Маънавият ва маърифат дарси

Инсон моддий қийинчиликларга чидаши мумкин, лекин ноҳақликка, адолацизликка чидай олмайди. Шунинг учун ҳам халқимиз томонидан «Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман» деган пурмаъно нақл тўқилган. Лекин айни пайтда қадр-қимматни моддиятдан бутунлай айро ҳолда ҳам тасаввур этиб бўлмайди.

Шу боисдан ҳам мамлакатимиз Президенти «Албатта, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз», – деган эдилар.

 Бугунги кунда инсоннинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлатимизнинг устувор вазифасига айланди. «Инсон қадри учун» деган ҳаётбахш ғоя асосида «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак»

деган тамойил жорий этилди.

Ана шу талабдан келиб чиқиб сўнгги йилларда жамият ҳаётининг барча соҳаларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистон инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланган мамлакат бўлиши учун барча зарурий чора-тадбирлар кўриляпти. Жумладан, ички ишлар органлари ходимлари юртдошларимиз тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини таъминлаш йўлида хизмат қиляпти. Маҳалла еттилиги эса аҳолининг муаммоларини «хонадонбай» асосда ўрганиб, ҳал этяпти.

Юртимизда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини таъминлаш, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид келадиган ҳар қандай ҳаракатларга қарши курашиш энг долзарб вазифалар сирасига киради. Ушбу йўналишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Болалар омбудсмани, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва бошқа миллий институтлар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Эндиликда одамлар ташвиши билан яшаш, халқимизнинг қонуний талаб-истаклари ва хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш давлат органлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонига айланиб боряпти. Муайян ҳудудлар бўйича барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида қабул қилиниши керак. Мамлакат миқёсида эса ушбу жараёнга фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш халқчил қарорлар қабул қилишда яхши самара беради.

Мамлакатимиз янги таҳрирдаги Конституциямизнинг муқаддимасида Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ эканлиги эълон қилинган. Асосий қонунимиздан давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши тўғрисидаги қоида ўрин олган. Шунингдек, инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият эканлиги таъкидланган. Конституцияда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятларига тааллуқли нормалар 3 баробар кўпайди.

Бунинг амалдаги ижросини аҳоли­нинг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими яратилганлигида кўриш мумкин. Камбағалликни қисқартириш бўйича изчил чора-тадбирлар кўриляпти. Янги уй-жойлар, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотлари қуриляпти, маданият ва спорт масканлари бунёд этилмоқда. Юртдошларимизнинг яшаш тарзи яхшиланиб, турмуши фаровонлашяпти. Юртимизда юқори технологияли янги саноат мажмуалари, инфратузилмалар ва логистика тармоқлари, автомобил ва темирйўллар барпо этилмоқда. Сайёҳлик соҳалари тобора тараққий этмоқда.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни жамиятга мослаштириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Улар қайта жиноят содир этмасликлари учун касбга ўқитиляпти, иш билан таъминланяпти, ҳар бирига ижтимоий ёрдам кўрсатиляпти.

Тадбиркорлар учун янада кенг имкониятлар яратилмоқда. Ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгалари, баркамол бўлиб тарбия топишлари учун зарур чоралар кўриляпти. Хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтириляпти. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти.

Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 19-март куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди. Хусусан, 2025-йилдаги асосий мақсадлар белгиланди. Ушбу мақсадларга эришиш учун халқаро экспертлар билан ҳамкорликда комплекс дастур ишлаб чиқилди. 2025-йилда уни амалга ошириш учун турли манбалардан 10 миллиард АҚШ доллари ажратиш режалаштирилган. «Бу йил кичик ва ўрта бизнесга 120 триллион сўм ресурс беряпмиз. Бунча катта маблағ илгари ҳеч қачон бўлмаган», – деди давлат раҳбари.

Юртбошимиз Ўзбекистон халқига Янги йил табригида «Мухтасар айтганда, «Инсон қадри учун, инсон бахти учун!» деган олижаноб мақсадни барчамиз биргаликда амалга оширамиз», деган эдилар. Раҳбар ходимларига ғамхўрлик қилса, малакали мутахассисларни қадрласа, бу унинг ана шу юксак мақсадни амалга оширишга қўшган ҳиссаси бўлади. Ходим ҳам ўз навбатида ҳар томонлама қулай иш шароити яратган, қўл остидагиларнинг ижтимоий ҳимояси ҳақида қайғурган раҳбарни қадрлаши лозим.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов инсон қадр-қиммати ҳақида топиб ёзган эди.

Унинг «Изҳор» шеъридаги қуйдаги сатрларга эътибор беринг-а:

 

Қанча диёрларда сайр этиб юрдим,

Қанча манзилларда туздим ошён.

Ва буюк ҳикматга ахир юз бурдим,

Сийланган жойида азиздир инсон.

 

Юртим, сенда экан насибам тугал,

Сен ўзинг масканим, сен ўзинг шоним.

Сен онам, сен синглим, ёримсан, азал,

Эй, жоним, жаҳоним – Ўзбекистоним.

 

Аслида «бахт» ва «қадр» тушунчалари эгизак. Кимки қадр топса, у ўзини бахтли ҳис қилади. Лекин ўз Ватанида қадр топмай, бегона ўлкаларда қадрланган инсоннинг бахти кемтик бўлади. «Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл» деб бежиз айтишмаган. Шунинг учун ҳар кимга ҳам ўз диёрида қадр топиш насиб эцин.

Бобомурод Тошев.