Турмуш қурганимдан бери онам биринчи марта уйимга келаётганди.  Меҳр билан тансиқ таомлар тайёрладим. Тушликка бир соат қолганида эшик қўнғироғи чалинди. Онам “Уй ҳадяси” деб қўлимга халта тутқазди. Халтани очиб кўрсам, очилган ва ишлатилган тозалаш воситаси. Онамдан: – Сизнинг ётоқхонангиздаги ойна олдида турган тозалаш воситасими бу, дея сўрадим. Уйда тозалаш воситалари кўп эди, аммо буни ҳам ишлатаман. Раҳмат.

  – Буни, албатта, фойдаланишинг учун олиб келдим, – деди онам. – Аммо уй тозалашда эмас...

– Вой, унда нима учун ишлатаман буни?

– Ўтмишни тозалаш учун ишлатасан! – деди онам. Ҳеч нарсага тушунмадим.

Бувим ва бобом кўп жанжаллашишар экан. Бобом бувимга “ўтмишга тозалаш кукуни сеп” дер экан. Аммо бувим ҳеч бундай қилмас, жанжаллари борган сари авж олар, уларнинг ғиди-бидисидан бобомнининг тоқати тоқ бўлганди.

– Хўп, нега ўтмишга аёллар тозалаш кукуни сепар эканлару, эркаклар сепмайди? – дедим онамга.

– Чунки эркаклар унутувчан бўлади, – деди онам. Гап ковлаштириб юрмайди. Аёллар эса ҳиссиётга берилувчан бўлади. Ўзларини ранжитган бирор гап ё ҳолатни осонликча унутмайди. Эсига тушганда озорланади ва атрофидагиларга ҳам озор етказади. Бувим ҳам хатосини тушунгани, аммо уни тузатишга кечиккани учун онамга турмушининг илк кунлари янги оила зиёратига келганида, насиҳат сифатида ҳозир менинг қўлимда турган ва ҳайратимга сабаб бўлаётган тозалаш воситасини совғага олиб келган экан.

– Биз учун янги тайёрлаганинг паловни иштаҳа билан едик, қорнимиз тўйди. Аммо эски овқатни олдимизга қўйганингда хушнудлик билан емаган, тўймасимиздан қўзғалган бўлардик. Турмуш ҳам шундай, болажоним. Ўтмишдаги гап-сўзларни иситилган овқатдек олиб келаверсанг, бир неча марта иситганингдан кейин таъми бузилади, кўнгил тортмас ҳолга келади. Ортда қолган гап-сўз, тортишувларга тозалаш воситаси сепиб юборсанг, унутилади, унутасан ва турмушингиз ҳамиша тансиқ ва иштаҳа очар таомдек ширин бўлиб қолаверади.