Маънавият ва маърифат дарси
Ҳуқуққа қарши қаратилган жиноят кўринишларидан бири ҳисобланган қийноқ шахснинг жисмоний ва руҳий дахлсизлиги, шахсий хавфсизлигига тажовуз қилади. Шунинг учун ҳам 1948-йил 10-декабрда халқаро ҳамжамият «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»ни қабул қилиш орқали қийноқ ёки шафқациз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларини қўллашни тақиқлади.
Декларациянинг 5-моддасида «Ҳеч ким азоб-уқубатга ёки ваҳшийларча, инсонликка иснод бўлган ёки қадр-қимматни хўрлайдиган муомала ва жазога мустаҳиқ бўлмаслиги керак» – деган қоида мустаҳкамланди.
«Қийноққа солиш» тушунчасига ҳуқуқий таъриф илк бор Бмтнинг Бош Ассамблеяси томонидан 1975-йил 9-декабрда қабул қилинган «Ҳамма шахсларни қийноқлардан, бошқа қаттиқ, шафқациз ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги декларацияда берилган.
Ушбу декларацияда «Қийноққа солиш» тушунчасининг мазмуни хусусидаги турли хил қарашлар ривожлантирилган ва 1-моддасида у «Расмий шахс томонидан ёки унинг кўрсатмасига биноан, инсонга ундан ёки учинчи шахсдан ахборот ёки иқрорлик кўрсатувлари олиш, у содир этган ёки содир этганликда гумон қилинаётган ҳаракатлар учун уни жазолаш ёинки уни ёки бошқа шахсларни қўрқитиш мақсадида била туриб кучли оғриқ ёхуд жисмоний ёки ақлий азоб-уқубатлар етказишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат», деб таърифланган.
1984-йил 10-декабрда БМТ томонидан қабул қилинган «Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқациз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши» конвенсиянинг 1-моддасида эса, қийноқ қуйидагича таърифланади: «Бирон-бир шахсга қасддан етказиладиган кучли жисмоний ёки руҳий оғриқ ёхуд азоб, ундан ёки учинчи шахслардан маълумот ёки иқрорликни қўлга киритиш учун, у ёки учинчи шахс содир этган ёки содир этишда гумон қилинаётган қилмиш учун жазолаш, шунингдек, уни ёки учинчи шахсларни қўрқитиш ёки мажбурлаш ёинки дискриминацияга асосланган ҳар қандай сабабларга кўра содир этилган ҳар қандай ҳаракатлар бўлиб, бунда ушбу ҳаракатлар давлат мансабдор шахслари ёки расмий равишда намоён бўлувчи бошқа шахслар ёки уларнинг ундови билан ёхуд уларни хабардор этган ҳолда ёинки уларнинг розилиги билан содир этилади».
Масалан, хорижий мамлакатлардаги хусусий қамоқхоналарда қамоқхона хизматчиси томонидан қийноққа солиниш ҳолати юз берса, хусусий қамоқхона хизматчиси Қийноққа қарши конвенсиянинг 1-моддасидаги «давлат мансабдор шахслари ёки расмий равишда намоён бўлувчи бошқа шахслар» жумласидаги субектлар доирасига тушадими ёки йўқми, деган савол туғилади. Фикримизча бундай шахслар ҳам қийноққа солиш жиноятининг субекти бўлиши керак.
Юқорида қайд этганимиздек, қийноқнинг субекти сифатида халқаро ҳуқуқ нормасида давлат мансабдор шахслари ёки расмий равишда намоён бўлувчи бошқа шахслар қайд этилган.
Халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда мансабдор (расмий) шахс умумий тушунчасига таъриф берилган бўлмаса-да, халқаро ҳуқуқда айрим турдаги мансабдор шахслар тушунчаларига берилган шарҳларга дуч келиш мумкин. Масалан, Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг хулқ-атвор кодексининг 1-моддасига берилган шарҳга мувофиқ «Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахс» атамаси ҳуқуқни қўллаш билан боғлиқ бўлган тайинланадиган ёки сайлаб қўйиладиган, ички ишлар органлари ваколатларига, айниқса, ҳуқуқбузарларни ушлаш ваколатларига эга мансабдор шахсларнинг барчасини ўз ичига олади.
