Маънавият ва маърифат дарси

Ишончим комил, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этадиган ички ишлар органи ходими эл-юрт ўртасида албатта муносиб обрў-эътибор топади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Имиж – ишонтириш ёки ёқиш усули...ми?

Давлат ва халқ ўртасидаги муносабатлар жараёнида «имиж» тушунчаси алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон Миллий энсиклопедиясига кўра, имиж (инглизча имаге, лотинча имаго – тимсол, кўриниш) – шахс, ҳодиса, нарсанинг оммалаштириш, реклама қилиш мақсадларида одамларга ҳиссий-руҳий таъсир кўрсатишни кўзлаб шакллантириладиган қиёфаси; тарғиб қилиш воситаларидан бири.

«Имиж» тушунчаси рейтинг, обрў, машҳурлик, жозиба, мафтункорлик, эътибор, нуфуз ва бошқа тушунчалар билан ҳамоҳанг. Блез Паскалнинг фикрича, инсонларга таъсир қилишнинг икки усули мавжуд: ишонтириш усули, ёқиш усули. Иккинчиси самаралироқдир, негаки инсонга ёқмай туриб, уни ишонтириш қийин. Имиж нафақат образ, қиёфа, балки унга билдирилган муносабат ва у ҳақдаги фикрлар мажмуи, шахснинг ахлоқий моҳияти ва унга мувофиқ ташқи кўриниш мутаносиблиги ҳамдир.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, имиж 4 турга: касбий, ижтимоий, оиладаги ва шахсий турларга бўлинади. У ташқи кўриниш, кийиниш маданияти, урф-­одатлар, фаолият ва саъй-ҳаракатлар, инсон ахлоқи, ўзини тутиши, мақсадлари, дўстлари ва муносабатларида намоён бўлади.

Кўпчилик мутахассислар томонидан ички ишлар органлари ходимлари имижининг таркибий қисмлари сифатида ташқи кўриниш; ҳуқуқий онг; шахсий сифатлар; киришимлилик белгиланган.

Ушбу сифатларни жамоатчилик эътиборига етказишда оммавий ахборот воситалари муҳим рол ўйнайди. Умуман, оммавий ахборот воситалари инсонларнинг фикрлаш даражасига таъсир кўрсатиши нуқтайи назаридан айтиш мумкинки, улар ички ишлар органлари ходимлари имижини оширишнинг асосий механизмларидан бири ҳисобланади.

 

Халқчил тузилма

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида ички ишлар органлари ходимларини халққа яқинлаштириш, эл-юрт дарди ва ташвиши билан яшаш­га, хизмат қилишга қаратилган улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистонда янги ички ишлар органларини шакллантириш, аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ижтимоий йўналтирилган профессионал халқчил тузилмага айлантириш баробарида унинг имижини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2023-йил 20-январдаги «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди.

Барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида ҳам маънавий-маърифий ишларни сифат жиҳатдан янги поғоналарга кўтариш, ходимларнинг билим савиясини янада юксалтириш, маънавиятли, ватанпарвар, ўз касбига садоқатли ва фидойи ходимларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш консепсияси муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Имиж яратиш масъулияти

Ички ишлар органлари ходимлари хизматни бевосита фуқаролар кўз ўнгида амалга оширади, демакки, фуқаролар билан мулоқотда очиқ ва самимий бўлиш, дардини эшитиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлашда ҳаққоний бўлиш зарур.

Кейинги пайтларда ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш, уларни ҳақорат қилиш, хатти-ҳаракатларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатишни шантаж қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Интернет ва ижтимоий тармоқларда осойишталик посбонларини обрўсизлантириш, воқеликни нохолис бўрттириб кўрсатиш ҳолатлари кузатиляпти.

Бинобарин, ички ишлар органларида имиж яратиш масъулиятли, шу билан бирга, бирмунча машаққатли. Масалан, профилактика инспекторининг халқ орасида ўз имижини яратишида ташқи кўринишнинг ўзи камлик қилади. Ўз устида тинимсиз изланиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳақиқий ҳимоячиси бўлиш, халқнинг оғир дамларида энг яқин кўмакчиси, ҳаммаслаги бўлиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Яхши биламизки, ходимнинг имижини оширадиган жиҳатлардан яна бири унинг маънавиятидир. Инсон камолоти ва маънавий дунёқараши эса китоб орқали юксалади. Шунинг учун шахсий таркиб ўртасида китоб ва китобхонликни тарғиб қилиш, мутолаа маданиятини ошириш, кутубхоналар фондини бойитиб бориш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Соҳа вакиллари эл орасида обрў қозонишлари, имижини ошириш учун, авваламбор, зиммаларидаги вазифаларни сидқидилдан бажаришлари лозим. Ҳар бир ходим фуқаролар билан мулоқотда хуш­муомала бўлиши, касбий ва ҳуқуқий билимларини муттасил ошириш устида тинмай изланиши зарур. Ана шунда муайян мақсад ва муддао­ларга эришилади.

