Тарихчи Абдибек Шерозийнинг бир гапи бор: «Кун ўтганда «ўтди» деб бепарво бўлма, бу умрингдан бир ҳиссаси камайганини билдиради». Жуда ўринли эслатма. Хўш, ўтаётган ҳар лаҳзамизни бирор фойдали ишга сарф этяпмизми ёки...? Буни ҳар доим сарҳисоб қиламизми? Гап ана шунда. 

Поэзд ёки самолётга чиптангиз бўла туриб, кеч қолганмисиз? 5 дақиқага бўлса ҳам кеч қолган йўловчи ўша дақиқаларнинг қадрини бошқалардан кўра яхшироқ тушунади. Ёки талабалик имтиҳонидан йиқилган абитуриэнт бир йилнинг қадрини яхши англайди. Ҳосили куз ёмғири остида қолган деҳқон эса бир кун қандай қийматга эга эканини билади. Бироқ тўй-ҳашамдан, гап-гаштакдан, уйда эса сериалу телефондан ортмайдиганлар-чи? Улар беҳуда сарф бўлаётган вақти учун кўнглида ачиниш ҳиссини туярмикан?

Баъзан тўй-ҳашам, гаштаклар, турли йиғинларга (ҳозир кимдир янги нарса олса бўлди, зиёфатга сабаб бўлади) бора олмасанг, таниш-билиш ва қариндош-уруғлар ўпкалайди, хафа бўлади. Вақт йўқ эмас, бор. Лекин кети узилмайдиган бундай йиғину ҳашамларда кимнингдир янги кўйлаги, мебели, қимматбаҳо тилла тақинчоғини ёки тўйлардаги дабдабали олди-бердиларни муҳокама қилишдан кўра, Румийдан бир парча ўқиган афзалроқ, назаримда. 

Эътибор қилганмисиз, ишхонага кун ўтарига келиб-кетувчилар бўлади. Улар асосий вақтини валақлашиш, интернет титкилаш ёки телефонда гап­лашиш, яъни, ҳеч нима қилмаслик билан ўтказади (бекорчиликнинг шарофати билан гап-сўз, ғийбатлар ҳам урчийди баъзан). Камига, ҳеч нима қилмасдан олаётган маошининг баракаси йўқлигидан нолиб ҳам қўяди. 

 Бир танишим бор. Эшитган тўй-маъракани ўтказиб юбормайди. Лекин фарзандлари тарбиясига вақт ажратишига, уларга бирор ривоят ёки эртак айтиб беришига ишонмайман. Негаки, китоб, газета ўқимайди (ўзининг айтишича, бунга вақти йўқ эмиш), қизиқмайди ҳам.

Ўйлаб қолдим, Навоий ҳам ўз даврида тўйма-тўй юрганмикан-а? Ёки Абдулла Авлоний, Беҳбудийлар вақтини беҳуда ўтказганмикан? Устозим айтиб берганди, академик Ботирхон Валихўжаэв энг яқин одамининг тўйидан ўн дақиқадан сўнг тоқати тоқ бўлиб, чиқиб кетган экан. Яна бир зиёли инсон – пуб­лисист, шоирнинг бундай чақирдиларга бормаслигини, вақтини қизғанишини эшитганман. Балки, улар кимларнингдир наздида «одамгарчиликдан чиққан» саналар. Бироқ улар умрининг ҳар лаҳзасида маънавий бойлик яратганлар. 

Аслида ҳар бир кун кичкина умр. Фақат саноқли одамларгина умрининг ҳар дақиқасини оқилона ҳисоб-китоб билан ўтказади ва комилликка яқинлашади.

Хўш, ҳисобли умр нима? Мақсади аниқ қўйилган умр ҳисобли бўлади. 

Одатий бир кунимизни нималарга сарф қилишимиз ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Айтайлик, бир кечаю кундузда уйқуга ўртача 7,5 соат ажратамиз. Тушликка бир, эрталабки ва кечки тановулга ярим соатдан, жами – 

2 соат. Соат 9:00 дан 18:00 гача ишда бўламиз. Эрталабки бадантарбия, сайр ва ювинишга бир соат. Телевизор кўришга – 3 соат. Газета, китоб ўқишга – 1 соат. Энди фарзандни мактаб ё боғчадан олишга, тўй ёки бошқа тадбирларда қатнашиш, театр ё консертга киришга кетган вақтингизни ҳисобланг. 

Йиллар давомида ўқиб-ўрганганларингиз, фарзандларга бағишланган онларни сарҳисоб қилинг. Уларни қиёсланг, ўрганинг ва хулоса чиқаринг. Ўзингизга баҳо беринг. Сизга берилган ўлчовли умрни тўғри сарф эта оляпсизми, йўқми? Шуни таҳлил қилинг. Зеро, оқил одам вақтини фойдасиз нарсаларга сарф этишдан қизғанади. Сиз-чи, сиз ҳам қизғанасизми?

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА, 

ўз мухбиримиз.