Бир синфда таҳсил олаётган ўқувчилар ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини қаттиқ хафа қилишибди. Тортишув устига келиб қолган муаллима уларни аранг ажратибди. У сўнгги пайтларда келиша олмай қолган болаларнинг бир-бирига нисбатан ҳурмациз муносабатда бўлаётганини ўйлаб, боши қотибди. Эртасига дарсга киришдан олдин дўкондан кўриниши ҳам, ранги ҳам деярли бир-хил 2 дона олма сотиб олибди ва машғулот вақтида болалардан сўрабди: “Бу олмалар нимаси билан фарқ қилади?” Ўқувчилар ҳеч нарса дея олмабди, чунки мевалар орасида ҳеч қандай фарқ йўқ экан.

Шунда муаллима олмалардан бирини олиб, унга қараб: “Сен менга ёқмайсан! Жудаям жирканчли олмасан” дебди ва ерга улоқтирибди. Болалар ҳайрон бўлганча унга қараб қолишибди. Сўнгра ўқитувчи мевани олиб, шогирдларидан бирига узатиб: «Сен ҳам унинг бирон камчилигини топиб айт ва ерга от», дебди. Ўқувчи унинг айтганини қилибди. Шу тариқа, олма ҳамма ўқувчиларнинг қўлидан ўтиб, “Менга сенинг думинг ёқмади!”, “Теринг жудям хунук!”, “Қурт еган олмасан!” каби ёқимсиз сўзлар билан бир неча бор ерга урилибди. 

Ахийри, олма ўқитувчининг қўлига қайтгач, у болалардан яна икки олманинг фарқини сўрабди. “Ҳақоратларга учраган” мева ерга урилавериб бироз эзилганини ҳисобга олмаганда, улар барибир деярли бир хил эди. Шунда муаллима олмаларни тенг иккига бўлиб, болаларга кўрсатибди. Столда қолган олманинг ичи оппоққина, иштаҳаочар бўлиб, лат егани эса зарблар таъсиридан жигарранг тусга ва ёқимсиз кўринишга кирганди.

Кейин ўқитувчи: «Болалар, иккинчи олмага ҳаммангиз жирканиш билан боқиб турибсиз. Лекин, ўйлаб кўринг, ахир уни шу ҳолга келтирган ўзимиз-ку! Бу бизнинг айбимиз», дебди. Синфга оғир сукунат чўкибди. Бир неча сониядан сўнг муаллима давом этибди: «Унутманг, кимнидир ҳақорат қилганимизда ёки масхаралаганда ҳам худди шундай бўлади. Бу ташқаридан қараганда билинмаслиги мумкин, лекин унинг қалбига оғир жароҳат етказган бўламиз. Баъзи инсонлар бундай камситишдан кейин ҳаёт йўлини адаштириб қўяди. Яралашга қодир оддий сўз тақдирларни салбий томонга ўзгартириб юборишга қодир. Ўртоғингиз билан уришиб, уни ҳақоратлашдан, ерга уришдан олдин шуларни ёдга олинг».

Шу кундан эътиборан ўқувчилар ўзаро жанжаллашмайдиган ва бир-бирини ҳурмат қиладиган бўлишибди. 

Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.