Маънавият ва маърифат дарси

Ҳаётимизга интернет кириб келиши, тараққиётнинг жадаллашуви олдимизга авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бебаҳо анъана ва қадриятларимизни асраб қолиш вазифасини қўймоқда. Мамлакатимизда бугунги куннинг энг долзарб масалаларини ҳал этиш борасида мақсадли қадамлар ташланмоқда. Галдаги вазифа эса уларнинг ижроси, амалиётга татбиқ этилишидир.

Кино санъатининг ёшлар тарбиясига таъсири ҳақида сўз бораркан, кўпчиликнинг тили учида турган гапларни айтишга бурчлимиз. Таъкидлаш жоизки, миллий кино санъатимизнинг энг катта аудиториясини ёшлар ташкил этади. Келажагимиз эгаларининг маънавиятини

оширишга, тарихий қаҳрамонлик, миллатимизга хос бўлган миллий жасорат, ватанпарварлик, юртга садоқат мавзуларида кинофилмлар яратишга катта эҳтиёж пайдо бўлган. Сабаби бугунги давр ёшлари тарбиясида бўшлиқлар бор, улар онгини, қалбини «оммавий маданият» эгаллашга улгурди. Ижтимоий тармоқлардаги каналларда қисқа метражли, саёз вайнлар кўрувининг ортиб бораётгани эса яна ташвишланарлидир.

«Тик-ток», «Инстаграм», «Тwиттер» ижтимоий тармоқ саҳифаларига кирган одамга, айниқса, бу яққол сезилади. Аслида виртуал тармоқ миллат ёшларининг ўзлигини намоён этиши учун чексиз майдон ҳисобланади. Лекин ундаги маънисизлик, тарбиясизликдан кўнглингиз озади, енгил-елпи қўшиқлар, роликларни кўришга иштиёқмандлар кўп. Бу имкониятдан унумли фойдаланаётганлар ҳам бор, лекин улар озчиликни ташкил этади.

Ёшлар қалбида миллий ғурурни уйғотиш, ўз аждодларидан фахрланиш, тарихимизни чуқур ўрганишга бўлган қизиқишни пайдо қилиш кино­ижодкорларимиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Афсуски, киноларимиз ва сериалларимизда маиший мавзулар, қайнона-келин, эр-хотин можаролари етакчилик қиляпти. Ғарб киносериаллари таъсириданми, саҳнадаги ҳаёт шахсий ҳаётимизга кириб келаётгандек. Ахир, бугун дастурхон атрофида телевизор орқали кўрсатилаётган оилали эркак ёки аёлнинг хиёнати, иккинчи хотиннинг изтироб­ларини жимгина кўряпмиз. «Иқрор», «Қил устидаги тақдирлар», «Тугун», «Мени асра», «Қора бева», «Бағритош», «Кўнгил», «Йиғлаган қизлар», «Парихона», «Дайди қизнинг дафтари» каби кўплаб сериалларимиз томошабинлар қалбини забт этган бўлса-да, афсуски, улар ҳақида ижобий фикр айтиб бўлмайди.

Ҳар бир даврда катталар ва ёшларнинг ахлоқ-одоб мезонлари ўртасида тафовут бўлган. Ёшлар тарбияси бузилиб кетаётгани, улар миллий қадриятларимизга эскилик сарқити сифатида қараётгани, чиройли кийиниш, қимматбаҳо уловлар миниш, енгил-елпи ҳаётга интилаётгани ҳақидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинади. Шунча гаплар гапирилавергани билан амалий ишлар қилинмаса, барча уринишларимиз бефойда бўлиб қолаверади. Лекин бугун ёшларимизнинг тарбияси масаласи ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамият касб этаётганини англашимиз керак.

Корейс киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Жумонг», «Сарой жавоҳири» каби тарихий кинолари ўзбек томошабинлари қалбини забт этди. Ҳатто ёшлар ўртасида киноактёрларга тақлид қилиб кийиниш, улардек бир сўзли, қатъиятли бўлишга интилиш кузатилди.

Айнан бугунги кунга келиб миллатимиз тарихида бутун дунё тан олган буюк шахслар ҳақида сериаллар яратишга катта эҳтиёж сезилиб қолди. Жалолиддин Мангуберди жасорати, соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг саркардалик ва давлат бошқарувидаги моҳирлиги, Спитамен, Широқ, Темур Малик каби тарихий қаҳрамонларнинг мардлиги, илми, маънавий салоҳияти бутун дунёда ўрганилаётган алломаларимиз – имом Бухорий, Мотурудий, Замахшарий, Навоий, Авлоний, Фитрат ва бошқа яна юзлаб тарихий шахслар ҳақида киноасарлар олинишига саъй-ҳаракатлар бошланди.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида 2023-йилнинг 22-декабр куни маънавият ва маданият фаоллари, адабиёт ва санъат намояндалари иштирокида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият устувор масала экани, ижтимоий соҳани ривожлантириш учун энг кўп – 134 триллион сўм маблағ ажратилгани таъкидланди. Маданият ва санъат соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми 2017-йилга нисбатан 5 карра ошиб, 2023-йилда бу мақсадлар учун 712 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани айтилди.

Эътироф этиш керакки, кино санъатида ҳам янги асарлар пайдо бўляпти. Буюк саркардалар, улуғ алломалар ҳақида тарихий филмлар яратилди. Қарийб чорак асрдан кейин Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди.

Президентимиз таъкидлаганидек, «Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур».

Шу мақсадда маърифатпарвар боболар ғояларини ўрга­ниш ва ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилиниши белгиланди. «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонун қабул қилингани эса соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Шунингдек, кино соҳасида «Тирик тарих» сериясида Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган филмлар яратиш дастури ишлаб чиқилиши, ушбу лойиҳага хорижий ижодкорлар, кино компаниялари ҳамда инвесторлар жалб этилиши ҳам соҳани ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, болалар учун буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион филмлар яратилади.

Миллат ёшларини соғлом фикрли этиб тарбиялаш, маънавият масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада манзилли чора-тадбирлар режасини амалга ошириш арафасида турибмиз. Уни амалиётга татбиқ этишда эса ҳар биримиз бефарқ бўлмаслигимиз, эзгу мақсадларнинг иштирокчисига айланишимиз зарур.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.