Айни пайтда дунё миқёсида кескин тус олиб бораётган рақобатга фақат замонавий илм-фан, юқори технологиялар ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш орқалигина муносиб жавоб бера олишимиз мумкин. Шу боис Янги Ўзбекистонда ҳам илм-фан, таълим, иқтисодиёт, спорт, санъат, маънавият син­гари барча соҳаларда ўсишга эришиш ва бунинг натижасида илмий салоҳиятини ошириш, аҳоли турмуш тарзини бундан-да яхшилаш мақсадида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда илм-фан соҳасини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Таъкидлаш жоизки, қисқа вақт ичида маърифат, таълим, илм-фан соҳаларини ривож­лантириш учун ўттиздан ортиқ қарорлар, фармонлар, фармойишлар ва қонунлардан иборат ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ўзгартириш, малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш ҳамда Ватанга садоқатли янги авлодни вояга етказиш механизмларини яратиш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг кейинги тараққиёти жараёнида мактаб­гача таълим тизимини ривожлантириш, умумтаълим мактаблари фаолиятини яхшилаш, олий таълим тизимини дунё стандартларига мослаштириш, халқаро рейтинг­ларга киритиш, ўқув юртларига қабул қилишда адолатли тизимни ўрнатиш, юртимизда нуфузли чет эл университетларининг филиалларини очиш каби кўплаб ишлар олиб борилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, таълим ва тарбия бир-бирини тўлдиради. Тарбия таълимга нисбатан кенг қамровлидир. Таълим ақлни ривож­лантиради ва сайқаллаштиради. Лекин инсоннинг руҳий, ақлий ва жисмоний тарафларини бирдек қамраб ололмайди. Шунинг учун ҳам таълим ва тарбия доимо бирга бўлиши талаб этилади. 

Умумий таълим тизимида жиддий ўзгаришлар сифатида бадиий ижод, санъат, маданият йўналишлари­да махсус мактаблар барпо этилганлигини эътироф этиш жоиз. Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Наманганда Ибрат, Фарғонада Эркин Воҳидов, Қаршида Абдулла Орипов, Хоразмда Огаҳий, Сирдарёда Ҳалима Худойбердиева, Андижонда Муҳаммад Юсуф номлари билан аталган адабиёт ва ижтимоий соҳа мактаблари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, ёшларнинг бошқа соҳаларга бўлган қизиқишлари ҳам эътиборга олиниб, республикамизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқи­тишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, «биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳи­соблаймиз».

Президентимизнинг «Илм-фанни 2030-йилгача ривожланти­риш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда, ил­мий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Илм-фан, таълим-тарбия ва маънавият мамлакатимизда азалдан устувор масала бўлиб келган. Давлат раҳбари раислигида 2024-йил 22-декабрда бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари шиддатли тус олгани, ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири мамлакатимизда ҳам сезилаётгани бежиз қайд этилмади. 

Мазкур йиғилишда Президентимиз томонидан турли йўна­лишлар, хусусан, маънавиятга оид устувор вазифалар ўртага ташланиб, муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Давлатимиз раҳбарининг билдирган таклифлари жамиятимизнинг маънавий қиёфасини тубдан ўзгартиришга хизмат қи­ладиган консептуал асос бўлди. Устувор консепсия сифатида, аввало, маънавият ва маданият соҳаси учун методик асос бўладиган миллий ғояни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди. 

Президентимиз таъкидлага­нидек, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиёти­нинг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг маънавият ва маданият йўналишидаги ташаб­буслари юртимиз равнақи йўлида илм-фан ва маънавият тизимлари борасида илмий изла­нишларни олиб бориш, бу соҳани ривожлантиришда аниқ таклифларни ишлаб чиқиш, уни янада ривож­лантиришда янги истиқболларни очишда алоҳида аҳамият касб этади.

Шу ўринда таъкидлаш мумкинки, мамлакатимизни инновацион ривожлантириш стратегияси ва механизмлари, энг аввало, шу давлатда яратилган интеллектуал, илмий-техникавий салоҳиятдан қанчалик самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда уч юздан ортиқ илмий тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари, тажриба конструкторлик ташкилотлари, илмий ишлаб чиқариш корхоналари, кичик инновацион марказ­лар ва бошқа илмий техникавий тузилмалар фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон 2030-йилга қадар глобал инновацион индекс рейтингида дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришдек улкан мақсадга эришишда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган стратегик режа эълон қилинди. Бизнинг мақсадимиз илм-фан соҳасини замонавий иқтисодиёт талабларига мослаштиришдан иборат бўлиб, илм-фандаги тегишли ҳуқуқий база билан тартибга солинадиган туб таркибий, ташкилий-молиявий инфратузилмага оид ислоҳотларни амалга оширишни талаб этади.

Дарҳақиқат, қалдирғоч ҳам ўз уясини бутлаш пайида бўлади. Биз ҳам бирор нарса қурмасак, яратмасак, шу она юртнинг тузини оқлагулик хайрли иш қилолмасак, яшамоқдан маъно борми?! Ҳаётда кимдир илми, яна кимдир ҳунари билан ўзидан муҳим из қолдиради. Зеро, замонавий илм-фан ютуқларини эгаллаш, элга нафи тегадиган касб-ҳунар соҳиби бўлиш, маънавий комиллик инсоннинг асосий эҳтиёжидир.

Азизжон ФАЙЗИЕВ, 

маёр.