Қаҳратон қиш, паға-паға қор ёғарди. Ҳаво совуқ, лекин тиқ этган шамол йўқ. Оппоқ, момиқ қор парчалари рақс тушган мисоли осмондан айланиб-айланиб тушарди. 

Ёнма-ён учиб бораётган иккита қор парчаси ўзаро суҳбатлашиб қолди. Улар бир-бирини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, қўл ушлашиб олди. Шунда улардан бири қувноқ овоз билан деди: 

– Учиш, парвоздан завқ олиш қандай яхши! 

– Ахир, биз учма­япмиз, шунчаки ерга тушяпмиз, – маъюс жавоб қилди иккинчиси. 

– Тез орада биз ер билан учрашиб, момиқ чойшаб каби тўшаламиз. 

– Йўқ, биз ҳалок бўлиш учун тушяпмиз, одамлар бизни оёқлари билан эзиб ташлайди. 

– Адашяпсан, бизнинг умримиз тугамайди. Ҳаво исиб кеца, жилғалар ҳосил қилиб, кўл ва денгизлар сари йўналамиз. Сўнгра буғланиб, осмон сари интиламиз. Вақт ўтиб, яна қор-у ёмғир кўринишида ерга тушамиз. Шу тариқа, абадий яшаймиз, – завқ-шавқ билан гапиришда давом этди биринчи қор парчаси. 

– Йўқ, биз буғла­ниб, тамоман ғо­йиб бўламиз, – эътироз билдирди иккинчиси. 

Ахийри, улар баҳсла­шишдан чарчаб, бир-бири­нинг қўлини қўйиб юбо­ришди ва ҳар иккиси ўзи танлаган тақдир сари учиб кетди.