Археолог ва тарихчилар «Воҳа девори», деб ном берган Канпирак девори нафақат алоҳида жойлашган бир туркум шаҳар ва қишлоқлар мудофааси учун, балки улкан маданий ҳудуд, бутун бир воҳа мудофааси мақсадлари йўлида хизмат қилган. У ўзининг қурилиш усуллари билан жаҳонга машҳур Буюк Хитой деворини эслатади. Самарқанд шаҳри ва унинг атрофини ўраб турган «Қиёмат девори» ҳам унга ўхшаш.

Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида Канпирак девори 782—831-йилларда қурилгани ёзилган. Араб тарихчиси ва сайёҳи Масъудийнинг ёзишича, Канпирак девори қадимги суғд подшолари замонида бино қилинган. Ўзбекистон тарихи фанида «Канпир девор» атамаси Марказий Осиё деҳқончилик воҳаларини кўчманчилар ҳужумидан ҳимоя этиш мақсадида барпо этилган мудофаа иншоотлари тизимини англатади. 

Масъудий хабар қилган дастлабки кўҳна деворнинг узунлиги 336 км. бўлган. Қадимги суғд воҳасини ўраб олган иккинчи Канпирак девори ВИИИ аср охири ИХ аср бошларида барпо этилган бўлиб, узунлиги 120 км. 

Турк ҳоқонлиги даврида гарчанд ҳоқонликнинг зодагонлар қисми чўл-дашт ҳудудларида яшаган бўлса-да, суғдий аҳоли ва кўчманчилар ўртасида тинчлик, ҳамжиҳатлик алоқаларини ўрнатишган, савдо-сотиқ ривожланган. Бу даврда ҳозирги Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудудидаги 15 га яқин катта-кичик давлатлар ҳоқонликка расман бўйсундирилиб, бож-хирож тўлашган. Турк ҳоқонлиги савдо-сотиқдан, айниқса, ипак савдосидан катта фойда кўргани учун суғд савдогарларига, ҳатто узоқ ўлкаларда савдо қилиш учун шароит яратиб беришган. Натижада Канпирак девори аҳамиятини йўқотиб, харобага айланган. ВИИ аср охирги чораги ва ВИИИ аср бошларида Турон ҳудудида аҳолини исломлаштириш бошланди. Исломни қабул қилган аҳоли билан чўл-дашт ҳудудидаги исломни қабул қилмаган аҳоли ўртасида қарама-қаршилик кучайганидан Канпирак деворига яна эҳтиёж пайдо бўлади ва у қайта тикланади. 

Араб халифалигидан мустақил фаолият кўрсатган Сомонийлар давлатига 874-йилда Исмоил Сомоний асос солади. Ўзининг қудрати, маънавий-маърифий ҳаётдаги ўрни билан машҳур бўлган бу ҳукмдор «То мен тирик эканман, Бухоронинг девори мен бўламан», дейди. Канпирак деворига эҳтиёж ҳам қолмайди. У тамоман харобага айланади. 

Айни вақтда Канпирак девори қолдиқлари Қизилтепа ва Кармана туманларида яхши сақланиб қолган. Ва айтиш жоизки, у Навоий вилоятининг 7 мўжизаси қаторидан жой олган.

Маҳлиё Холова 

тайёрлади.