамда 1988-йилдаги «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш тўғрисида»ги Конвенсияларига аъзо бўлган. 1999-йилда Ўзбекистон Республикасининг «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, унда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга зид равишда муомалада бўлишнинг ҳар қандай кўринишига қарши жиноий жавобгарлик белгиланган.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2024-йил 6-майда «Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон имзоланди. Унга кўра, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024–2028-йилларга мўлжалланган миллий стратегия қабул қилинди.

Фармонда Миллий стратегия доирасида қуйидаги мақсадларга эришиш барча давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаси сифатида белгиланди:

– аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда «гиёҳвандликка қарши иммунитет»ни, ўқувчи ва талабалар орасида кучли таъсир қилувчи дориларни истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларида психофаол моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги таъсирчан тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий-профилактик механизмларни жорий этиш;

– аҳолига сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янги усуллар асосида ривожлантириш, гиёҳвандлик ва заҳарвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган манзилли чораларни амалга ошириш;

– гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний айланмасининг янгича, айниқса, интернет тармоғидаги усулларига барҳам бериш, бу борадаги тезкор-қидирув, тергов ва эксперт-криминалистик чоралар комплексини, биринчи навбатда, рақамлаштириш орқали ривожлантириш;

– давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ҳамда дорихоналарнинг гиёҳвандлик воситаларидан тиббиётда фойдаланиш амалиётини назорат қилиш, шунингдек, фармацевтика корхоналари, гиёҳвандлик воситаларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи субектлар масъулиятини оширишнинг таъсирчан механизмларини яратиш;

– гиёҳвандликни даволаш ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, бу йўналишдаги илмий изланишлар, хулосалар, ютуқлар ва янгиликларни амалиётга жорий этиш ҳамда оммага етказишни таъминлаш.

Мамлакатимизда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашни такомиллаштиришга қаратилган фармонда, шунингдек, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.

Гиёҳвандлик воситаларининг қонунга хилоф равишда айланишига қарши курашиш борасида мамлакатимиз ички ишлар органлари томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йилда республика бўйича гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситалари билан боғлиқ 12278 та жиноий ҳолат аниқланди. Шундан 39 фоизи сақлаш, 35 фоизи ўтказиш, 16 фоизи етиштириш, 7 фоизи таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситалари билан боғлиқ, 3 фоизи эса контрабанда жиноятларига тўғри келди. Ноқонуний муомаладан 2 тонна 138 килограмм 233 грамм гиёҳвандлик ва психотроп моддалар олиб қўйилди. Олинган ашёвий далиллардан 735,8 килограми марихуана, 518 килограми гашиш, 207,1 килограми кўкнор, 155,5 килограми опий, 119,1 килограми синтетик, 116,2 килограми героин гиёҳвандлик воситасидир.

Жорий йилнинг дастлабки 4 ойи давомида эса гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар билан боғлиқ 4506 та жиноят аниқланди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга ёки 1133 тага кўп. Шу даврда ноқонуний муомаладан 1 тонна 431 килограмм 611 грамм миқдорида гиёҳвандлик воситалари олинди. Шу билан бирга, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун 2649 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Улардан 882 нафари ёки 35 фоизи 30 ёшгача шахсларни ташкил этади.

Гиёҳвандлик – иллат, унга қарши курашиш фақат давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Бу борада, айниқса, оила, маҳалла, таълим муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қи­лиш органларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Зеро, биргаликдаги, ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлар орқали мазкур глобал муаммога қарши самарали кураш олиб бориш, аҳолини, хусусан, ёшларни бу балодан асраш мумкин.

 

Сардорбек КУРАМБОЕВ,

подполковник.

Камол ОЛЛОЁРОВ,

ўз мухбиримиз.