Маънавият ва маърифат дарси

(1-октабр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни)

Биз халқимизнинг энг катта бойлигини – миллионлаб фарзандларимиз, жондан азиз ўғил-қизларимизнинг тақдирини, Ўзбекистон истиқболини сизларга ишониб топширганмиз. Ва бу вазифани масъулият билан адо этиб келаётган сизлар каби фидойи инсонлар, келажак бунёдкорларига ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айцак, арзийди.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Ҳар қандай мамлакатнинг эртанги куни, келажаги таълимга қаратилаётган эътиборга боғлиқ. Бу ҳақиқатнинг исботини тараққий топган жамиятлар босиб ўтган йўллар мисолида яққол кўриш мумкин. Уларнинг барчаси таълим ва илм-фанни ривожлантиришни энг устувор ва муҳим вазифа, билимли, иқтидорли ёшларни олтин хазина деб билган.

Бугун мамлакатимизда бошқа жабҳалар қатори, таълим соҳасига бўлган қараш кескин ўзгарди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда илк бор ўқитувчи мақоми алоҳида белгиланиб, таълим тизимини ривожлантириш давлатнинг бош вазифалари сирасига киритилди. «Ўзбекистон – 2030» тараққиёт стратегиясидан таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича янги мақсад ва режалар ўрин олди. Ушбу устувор вазифаларнинг амалга оширилиши Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир янги авлоднинг етишиб чиқишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тизимга оид муҳим қонун ва дастурлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, кўплаб янги мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, касб-ҳунар билим юртлари барпо этилди. Буюк алломаларимиз, атоқли шоир ва адибларимиз номи билан аталадиган ижод мактаблари, табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар, «Темурбеклар мактаблари», Президент мактаблари каби мутлақо янги намунадаги замонавий таълим муассасалари иш бошлади. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди.

Олий таълим тизимида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилиб, янги олий ўқув даргоҳлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиаллари ташкил қилинди. Таълим ва илм-фан муассасаларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланди.

Ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги нуфузини юксалти­риш, соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини қадрлаш ва муносиб рағбатлантириш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Аввало, педагог ходимларни мажбурий меҳнатга, турли жамоатчилик ишларига жалб қилиш ҳолатларига чек қўйилди. Қолаверса, улар тайёрлайдиган ҳисоботлар, қоғозбозликлар сони кескин камайтирилди. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари кўпайтирилиб, олис ҳудудлардаги мактабларга дарс бериш учун жалб этилган юқори тоифали педагогларни моддий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди. Худди шунингдек, ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлган ўқитувчилар катта миқдордаги пул мукофотлари билан рағбатлантириб келинмоқда.

Билим ва салоҳиятини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлаган фидойи ўқитувчи ва мураббийлар «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими

ходими», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» каби фахрий унвонлар, шунингдек, давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. 

Ўқитувчи, тарбиячи ва мураббийлар, илм-фан соҳаси ходимлари учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш борасидаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилишига ишончимиз комил.

Фидойи устоз ва мураббийларнинг заҳматли меҳнатлари туфайли ёшларимиз фан-техника, маданият ва санъат, спорт соҳаларида катта ютуқларни қўлга киритаётгани барчамизга чексиз қувонч бағишлайди. Билимли, шижоатли ўғил-қизларимиз халқаро фан олимпиадаларида, нуфузли спорт мусобақалари ва санъат танловларида зафар қучаётгани таълим соҳасидаги ислоҳотлар самарасига далилдир.

Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга масъул тузилма – ички ишлар органлари тизимига қарашли таълим муассасаларида ҳозирги кунда кўплаб юқори малакага эга бўлган жонкуяр профессор-ўқитувчилар ва мураббийлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг муайян қисми олий тоифали, илмий даража ва унвонларга эга. Ўқитувчи ва мураббийлар самарали иш олиб бориши учун таълим масканларида барча шароитлар яратилган. Хизмат фаолиятида юксак натижаларга эришаётган педагог ходимлар муносиб рағбатлантириляпти. Бундан ташқари, соҳа фахрийлари ҳамда ички ишлар органларида хизмат қилаётган тажрибали ходимларнинг ёш кадрларни тарбиялаш борасидаги меҳнатларини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиздир.

Буюк аждодимиз Абу Наср Форобийнинг фикрича, «киши учун туб ғоя – саодатдир». Бу саодатнинг калити эса билим. Билим, таълим-тарбия инсонни ўзгартирса, маънавий бой, тафаккури юксак шахс жамиятни ўзгартиради. Демак, ўқитувчи инсон ва жамиятни ўзгартириш кучига қодир бўлган шахсдир.

Халқимиз ҳамиша устоз-мураббийларни эъзозлаб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келган. «Устоз ота каби улуғ» деган нақл ҳам бежиз айтилмаган. Ҳақиқатан ҳам, кўз нури, қалб қўрини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар – келажак яратувчиларининг меҳнати, матонати ва жасорати ҳар қандай юксак баҳога муносиб. Уларсиз биз, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, энг катта қашшоқлик – билимсизликка дучор бўлиб, энг катта бойлик – ақл-заковат ва илмдан, энг катта мерос – яхши тарбиядан мосуво қоламиз.

Камол ОЛЛОЁРОВ,

ўз мухбиримиз.