Таъкидлаш лозимки, қийноққа солиш тарзидаги ҳаракатлар иштирокчиликда мансабдор бўлмаган шахслар томонидан ҳам содир этилиши мумкин, башарти бу ҳаракатлар:
– мансабдор шахснинг кўрсатмасига биноан, яъни субект мазкур шахс томонидан қийноққа солишни содир этишга жалб қилиниши натижасида;
– мансабдор шахсни хабардор этган ҳолда, яъни мансабдор шахс қийноққа солишнинг қўлланилиши тўғрисида зарурий ахборотга тўлиқ ҳажмда эга бўлган шароитда;
– мансабдор шахснинг розилиги билан бажарилган, яъни мансабдор шахс қийноққа солишни содир этишга қаршилик қилмаган ёки бунга монелик қилувчи омилларни бартараф этган бўлса.
Бундан ташқари, халқаро конвенсия талаби ҳамда қуйида келтирилган хорижий давлатлар жиноят кодекси бўйича ҳар қандай шахс қийноққа солиш жинояти субекти бўлиши белгиланган. Масалан, содир этган қилмиши учун тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини ўтаётган шахсга нисбатан қийноққа солиш ҳолатлари шифокор томонидан қўлланилса, шифокор қийноққа солганлик бўйича жавобгарликка тортилади. Бу эса, ўз навбатида, қийноққа солиш жиноятининг жабрланувчи доирасини Қийноққа қарши конвенсия қоидалари асосида такомиллаштирилиши зарурлигини кўрсатади.
2018-йилнинг 4-апрел кунидаги «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Жиноят кодексининг 235-моддасига ўзгартишлар киритилди ҳамда қийноқ учун жавобгарликка оид нормалар такомиллаштирилди. Жумладан, қийноққа солиш жиноятининг субекти доираси кенгайтирилди.
Илгари жиноят субектлари, яъни қийноққа солганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахслар доираси чегараланган эди. Яъни, суриштирувчи, терговчи, прокурор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг, жазони ижро этиш муассасасининг бошқа ходими қийноққа солиш жиноятининг субекти ҳисобланарди. Жиноят кодексига киритилган янги ўзгартишга кўра, эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг ёки бошқа давлат органининг ходими томонидан ёхуд унинг далолатчилигида ёки хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан бошқа шахслар томонидан содир этилишига оид норма киритилиши натижасида қийноққа солиш жинояти субектлари доираси кенгайтирилди.
Хорижий мамлакатлар Жиноят кодекслари таҳлил қилинганда, қийноққа солиш жиноятининг субекти борасида ягона ёндашув йўқлигини кўришимиз мумкин. Фикримизча, гарчи Қийноққа солишга қарши конвенсияда жиноят субектлари кўрсатилган бўлса-да, Конвенсияда қўлланилган «Расмий равишда намоён бўлувчи бошқа шахслар» жумласини бир хил қўллаш бўйича тушунтириш ёки норматив таъриф бўлмаганлиги учун давлатларнинг жиноят қонунчилигида турлича ёндашув мавжудлигини кўришимиз мумкин.
Бундан ташқари, Қийноққа солиш жиноятининг жабрланувчилари доираси Бмтнинг Қийноққа қарши конвенсиясида чегараланмаган. Яъни, ҳар қандай шахс жабрланувчи бўлиши мумкин. Шунингдек, жиноят субектлари қаторида мансабдор шахслар бўлишини инобатга олсак, қийноққа солиш жинояти билан мансабдорлик жиноятларини, жумладан, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш жинояти билан аниқ фарқини белгилашда муаммолар юзага келади. Шу муносабат билан тергов ва суд амалиётида ҳам, баъзида қийноққа солиш билан боғлиқ жиноятлар дастлаб ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш жинояти бўйича иш қўзғатилганлигини кўришимиз мумкин.
Халқаро конвенсияда бу борадаги аниқ чегара ёки тушунтириш келтирилмаган. Жиноят субекти сифатида Жиноят кодекси нормаларини ҳуқуқни қўллаш амалиётида турлича шарҳлашга сабаб бўлувчи ҳамда тергов ва суднинг субектив фикрига қараб талқин қилинадиган ҳолатлар юзага келмаслиги учун халқаро конвенсия нормаларида акс этган қоидаларнинг мезонларини аниқлаш муҳим ҳисобланади.
Фикримизча, қийноққа солиш жиноятининг мансабдорлик жиноятлари ўртасидаги аниқ фарқ бу жабрланувчининг муайян маънода ўз эркинлиги ва ҳуқуқларини амалга оширишда чекланганлиги билан, жиноят субекти томонидан кўпроқ муайян ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун иқрорлик кўрсатуви олиш ёки ўзбошимчалик билан жазолаш кабиларда намоён бўлади.
Маҳмудхўжа АСАТУЛЛАЕВ,
Тошкент шаҳар ИИББ Ташкилий бошқарма ЮТБ катта юрисконсулти,
капитан.