 

Хориж тажрибаси

Хориж тажрибаси ҳуқуқбузарликлар профилактикасида янги иш услубларини қўллаш, аҳоли ва жамоатчилик билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Рус тадқиқотчиси С. Наумов «Ички ишлар органлари ходимларнинг имижи – бу уларнинг энг характерли ва типик хусусиятларини очиб берувчи мураккаб тасвирдир» деб фикр билдирган бўлса, А. Сёмик унга «хизмат вазифаларини бажаришда намоён бўладиган ижтимоий хатти-ҳаракатлар намойиши» деб таъриф берган. Бошқача қилиб айтганда, тизим ходимининг имижи бу – жамоатчилик нигоҳидаги тизим ходимларининг тасвири бўлиб, улар хизмат фаолиятининг характери ва хусусиятларини намоён қилувчи мураккаб жараёндир.

ХХИ аср бошларида Россияда ички ишлар органлари тизимида жиноятчиликнинг ўсиши, қонунларга бепарволик билан муносабатда бўлиш ҳолатларининг ошиши ва фуқароларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш каби тизимли муаммолар юзага келди. Бу омиллар мамлакатда ички ишлар органларига нисбатан жамоатчилик ишончининг пасайишига олиб келди, имижига жиддий таъсир кўрсатди.

Бу ҳолатларни бартараф этиш Россия Федерацияси ҳукумати томонидан Ички ишлар вазирлиги тизимида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш йўли билан амалга оширилди. Хусусан, 2009-йил 24-декабрдаги «Россия Федерат­сияси ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, тизимни модернизация қилиш, жумладан, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, кадрлар муаммосини ҳал этиш ҳамда соҳанинг молиявий ва моддий-техник ҳолатини яхшилаш кўзда тутилган.

Россия Федерациясида полиция органлари ахборот хизматлари томонидан ижтимоий тармоқларда полиция ходимлари фаолиятига нисбатан салбий ахборот тарқалишига қарши қуйи­даги йўналишдаги ишлар амалга оширилмоқда:

1) ахборот майдонини мониторинг қилиш;

2) танланган материалларни тартибга солиш;

3) танланган контентларни вақт ва макон жиҳатдан боғлаш;

4) салбий видеороликларга экспетрлар баҳосини бериш;

5) тарғибот роликларини ишлаб чиқиш;

6) тарғибот роликларини ахборот майдонига чиқариш.

Грузияда ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилиш қуйидаги йўналишларда олиб борилди: биринчидан, институционал-таркибий ўзгаришлар, иккинчидан, кадрлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, учинчидан, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, тўртинчидан, коррупсияга қарши кураш ва бешинчидан, моддий-техник базани яхшилаш кабилар.

Янги полициячилар очиқ танлов асосида жалб этилиб, уларда ҳуқуқ-тартибот идораларида тажрибага эга бўлган шахслар иштирок этмайдилар. Номзодларни ёллашда ғарб меъёрларига мувофиқ ишлаб чиқилган психологик тестлардан фойдаланилади, бу эса полиция ходимларининг ўртача интеллектуал даражасини ошириш ва беқарор ёки тажовузкор психикага эга бўлган нозодлардан воз кечиш имконини беради.

Шунингдек, ривожланган давлатлар тажрибасига эътибор қарацак, улар томонидан полиция фаолиятига оид кўплаб филмлар, телесериаллар ва видеолавҳалар ишлаб чиқилгани кўринади. Бунда полиция ҳақида жамоатчиликда ижобий тушунчаларни ҳосил қилиш мақсадида асосий эътибор кўпроқ полиция ходимларининг имижини ташкил этувчи компонентларга қаратилганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Азалдан Шарқ жаҳон маданиятининг энг асосий ўчоқларидан бири бўлиб келган. Ана шу буюк маданият ходимларимизнинг маънавий жиҳатдан юксалишига, шубҳасиз, имижини кўтаришга ижобий таъсир кўрсатади, албатта.

 

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

подполковник.