Китоб инсон учун энг яқин ҳамроҳ, садоқатли дўст ва бебаҳо маънавий бойлик ҳисобланади. Кишининг маънавий дунёсини китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Шунинг учун бугунги кунда юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, доимо одамлар кўз ўнгида бўладиган, халқ билан бирга ишлайдиган ички ишлар органлари ходимларининг маънавиятини юксалтириш, уларни Ватанга ва халққа садоқат руҳида тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёс.
Мен бадиий асарлар ўқишни севаман. Айниқса, Фёдор Достоэвскийнинг «Жиноят ва жазо» романини қайта-қайта мутолаа қилиб тураман. Ушбу асар бадиий-ғоявий, ифодавий жиҳатдан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Роман
1866-йилда ёзилган бўлса-да, унда кўтарилган муаммолар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас. Романда ёритиб берилган ижтимоий масалалар китобхонни бутунлай ўзига ром қилади. Ҳар гал асарни ўқиганимда, унинг қайсидир янги жиҳатини кашф этаман.
Асарда ҳуқуқшунослик факулътетининг собиқ талабаси Родион Расколниковнинг гўёки ҳеч кимга фойдаси тегмайдиган, жирканч одамларни жамиятдан йўқотиш орқали инсониятнинг турмуш даражасини яхшилаш тўғрисидаги ўй-хаёллари ортидан мудҳиш жиноятга қўл урганлиги қизиқарли сюжет орқали кўрсатиб берилган. Унинг наздида, жамият ривожи учун ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган ўзи каби зийрак ва илмга чанқоқ талабалар амал-тақал қилиб кун кечираётган бир вақтда, судхўр кампир Алёна Ивановна одамларнинг чорасизлигидан фойдаланиб, бойлик кетидан бойлик топаётгани адолацизлик бўлиб кўринади. Бу адолацизликка чек қўйиш – кампирни ўлдириш режасини тузиб, бир неча бор ўз фикридан қайтади. Бироқ охири виждони чегарасидан чиқишга жазм этиб, қотилликка қўл уради.
Мен ҳар сафар Расколъниковнинг зийрак терговчи Порфирий Петрович билан бўлган суҳбатларини синчиклаб, диққат билан ўқийман. Терговчи собиқ талаба йигитнинг содир этган жиноятини унинг ўзи ёзган мақоласи асосида исботлаб беради. Бу айни пайтда ёзувчининг ҳам юқори даражадаги маҳорат эгаси эканлигидан далолат беради.
Асар якунида ёзувчи бош қаҳрамон ҳаёти орқали ҳеч бир олий мақсад инсон ҳаётидан устун эмаслиги, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслигини кўрсатиб берган. Мен жаҳон адабиёти дурдонаси бўлган «Жиноят ва жазо» романини нафақат касбдошларимга, балки барча китобхонларга ўқишни тавсия қиламан. Яна шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, мазкур асар менинг ҳаётимда ҳам, касбий фаолиятимда ҳам кўп бора қўл келган.
Шоҳрух АБДУСАЛОМОВ,
Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги
Тергов бошқармаси катта терговчиси, капитан.
