Маънавият ва маърифат дарси

Тартиб-интизом бор жамоада ривожланиш, олға силжиш бўлади, соғлом муҳит ҳукм суради. Ота-боболаримиздан анъана бўлиб келаётган шарқона тарбиянинг асоси ҳам интизомга бориб тақалиши бежиз эмас. Ҳар бир ишнинг бошланиши интизом ва қонунийликка асосланмас экан, ундан самарали натижа кутиш вақтни беҳуда сарф қилишдир.

Барча соҳаларда, хусусан, ички ишлар органларида интизом ва қонунийликка амал қилиш хизматнинг олтин қоидаси ҳисобланади. Зеро, Асосий қомусимиз, мамлакатимиздаги мавжуд меъёрий қонун ҳужжатлари, ҳукуматимиз ва вазирлик раҳбариятининг буйруқ ва қарор­лари, фармойиш ҳамда кўрсатмаларига риоя қилиш ходимнинг жамоада, шунингдек, аҳоли ўртасида ҳурматга сазовор бўлишининг асосий омилидир.

Ички ишлар органлари ходимлари куннинг исталган пайти, ҳар қандай об-ҳаво шароитида зиммаларидаги вазифаларни виждонан адо этаётганига ҳар доим гувоҳ бўламиз. Кўча-кўйда ҳадик-хавотирларсиз юришимиз, оила аъзоларимиз даврасида байрамларни муносиб нишонлашимиз замирида ўз оромидан, ҳузур-ҳаловатидан кечаётган ички ишлар органлари ходимлари­нинг шарафли хизмат фаолияти борлигини асло унутмаслигимиз керак.

Осойишталик посбонларининг асосий хизмат фаолияти халқ орасида кечади. Ходимнинг юриш-туриши, муомаласи ҳатто ўзини тутиши ҳам, хоҳлаймизми-йўқми, доимо одамлар кўз ўнгида туради. Шу боис Ички ишлар органларининг Интизом уставида бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтилган. Тасаввур қи­линг, бошқалардан тартиб-интизом ва қонунийликка амал қилишни талаб қилаётган ходимда ана шу хислатлар бўлмаса, табиийки, бунинг таъсири ҳам камаяди.

Интизом уставига мурожаат қиламиз. Унда ходимлардан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шу­нингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси йўлида фидойилик билан хизмат қи­лиш талаб этилиши алоҳида таъкидланган.

Бундан ташқари, ички ишлар органлари ходими ишониб топширилган табел қуроли, мол-мулк ва техникани асраб-авайлаш, ҳушёр бўлиш, давлат ва хизмат сирини қатъий сақлаш, ходимлар ўртасида ўзаро муносабатлар қоидаларига амал қилиш, бошлиқлар ва ҳамкасбларни ҳурмат қилиш, доимий равишда ўз билим ва касбий кўникмаларини такомиллаштириб бориш, малака ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, хизматдан ташқари ҳолатларда ўзини муносиб равишда тутиш, жамоат тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишда намуна бўлишга мажбур.

Эътибор беринг, Уставда ходимдан хизмат интизомига риоя этиш жараёнида юқоридаги бурч ва мажбуриятларга қатъий амал қилиш талаб этиляпти. Шунчаки, йўл-йўриқ ёки кўрсатма сифатида тавсия этилмаяпти. Интизом уставига қатъий амал қилишни ходимлардан талаб қилиш натижасида сўнгги йилларда соҳада фидойи, Ватанини жонидан ҳам ортиқ севадиган, юрт манфаатини ўз манфаатидан устун қўядиган, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилганларини «иссиқ изида» фош этиш сингари зиммаларидаги масъулиятли вазифаларни виждонан бажарадиган мард ва жасур осойишталик посбонлари сони тобора ортиб бораётгани қувонарлидир.

Шунингдек, ички ишлар органларида юксак хизмат интизомига ходимларда юксак маънавий-ахлоқий ва ишчанлик хусусиятларини, хизмат бурчини бажаришга нисбатан онгли муносабатни шакллантириш, ҳар бир ходимнинг ўз хизмат бурчини бажаришга нисбатан шахсий масъулияти, ички тартиб ва хизмат кийимини кийиш қоидаларига қатъий риоя этиш, бошлиқларнинг қўл остидаги ходимларга нисбатан кунлик талабчанлиги, уларга доимий ғамхўрлиги, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини одилона, асосли қўллаш, ички ишлар органлари бўлинмаларида зарур моддий-маиший шароитларни яратиш орқали эришилиши алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Устав бандларида «хиз­мат интизоми» ва «юксак хизмат интизоми» деб алоҳида-алоҳида келтирилган. Бу, бир сўз билан айтганда, «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!» шиори остида юрт осойишталиги йўлида хизмат олиб бораётган ходимларга мамлакатимизда инсон шаъни, қадр-қиммати ҳар нарсадан улуғлигини доимо ёдда тутиши зарурлигини англатади.

Шарқ халқларида тарбия, одоб-ахлоқ масалаларига қа­димдан алоҳида эътибор берилган. Мавжуд меъёрий ҳужжатларда одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишнинг барча муҳим жиҳатлари, жумладан, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, камтар ва босиқ бўлиш, уларнинг мавқеидан қатъи назар, ҳеч бир шахс, гуруҳ ёки ташкилотлар­нинг камситилиши ёки афзал кўри­лиши ҳолатларига йўл қўймаслик, бошқа давлатлар халқларининг урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш, ижтимоий барқарорлик, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликка кўмаклашиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида қонуний кўриб чиқиш, тамагирликнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш сингари инсонга кўрк бағишлайдиган сифатларнинг деярли бирортаси ҳам четда қолмаган.

Инсон бир умр ўқиб изланади, билмаганларини ўрганади. Ҳеч ким дабдурустдан комилликка эришиб қолмайди. Соҳа ходимларини халққа янада яқинлаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани боис ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш орқали энг олий вазифа – она Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги таъминланмоқда.

Тизимда яратилган кўплаб имтиёзлар ва ижтимоий қўллаб-қувватлашларга қарамасдан, ходимлар томонидан хизмат интизоми бузилиши, йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши, порахўрлик, тамагирлик каби салбий иллатлар, афсуски, ҳамон кузатилмоқда. Жумладан, 2021 йилнинг 10 ойида 5991 нафар ходим интизомбузарликка йўл қўйган бўлса, 1563 нафари маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган.

Республика миқёсида содир этилган интизомбузарлик ҳолатлари турлари бўйича таҳлил қилинганда, ўтган 10 ой давомида 3610 нафар ходим хизмат вазифасини бажаришга масъулияцизлик билан ёндашганлиги учун интизомий жазоланган.

Фуқаролар онгида пора олиш ва давлат органи ходимига пора бериш ҳам бирдек жиноят эканлиги, унга нисбатан жазо муқаррарлигини сингдиришга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилиб келинаётганлигига қарамасдан, ҳанузгача тизим шаънига доғ тушираётганларни ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайди.

Ваҳоланки, ушбу ходимлар пора таклиф қилиш ҳолатлари бўйича ўз вақтида ўрнатилган тартибда ахборот берганида, нафақат ички ишлар органларида хизматни давом эттираётган ва жиноий жавобгарликка тортил­маган бўларди, балки бошқа ҳамкасблари каби тизим обрўсини кўтариб, ўзлари ҳам моддий ва маънавий рағбатлантирилиши мумкин эди.

Авазбек ИНОМОВ,

подполковник.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

«Постда» мухбири.