Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 26-апрел куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда туризм инфратузилмасининг ҳозирги ҳолати таҳлил қилиниб, камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, имкониятларни ишга солиб, туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш, хизматлар кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Аввало, ҳар бир вилоятда туристларни ўзига оҳанрабодай жалб қиладиган йирик лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда ички туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги кўрсаткични 10 миллион нафарга етказиш вазифаси қўйилар экан, бунинг имкониятлари ҳам белгилаб берилди. Шу билан бирга, хорижий туристларга саёҳатнинг барча босқичларини ташкиллаштиришга кўмаклашувчи сайтлар, мобил иловалар яратиш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йилда Наврўз байрами муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари белгилангани, 250 та меҳмонхона ва музейда чегирма берилгани, зиёрат обектлари бепул қилингани ички туризм учун катта туртки берди. Бунинг натижасида Бухоро ва Самарқандга қўшимча 110 минг нафар маҳаллий турист борган. Рамазон ҳайити муносабати билан ҳам халқимизга яна 5 кунлик дам олиш берилди. Давлатимиз раҳбари бундай ишларни фақат байрамлар арафасида эмас, балки йил давомида тизимли равишда ташкил этиш зарурлигини таъкидладилар.
Шу мақсадда жорий йилдан бошлаб барча давлат ташкилотлари ходимлари учун йилига бир марта маҳаллий саёҳатга чиқиш харажатларининг 20 фоизини буджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланди. Бундан ташқари, 1-сентабрдан бошлаб, юртимиз бўйлаб саёҳат қилаётган фуқароларга авиа, темирйўл ва автобус чипталари нархининг 15 фоизи, меҳмонхона харажатининг 20 фоизи, музей ва бошқа маданият обектларига чипта нархининг 50 фоизини қайтариш тизими жорий этилади.
Музейлар фаолиятини самарали ташкил этиш ҳам туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис республика бўйича барча музейлар экспонатларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг электрон базасини яратиш, музейлар раҳбар ва ходимларининг малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Яна бир эътиборли жиҳат – туристларнинг хавфсизлиги масаласи. Бу борада ички ишлар органлари хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларининг алоҳида ўрни бор. Улар томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бошқа соҳавий хизматлар билан ҳамкорликда туризм намойиши обектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, туристларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, шу жумладан, уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Афсонавий Самарқанддаги Регистон майдони Марказий Осиёнинг ноёб меъморий ёдгорлиги ҳисобланади. Қадимда бу майдон Самарқанднинг савдо ва ижтимоий маркази бўлган. Бу ерда учта гўзал мадраса – Улуғбек, Шердор, Тилла-кори мадрасалари қад ростлаган.
Гўри Амир мақбараси кўҳна Самарқанднинг яна бир дурдонаси бўлиб, у ерда Амир Темур, унинг ўғиллари ва набиралари, жумладан, буюк олим ва ҳукмдор Мирзо Улуғбек ором топган.
Регистон майдони, Гўри Амир, Руҳобод, Муқаддас Дониёр мақбаралари, Бибихоним мажмуаси, Шоҳизинда мажмуаси, Улуғбек расадхонаси – булар Самарқанд ёдгорликларининг тўлиқ бўлмаган рўйхатидир.
2500 йиллик тарихга эга бўлган Бухорода 140 дан ортиқ қадимий архитектура ёдгорликлари жамланган. Исмоил Сомоний мақбараси, Арк қалъаси, Калон минораси, Лаби Ҳовуз, карвонсаройлар, ҳаммомлар – бу ёдгорликларнинг барчаси қадимий шаҳарнинг руҳини акс эттиради. Бухоро бутун дунё мусулмонларининг зиёратгоҳи бўлиб, бежиз муқаддас деб аталмаган. У ғайриоддий, ўзига хос атмосфераси билан ўзига жалб қилади.
Хивани ҳақли равишда очиқ осмон остидаги музей дейиш мумкин. Шаҳар ўзаги – Ичан-қалъанинг аксарият меъморий ёдгорликлари ХВИИИ аср охири – ХИХ асрнинг биринчи ярмига тўғри келади. Қалъа деворининг баландлигидан шаҳарнинг ажойиб панорамаси очилади. Хивада бир қанча хон саройлари сақланиб қолган ва улардан энг машҳури Тош Ҳовли саройи ҳисобланади.
Қорақалпоғистон – замонларни боғлаб турувчи ўлка. Қадимий Қирққиз, Аёз қалъа, Жонбос қалъа, нодир Тупроққалъа манзилгоҳи ва бошқа тарихий ва археологик ёдгорликлар илмий ва маданий жиҳатдан барчада катта қизиқиш уйғотади.
Айни пайтдатошкент шаҳри, Бухоро, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларидаги туристик инфратузилма обектларининг умумий сони 7 562 тани ташкил қилади. Шундан 73 таси музей, 131 таси туризм обектлари, 1 796 таси археология, архитектура, монументал санъат ёдгорликлари ва диққатга сазовор жойларни ўз ичига олган маданий мерос обектлари, 5 минг 185 таси туристик намойиш обектлари, 299 таси маданият ва спорт обектларидир.
Жорий йилнинг айни пайтигача мамлакатимизга келган 807 минг 666 нафар чет эл фуқароларидан 37 минг 147 нафари саёҳат қилиш мақсадида ташриф буюрган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 минг 825 нафарга кўпдир.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда туризмни янада ривожлантириш имкониятлари мавжуд. Унинг ривожланиши мамлакатимизнинг халқаро алоқалари ривожланишига, иқтисодиёти мустаҳкамланишига ўз ҳиссасини қўшади. Халқаро алоқаларнинг ривожланиши халқимизни бошқа миллатлар билан янада яқинлаштиради, ўзаро ҳамкорликни кучайтиради. Бу эса Ўзбекистонга кириб келаётган хорижий инвестицияларнинг янада ўсишида муҳим омил бўлиши шубҳасиздир.
Михли САФАРОВ,
«Постда» мухбири.
