Маънавият ва маърифат дарси

Ер юзида аҳоли сонининг тез суръатлар билан ўсиши натижасида эҳтиёжларни қондириш учун ишлаб чиқариш корхоналари сонининг муттасил ошиб бориши, табиий ресурсларнинг кўплаб ишлатилиши, транспорт воситалари сони ва турларининг кўпайиши кузатилмоқда. Бунинг оқибатида табиатдаги антропоген ўзгаришлар кўлами кенгайиб бормоқда.

Экологик муаммолар глобал кўриниш касб этиб, муайян шароитга мос­лашган экотизим йўқолиб кетишига биринчи навбатда антропоген омиллар сабаб бўлаётгани жаҳон аҳлини ташвишга солмоқда.

Дунё бўйича йилига қарийб олти миллион гектар ер чўлга айланаётгани, олтмиш мингга яқин ўсимлик, етти мингдан ортиқ ҳайвон турлари йўқолиб кетиш арафасида тургани, инсон томонидан ҳосил қилинаётган чиқинди миқдори йил сайин кўпайиб, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётгани, ҳайдаладиган ерларнинг

40 фоиздан ортиғи деградацияга учраб, зироатчилик, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун мутлақо яроқсиз бўлиб қолгани ҳамжиҳатликда тегишли чоралар кўришга ундайди.

Акс ҳолда, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сайёрамизда миллионлаб йиллар давомида шаклланган биологик хилма-хиллик яқин 50 йил ичида қарийб 50 фоизга камайиши мумкин экан. Бу қандай оқибатларга олиб келишини эса ҳатто тасаввурга ҳам сиғдириб бўлмайди.

Шу ўринда жаҳон ҳамжамияти эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қи­лиш ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олишга қаратиш ва бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида 1972-йил 5-июнда Стокголм шаҳрида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг экологик масалаларга бағишланган конференсиясини эслатиш жоиз кўринади. Чунки унда қабул қилинган қарорга мувофиқ, мазкур анжуман ўтказилган кун, яъни, 5-июн дунё миқёсида – Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан тадбирлар, кўрик-танловлар, боғ-роғлар яратиш, ободонлаштириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини оширишга қаратилган аксиялар ўтказиб келинади.

Мамлакатимизда ҳам айни шу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимиз томонидан юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва экологик осойишталикни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Экологик хавфсизликни таъминлашга муҳим сиёсий масала сифатида қаралмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этилиб, Оролбўйидаги шаҳар ва туманларни ривожлантиришга қаратилган дастурлар жадал амалга оширилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндилари йилдан-йилга кўпайиб бор­япти. Айниқса, ХХИ асрда маиший чиқиндилар ҳажми­нинг ўсиши экологик барқарорликка жуда катта салбий таъсир кўрсата бошлади.

Мамлакатимизда атроф-­муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойда­ланиш, са­нитария ва экологик ҳолатни яхшилаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Ишлаб чиқариш соҳаларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш натижасида атмосфе­рага чиқарилаётган зарарли моддаларнинг миқдори камайишига эришилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорлар чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаётига ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Аммо айрим завод ва фабрикалар ҳавога меъёридан ортиқча ташланма чиқариб, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай ҳолатлар фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳам республикамизда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир ҳудуд ҳаво ифлосланишини тезкор таҳлил қиладиган мобил лабораториялар билан таъминланаётир. Атроф-муҳитга юқори ва ўрта хавфли йирик саноат корхоналарида замонавий локал тозалаш иншоотларини ўрнатиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Яна бир муҳим масала, дунёда илмий-техник тараққиёт қанчалик ривожланмасин, табиат ва инсон ўртасидаги айрим муаммолар, жумладан, табиий офатлар хавфи йилдан-йилга ортиб, жиддий талафотларга сабаб бўлмоқда. Кейинги вақтларда ер куррасида содир бўлган воқеалар: Америка, Осиё қитъаларидаги кучли зилзила ва сунамилар, Европадаги сув тошқинлари, турли минтақалардаги ёнғинлар айрим табиат ҳодисалари олдида инсоният ожизлигини, етарли даражада тайёр эмаслигини кўрсатди.

Маълумотларга кўра, ҳар куни дунёда ўртача 200 га яқин киши табиий офат қурбони бўлади. Лекин табиий офатларни тизгинлаш, уларнинг олдини олишнинг аниқ кўрсатмаларини ишлаб чиқиш ҳанузгача муам­мо бўлиб қолмоқда. Асосий мақсад сайёрамизда табиий офатлар­нинг хавфини камайтириш соҳасидаги глобал маданиятни шакллантириш, табиий офатлар хавфини бартараф қилиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва офатларга тайёргарликни оширишдир.

Бмтнинг Табиий офатлар хавфини камайтириш Халқаро стратегияси, Халқаро фуқаро муҳофазаси ташкилоти ва Осиё табиий офатлар хавфини камайтириш маркази (АДРC) бу масала билан бевосита шуғулланади. АДРC Осиё қитъасида табиий офатлар хавфини камайти­риш мақ­садидаги асосий халқаро ҳамкорлик ташкилоти сифатида 1998-йил тузилган, унга 25 та мамлакат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо.

Юртимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларга қарши курашиш тизимини янги даражага кўта­риш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат экология қўмитасининг «Экологик патрул» тизими жорий этилди. Экологик патрул гуруҳлари томонидан 2023-йилнинг ўтган даври мобайнида 14 мингдан ошиқ рейдлар ўтказилган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 14 минг нафардан ортиқ фуқаролар ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилган.

Хулоса шуки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, флора ва фауна оламини асраб-авайлаш, келажак авлодга табиий бойликларни бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг олдимизда турган муҳим вазифа ҳисобланади.

 

Сарвар СОБИРОВ

тайёрлади.