Бирйўла ҳам раҳбарлик салоҳияти, ҳам бадиий иқтидор ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ҳайдар Яҳёев ана шундай толе насиб этган инсонлардан бири эди.

1927 йилнинг 9 январида Самарқанд шаҳрида, косиб оиласида таваллуд топган. 

Ҳ. Яҳёевнинг ўсмирлик даври Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. 1945-йилдан 1964-йилгача ҳуқуқ-тартибот идораларида турли лавозимларда фаолият кўрсатди. У 1964-йил 11-мартда республика Жамоат тартибини сақлаш вазири этиб тайинланади. 1968-йилда эса ушбу вазирлик Ички ишлар вазирлигига айлантирилади.

Ҳайдар Яҳёев Ички ишлар вазирлигига 15 йил мобайнида раҳбарлик қилади. Унинг бошчилигида ички ишлар идораларининг фаолияти такомиллаштирилади. Хусусан, профилактика хизматида ижобий ўзгаришлар амалга оширилади. Жазони ижро этиш муассасаларининг аҳволи ҳар томонлама яхшиланади. 1966-йилги Тошкент зилзиласи оқибатларини бартараф этишда, табиий офат чоғида аҳолига ёрдам кўрсатишда соҳа ходимлари фаол иштирок этишади. 

Айниқса, Ҳайдар Яҳ­ёев раҳбарлигида тизимда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига алоҳида тўхталиш жоиз. Вазирлик ва ҳудудий ички ишлар органлари учун янги бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилади. Уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланади. Катта йўлларда замонавий мунтазам ЙПХ масканлари барпо қилинади.

Ҳайдар Яҳёевга 1973-йилда «ички хизмат генерал-лейтенанти» махсус унвони берилади. Ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида эришган ютуқлари учун бир қатор орден-медаллар билан тақдирланади.

У юксак салоҳиятли раҳбар бўлишидан ташқари, юқорида қайд этганимиздек, қалби бадиий ижодга, шеъриятга ошно инсон эди. Ҳатто адабиёт илми, ижод олами сирларини чуқурроқ ўрга­ниш учун Самарқанд давлат унивеситетининг филология факултетида таҳсил олган эди. У ўз ижодида ота-онани, ёр ва диёрни, одамийликни, дўстликни васф қилди. Филология фанлари номзоди Равшан Жомонов «Уч неъмат соҳиби» китобида таъкидлаганидек, «Ўзбек адабиётида фалсафий мазмундаги шеърлари, дилбар ғазаллари билан ажралиб тура­диган шоирлардан бири Ҳайдар Яҳёевдир. Шоир­нинг асарлари ниҳоятда содда, айни пайтда мушоҳадага чорловчи фалсафага бойки, худди қўшиқ каби қуйилиб келаверади. Шу боисдан бўлса керак, ўз даврида жуда кўп ҳофизларимиз Ҳайдар Яҳёев шеърлари асосида ажойиб тароналар яратишган».

Ҳозирги кекса ва катта авлод вакиллари ўз ёшлигини эслаганида шоирнинг шеърлари асосида маромига етказиб ижро этилган «Ўтган кечалар», «Куйлар», «Сўранг», «Ул гўзал Фарғонадан» каби кўплаб қўшиқларни ҳали ҳам хиргойи қилиб туришса керак. 

У ўз ижод намуналарини жамлаб, бир неча бор китоб ҳо­лида ҳам чоп эттирган эди. «Ғазалим, сенга», «Нидо», «Девон», «На всю жизнь», «Тилсим» каби тўпламлари шулар жумласидандир.

Ҳайдар Яҳёев ҳаёт бўлганида бу йил табаррук 95 ёшга тўлган бўларди. Унинг ёрқин хотираси яқинлари, шогирдлари, ички ишлар органлари ходимлари, қолаверса, шеърият ихлосмандлари, қўшиқ шинавандалари ёдида ҳамон яшамоқда.

Бобомурод ТОШЕВ.