– Ҳотамжон ака, сиз аския ва қизиқчилик санъатининг улуғ устоз­ларини кўрган, улар билан бирга ижод қилган ва дуо олган инсонсиз. Аввало болалигингиз ва сизни санъат оламига бошлаб кирган устозларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Жуда тўғри таъкидладингиз, менинг биринчи бахтим шуки, Марғилон шаҳрида санъаткорлар оиласида дунёга келганман. Отам Халилжон Ҳакимжонов санъат кишиси эди. Тоғам Охунжон қизиқ Ҳузуржоновга эса ортиқча таъриф беришимнинг ҳожати бўлмаса керак. Онам раҳматли ҳам санъацевар аёл бўлган. Мен ана шундай ижодий муҳитда катта бўлдим. Уйимизда кўплаб чолғу асбоблари тургани учун эсимни таниганимдан бошлаб чолғу асбобларига қизиққанман, уларни бир-бир чалиб кўрганман. Кейин-кейин доира чалишга меҳрим ортиб, шу чолғу асбобини танладим.

Мактабга боргач тўгаракка қатнай бошла­дим. Санъат сирларини ўргатган би­ринчи устозим шу тўгарак раҳбари Холмат Қурбонов бўлади.

Мактабдаги тўгараклардан кейин Марғилон шаҳар марказий маданият уйида фаолият кўрсатувчи «Нурхон» халқ театрига қизиқишим ортди. Дастлаб томошабин бўлиб борган бўлсам, кейинчалик шу гуруҳга ҳаваскор бўлиб қўшилдим. Мазкур халқ театрида Юсуфжон Қизиқ Шакаржоновнинг фарзандлари – Зайнобиддин Юсупов ҳамда Мадаминжон Юсуповдек улуғ устозларни учратдим ва уларнинг этагини тутдим.

Доирачи бўлганим учун байрам ва тўй-ҳашамларда халқ хизматини қилиб юрганман. Ёш бўлсам ҳам Жўрахон Шодмонов, Муроджон Аҳмедов каби устоз санъаткорлар билан бирга ишлаш насиб этди. 1974-йилда Марғилон шаҳар маданият уйига расман ишга кирдим. Шундан сўнг ижодий фаолиятим янада ривожланиб кетди. 

– Халқимизда «Санъатнинг нонини ейиш қийин», деган гап бор. Ҳақиқатан ҳам шундай деб ўйлайсизми?

– Албатта, шундай. Нимага дейсизми? Масалан, мен аскиячиман. Одамлар мени кўриб, беихтиёр кулишни истайди. Аския ва латифа 

эшитиб, кайифиятини кўтаргиси келади. Шундай экан, мендан яхши кайфият илинжида турган одамга хўмрайиб ўтиб кетолмайман. Чунки бу менинг касбим. Шу касб орқали халқ мени таниди, тан олди ва ҳурмат қиляпти. Нега мен уларга терс бурилиб кетишим керак?! Ҳатто шундай вазиятлар бўладики, ўзимнинг ташвишим, муаммоларим билан юрган пайтларимда ҳам, кўчада мухлислар «Янгисидан борми?» деб қолади. Шунда бир зумга ташвишни чеккага суриб, уларни кулдириб, яна йўлимда давом этиб кета­вераман.

– Сизни телеканалларда, турли байрам тадбирларида доим марҳум Мамасиддиқ Шераев билан бирга кўрардик. Сизлар биргалашиб аския қилганингизда, олдингизга тушадиган одам йўқ эди. У киши билан ижодий алоқаларингиз ҳақида гапириб берсангиз?

– Мамасиддиқ Шераев ҳақиқий аскиячилар сардори эди. Жуда сўзамол, ҳозиржавоб аскиячи эдилар. Мени ҳам катта давраларга, байрам-томошаларига, консертларга у киши етаклаб борган. Устоз билан 30 йилдан зиёд бирга ака-укадек бўлиб, самарали ижод қилдик. Халқимизга яхши кайфият улашдик. Аммо Мамасиддиқ Шераевнинг ижоди, ҳаёти унинг шогирдлари тимсолида давом этади. 

– Марғилон шаҳрида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилаётгани ҳақида эшитган эдик. 

– Биласиз, 2014-йили аския инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида Юнесконинг репрезентатив рўйхатига киритилган. Шу боис мазкур сўз санъатига нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёдаги мута­хассислар қизиқиш билдиради. Аммо юртимизда аскиячилар сони жуда кам, бармоқ билан синагудек қолган. Энди битта муаммо – ана шу аср­лардан-асрларга ошиб келаётган аския санъатини сақлаб қолиш ва ривожлантириш кун тартибига чиқиб келаётган эди. Буни ўз вақтида билган муҳтарам Юртбошимиз 2023-йил 

11-июл куни «Республика миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини қабул қилдилар. Мазкур қарор билан Марғилон шаҳрида Маданият ва ту­ризм вазирлиги тизимида давлат муассасаси шаклида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилгани маълум қилинди. Эндиликда ушбу санъат турининг илмий асосларини яратиш, ўқув-қўлланмалар ишлаб чиқиш, «устоз-шогирд» анъаналарини ривожлантириш, истеъдодли ёшларни излаб топиб, тарбиялаш, уларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш айнан мазкур марказ томонидан амалга оширилади. Ҳозир бу борада дастлабки қадамлар қўйилган. Ишлаб чиқилган йўл харитасига асосан, айни кунда марказда жамланган водийлик қизиқчилар мамлакатимизнинг турли ҳудудла­рида гастрол-консерт дастурларини намойиш қилиб юришибди.

– Ҳотамжон ака, газетамизнинг аксарият муштарийлари ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларидир. Ўз ўрнида, соҳа вакиллари орасида ҳам сизнинг ашаддий мухлисларингиз жуда кўп...

– Мен ички ишлар органлари ходимларининг хизматига доим юқори баҳо бераман, уларга ҳурматим чексиз. Сабаби шуки, улар доим эл-юртимиз тинч бўлсин, одамлар осойишта яшасин, деб елиб-югуришади. Ҳамма яхшиликларнинг боши эса ана шу тинчлик-осо­йишталикда. Юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сургани учун байрамлар, консертлар, тўй-томошалар бўляпти. Хотиржам яшаб, ижод қиляпмиз. Бу тинчлик ва осойишталикка ўз-ўзидан эришилмайди. Мана, узоққа бормайлик, шу декабр ойида, изғиринли кунларда ижодий сафар билан пойтахтга икки-уч маротаба бориб-келдим. Ҳаво қаттиқ совуқ, изғирин бўлса ҳам йўлларда ички ишлар органлари ходимлари ўз вазифаларини мардонавор адо этишяпти. Нима учун? Албатта, биз фуқароларнинг хотиржамлигимиз учун совуқни совуқ, тунни тун демай тик оёқда туриб, хизмат қилишмоқда. Шу сабабли 

қаердаки уларни кўрсам дуо қиламан. Ҳатто йўлда ЙПХ ходимлари тўхтатишганида ҳам, айримларга ўхшаб эътироз билдирмай, «отангизга раҳмат» деб миннатдорлигимни билдириб кетаман. 

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни кириб келган янги йил билан муборакбод этаман.

– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

«Постда» мухбири 

Абдувосит Сидиқов суҳбатлашди.